«Вест Хэм» устози Дэвид Мойес АПЛ доирасида «Лестер» (2:2) жамоасига қарши ўйиндан кейин Курт Зума нима учун асосий таркибдан олиб ташлангани ҳақида тушунтириш берди.
Франциялик футболчи учрашув қайдномасида асосий таркибдан жой олганди, бироқ, ўйин бошланишига 15 дақиқа қолганида унинг ўрнига Исса Диоп қайдномага киритилди.
«У ўйингача касал эди, лекин майдонга тушишни хоҳлаганди. Биз ҳам уни ўйнашини хоҳлагандик. У кечаси ўзини ёмон ҳис қилди, футболчилардан узоқлашди ва овқат емади.
Чигалёзди машғулотларини ўтказаётганида майдонга туша олмаслигини англади. Шундан кейин Диопга тайёргарлик кўришини айтдик. Зума овқатни ҳазм қилишда муаммога дуч келди, афтидан нотўғри овқатланган шекилли.
Умид қиламанки, биз «Вест Хэм»га нисбатан қарашларни ўзгартирдик. Бизда ўсишни хоҳлайдиган ёш, яхши жамоа бор.
Биз бу каби ишлар барча қилинган ижобий ишларимизга соя солишига йўл қўймаслигимиз керак.
Мураббий ва футболчилар ҳам хато қилади. Ўша воқеадан кейин Курт кечиришларини хоҳлаяпти ва у аллақачон узр сўраган», – деди Мойес.