Суперлига-2022 дастлабки тури доираси «Динамо» жамоаси Самарқандда мамлакатнинг амалдаги чемпиони, Ўзбекистон Суперкубоги соҳиби «Пахтакор» жамоасини қабул қилади. Ўйин олдидан байрамона концерт ва очилиш маросими ўтказилади.
Ўйинни Вадим Агишев бошқариб боради
ПФЛ Суперлига 1-тур учрашувларини бошқариб борадиган ҳакамлар рўйхатини эълон қилди. Унга кўра, 1-тур доирасида Самарқандда ўтадиган баҳсни тошкентлик Вадим Агишев бошқариб борадиган бўлди.
Суперлига. 1-тур
3 март (пайшанба)
Динамо – Пахтакор
Ўйин бошланиш вақти: 18:30
Ҳакамлар: Вадим Агишев, Ришат Нугманов, Дониёр Сайлалов, Найим Қосимов
Назоратчи: Константин Смирнов
Комиссар: Шоҳрух Саид
Ҳозирги ҳолат
“Пахтакор” жамоаси мавсумни 27 февраль куни Ўзбекистон Суперкубоги учун кечган “Насаф”га қарши ўйин билан бошлади. Македониялик мутахассис Славче Войнески мураббийлигидаги Тошкент клуби Яйпанда кечган учрашувда “Насаф”ни мағлуб этиб (1:0), навбатдаги Суперкубок эгасига айланди.
“Пахтакор” мавсум олдидан одатдагидек Туркияда тайёргарлик олиб борди. “Динамо” жамоаси ҳам 3-24 февраль кунлари Туркиянинг Анталия шаҳрида янги мавсумга ҳозирлик кўрди.
Ўзаро ўйинлар
Олий Лига тарихида “Динамо” ва “Пахтакор” жамоалари 48 марта учрашишган. Баҳсларнинг 37тасида “Пахтакор”, 6тасида эса “Динамо” ғалаба қозонган, 5та ўйин дуранг билан якунланган. “Динамо” ва “Пахтакор” ўртасидаги Самарқанддаги сўнгги ўйин 2019 йилда ўтиб, ўшанда 1:4 ҳисоби қайд этилган. Тошкентдаги 1-даврада ўтказилган ўйинда эса 2:0 ҳисобида “Пахтакор” ғалаба қозонган.
Кимлар майдонга тушмайди?
Бугунги баҳс олдидан икки жамоа ҳам жанговар тайёргарликка эга. “Пахтакор” таркибида йўқотиш йўқ, мураббий барча футболчиларни майдонга тушириши мумкин. “Динамо” бош мураббийи Предраг Роган эса “Насаф”дан ижара олинган ҳимоячи Жўрабек Манноновни майдонга тушира олмайди. Сабаби ушбу ўйинчи ўтган мавсум якунида “Насаф” сафида қизил карточка олгани сабабли, “Пахтакор” билан баҳсни ўтказиб юборишига тўғри келади.