«Челси» бош мураббийи вазифасини бажарувчи Роберто Ди Маттео «Уиган»га қарши Англия Премьер-лигаси 32-тур учрашувидан сўнг ўз фикрлари билан ўртоқлашди. Бу ҳақда «BBC News» хабар бермоқда.
Эслатиб ўтамиз, «Челси» ва «Уиган» ўртасидаги баҳс 2:1 ҳисобида лондонликлар фойдасига ҳал бўлди. Учрашувдаги ғалаба тўпи ҳакам томонидан ўйиннинг асосий вақтига қўшиб берилган иккинчи дақиқада Хуан Мата томонидан урилди.
«Уиган»га омад кулиб боқмади. Мен жамоамизнинг биринчи голи билан боғлиқ такрорий вазиятни кўрганим йўқ, шунинг учун ҳам у ерда ўйиндан ташқари ҳолат бўлган-бўлмагани ҳақида бирор фикр билдира олмайман. Бу вазиятда рақиб футболчилари ҳакам билан баҳслашишганини кўрдим, аммо ҳозир бу масалани муҳокама қилишга тайёр эмасман», деди италиялик мутахассис.
«Бугунги ўйинда қайд этилган натижа бизни Чемпионлар лигаси йўлланмаси учун курашимизни сақлаб қолди ҳамда бу борадаги рақибларимизга босим ўтказади», дея қўшимча қилди «Челси» устози.
«Афсуски, Премьер-лигадаги ҳозирги ҳолатимиз бизга қоқилишимиз учун имкон бермайди. Шунинг учун ҳам бугунги ғалабадан икки ҳисса хурсандмиз. Ҳа, ўйинимизни ёрқин ва ажойиб деб бўлмайди, аммо жамоадаги характер кучи, жамоавий руҳи ва ўзига ишончни олиб қўйиб бўлмайди», деди «Челси» бош мураббийи вазифасини бажарувчи Роберто Ди Маттео.