Шу йилнинг 24-25 февраль кунлари Ливанда қишки спорт турларининг тоғ чанғиси йўналиши бўйича Осиё чемпионати бўлиб ўтди. Мусобақада қитъамизнинг 10та давлатидан жами 86 (шундан 52 нафари эркак, 34 нафари аёл) спортчи ғолиблик учун баҳс олиб боришди.
Унда Ўзбекистон шарафини Пекин-2022 қишки Олимпия ўйинлари иштирокчиси Комилжон Тўхтаев, Лозанна-2020 ёшлар Олимпиадаси қатнашчиси Валерия Ковалёва сингари жами 7 нафар спортчимиз ҳимоя қилди. Таъкидлаш жоиз, вакилларимиз қитъа чемпионатида бош мураббий Андрей Воронов бошчилигида муносиб иштирок этишди.
Қувонарлиси, XXIV қишки Олимпия ўйинлари иштирокчиси Комилжон Тўхтаев слалом машқида олтин ҳамда гигант слалом машқида кумуш медалларни қўлга киритди. Айтиш жоиз, барча якуний натижалар спортчиларнинг фақат биринчи уринишида қайд этган кўрсаткичига қараб ҳисобланди. Анча ноқулай иқлим шароитлари туфайли иккинчи уриниш бекор қилинди, – деб хабар берди Ўзбекистон чанғи федерацияси раҳбарияти.
Вакилларимизнинг мусобақада қатнашиш билан боғлиқ барча сарф-харажатлари Спортни ривожлантириш вазирлигининг Республика календарь режасида назарда тутилган маблағлар ҳисобидан молиялаштирилди.