Хабарингиз бор, кеча – 11 февраль куни Coca-Cola Суперлиганинг 2022 йилги мавсумига қуръа ташлаш маросими ўтказилди. Унга кўра, “Навбаҳор” дастлабки тур ўйинини Наманганда Қаршининг “Насаф” клубига қарши ўтказадиган бўлди. Шу муносабат билан “Навбаҳор” клуби бош мураббийи Самвел Бабаяннинг қуръа ҳақидаги фикрларини билишга қизиқдик.
- Кимга қайси жамоа рақиб бўлиши, мавсумни қайси жамоага қарши бошлаш муҳим эмас, барибир, барча иштирокчилар “уй-сафар” тизимида ўзаро иккитадан ўйин ўтказишади. Қуръа 1-турда бизга “Насаф”ни рўбарў қилди. Бу чемпионатимизнинг ўзига хос хусусиятларга эга, кучли жамоаларидан бири, қаршиликлар сўнгги йилларда барқарор натижаларга эришиб келишмоқда. Асосийси, ареналарга катта футбол қайтмоқда ва мухлислар севимли жамоалари ўйинидан баҳраманд бўлишлари мумкин. Биламан, энг самимий ва фидойи ишқибозларимиз мавсумнинг дастлабки расмий учрашувини интизорлик билан кутишмоқда. Суперлига жамоаларининг таркибларини сезиларли кучайтиришаётгани, мавсум тайёргарликлари қизғин кечаётганидан келиб чиқсак, чемпионат қизиқарли курашларга бой тарзда кечишини тахмин қилиш қийинмас. Барчамиз футбол байрами бошланишини кутяпмиз, - деди Самвел Вячеславович.