Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Афсонанинг афсонавий қайноғаси

Баҳо:
+ | -

Марио Жардел. Бу ном ёш футбол мухлислари учун оддий исм-шарифдан бошқа ҳеч нарсани англатмаслиги мумкин - 90-йиллар ва янги аср аввалида бразилиялик футболчи Европанинг иккинчи даражали лигаларида, айниқса, Португалия ва Туркияда тўп сурганди. 2000 йилнинг ёзида уни «Галатасарой» турк футболи учун ўта йирик маблағ - 20 млн. доллар эвазига ўз таркибига қўшиб олганди. Ана шу рекорд ҳамон Истанбул грандининг энг қиммат хариди бўлиб қолмоқда.

Форталезеда дунёга келган бўлажак ҳужумчи профессионал футболдаги илк қадамини «Васко да Гама»да қўйди. Лекин футбол жамоатчилиги эътиборини «Гремио»да қозонди.1995 йилдаги Либертадорес кубоги ва нуфузли турнирнинг энг яхши тўпурари (12та гол) унвонларига Марио шу жамоа таркибида сазовор бўлди. Ана шу муваффақият Жардел учун Европа футболи йўлланмаси вазифасини ўтади. Уни «кўҳна қитъа»да синовдан ўтказиш 1996 йилда «Порту» клубига насиб этди.

«Аждаҳолар» сафидаги 4 йил ичида 3 мартадан Португалия чемпионлиги ва Суперкубогига, 2 марта Португалия кубогига сазовор бўлди. Умуман, ҳужумчи «Порту»га 125 учрашувда 130та гол совға қилди ва 1999/2000 йиллар мавсумида Лондоннинг «Арсенали» устидан қозонилган шов-шувли ғалаба эвазига УЕФА кубогини қўлга киритган «Галатасарой» клубига йўл олди. Унинг турк жамоасидаги дебюти эса ўта муваффақиятли бўлди - Марио «Эрзурумспор» дарвозасини 5 марта ишғол этди. «Шерлар» таркибидаги 43 учрашувда 34та гол уриш орқали Жардел мухлислар ёқимто­йига айланди.

Бироқ «Галатасарой» мавсумни 2-ўринда якунлади, айни шу паллада ҳужумчи «Спортинг»дан таклиф олгач, Португалияга қайтишга қарор қилди. 6 млн. евро эвазига лиссабонликлар сафига қўшилган Марио 2 йилда Португалия чемпионлиги ва Суперкубогини қўлга киритди. Шу давр ичида у 56 марта майдонга тушиб, 59та гол урди!

Шундан кейин бразилиялик снайпер ўз омадини Англияда синаб кўришга аҳд қилди. Лекин «Болтон»даги фаолияти қисқа ва самарасиз ўтди. Шу боис, Жардел Италия («Анкона») ва Испанияда («Алавес») ўз ўрнини топишга уриниб кўрди. Уринишлари зое кетган ҳужумчи 2011 йили Бразилиянинг «Рио Негро» клубида бутсаларини михга илгач, мухлислар хотирасидан кўтарилди...

Бироқ португалияликлар Жарделни унутишмаган. У нафақат «Порту» ва «Спортинг»даги сермаҳсул ўйинлари, балки шахсан Криштиану Роналду билан қариндошлиги билан ҳам машҳур. Айтишларича, Марио португалиялик даҳонинг қайноғаси экан. Миш-мишларнинг қанчалик ҳақиқат, қанчалик ривоят эканлигини аниқлаш мушкул. Шу боис, турли даврларда чоп этилган хабарларга мурожаат қилдик...

Хуллас, Марио Жардел «Спортинг» либосида тўп сурган 2001-2003 йиллар. Айнан шу даврда навқирон ва келажаги порлоқ Роналду лиссабонликларнинг асосий жамоасига жалб этилаётганди. Аслида 20 йил аввалги маълумотларни текшириш осон эмас. Унга биноан, Марио Криштиану билан ёнма-ён хонада истиқомат қилишган ва ўзаро яхши муносабатда бўлишган. Гап Роналдунинг айни балоғатга етган, бу қадар ёрқин фаолият юритиши хаёлига ҳам келмаган давр ҳақида кетмоқда. Ўша даврда яшил майдон билан биргаликда, бошқа «фронт»ларда ҳам зафар қучишни истаган футболчига тақдир «Спортинг»нинг энг ёрқин юлдузи бўлган Жарделнинг синглиси Жордана Рибейрони тақдим этган.

Криштиану билан Жордана ўртасидаги муносабатлар ҳеч қачон очиқ-ошкор бўлмаган, аммо анча жиддий эди. Жордана португалиялик бўлажак юлдузнинг онаси билан танишишга ҳам улгурган, ҳатто ёнма-ён суратга тушишга ҳам улгурган. Бу ҳақда Марио 2019 йилдаги интервьюсида гапирганди. Айнан шу сабабли Португалияда Марио Жардел Криштиану Роналдунинг қайноғаси эканлиги хусусида гап-сўзлар тар­қаганди. Ҳақиқат шуки, «МЮ» ҳужумчиси билан «Спортинг» собиқ тўпурарининг синглиси ўртасидаги яқинлик оила даражасига кўтарилмади. Айни паллада Жордана Швейцарияда қизи билан истиқомат қилмоқда ва мода масалалари бўйича маслаҳатчи сифатида ишламоқда. Марионинг интервьюсидан кейин бразилиялик журналистлар Жорданани топишга уриниб кўришди. Бироқ у 20 йил аввалги воқеаларни изоҳлашдан бош тортди. Шу тариқа мазкур масалада Марионинг айтганларидан бошқа ишончли маълумот йўқ.

2003 йилда «Спортинг»ни Жардел ҳам, Роналду ҳам тарк этишди. Уларнинг иккови ҳам Англияга йўл олишганди: Марио «Болтон»га, Криштиану «МЮ»га. Лекин кейинги фаолиятлари турлича кечди. Бунинг ажабланарли ери йўқ, ўшанда португалиялик 18, бразилиялик афсона эса 30 ёшда эдилар. Лекин Жардел якка тартибдаги нуфузли совринлардан бири бўлган «Олтин бутса»ни бир мартадан кўпроқ қўлга киритган 11 нафар снайперлар рўйхатидан жой олган. Европанинг энг яхши тўпурари совринига у 1999 ва 2002 йилларда сазовор бўлганди.

Умуман олганда, Марио нафс балосини жиловлай олмагани туфайли ёрқин фаолияти ва ҳаётини барбод қилди. Эҳтимол, «Спортинг» базасида у билан қўшни бўлган Криштиану Роналду бразилиялик касбдошининг аянчли ҳолатидан тўғри хулоса чиқариб, футбол тарихидан абадий жой олиш учун кўп нарсалардан воз кечиш кераклигини тушуниб етгандир. Яқинда Жарделнинг ўзи бангилик оқибатида ўлимга яқинлашиб қолгани ва гиёҳвандлик балосидан қутулиш учун узоқ вақт муолажа олишга мажбур бўлганлигини таъкидлаганди.

«Спортинг»даги асосий қаҳрамон сифатида профессионал савиядаги ўйинни намойиш этган даврим - 2002 йилда кокаин истеъмол қилиб, 7 кун ухлай олмадим. Мени кўриб, эшитиб турганлар учун бу аччиқ сабоқ бўлсин, бундай қилиш мумкин эмас. Хайриятки, омадим келиб, ҳаммаси яхши тугади, тирик қолдим. Нафсим ҳар куни гиёҳванд моддани қўмсарди. Бундан ташқари, қаерга боришимдан қатъий назар, ичкилик таклиф қилишарди. Мен эса ўзимни ундан тия олмасдим. Ўзимни руҳан поклашим, муаммоларимни жамоатчиликка ошкор этишим кераклигини фақат энди тушундим», - деди Жардел.

Бразилиялик афсонанинг айтишича, гиёҳванд моддани у 1996 йилда, «Гремио»дан «Порту»га ўтганидан кейин татиб кўрган. Шундан бери узоқ йиллар давомида даволанган, Европадаги допинг-текширувлардан қўрққанлиги сабабли, кокаинни асосан таътил даврида қабул қиладиган бўлганди.

Бразилиялик жамоадошининг муаммоларини португалиялик касбдоши билармиди? Бу борада маълумот йўқ. Лекин Роналду тўғри йўлни танлади ва Жарделга нисбатан кўпроқ муваффақиятларга эришди. Шу сабабли Мариони фақат ашаддий мухлислари ва яқинлари унутишмаган, Криштиануга оид ҳурмат-эҳтиром эса Пеле, Марадона, Ди Стефано ва Кройфларники каби узоқ йиллар сақланади.

МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 08:30, 07.03.2022.
Ўқилди: 3027 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.