Суперлиганинг 2-турида уч йиллик танаффусдан кейин мухлислар яна “ўзбек эл-класико”сига гувоҳ бўлишади.
Чемпионатларимиздаги энг жиддий қарама-қаршилик саналган "Пахтакор" ва "Нефтчи" тўқнашуви Тошкентда бўлиб ўтиши белгиланган. Ҳар икки клуб ўзаро ўйинларда бир-биридан кўп очко тортиб олгани ҳам жамоаларнинг ўзаро ўйинга қандай муносабатда бўлишини кўрсатади.
Жамоалар чемпионатлар тарихида 54 ўйин ўтказишган. Кичик устунлик "Пахтакор" тарафида - 25 ғалаба, 9 дуранг ва 20 мағлубият. Рақиб дарвозасига 91 тўп киритган "шерлар" 67 тўп ўтказиб юборишган. Тошкентдаги беллашувларнинг 20тасида "Пахтакор" устун келган бўлса, 5 баҳсда фарғоналиклар ғалаба қозонган. Икки ўйин дуранг билан тугаган. Тошкентда кечган охирги 14 учрашувда "Нефтчи" фақат биргина беллашувда гол ура олган. Тошкент жамоаси ўз майдонидаги тўқнашувларда 58 гол урган ҳолда 16 тўп ўтказиб юборган. "Пахтакор" 10 бор рақибни йирик натижа билан доғда қолдиришга эришган бўлса, "Нефтчи"да бундай ғалабалар сони учтани ташкил қилади.
Шунингдек, клублар Ўзбекистон Кубогида 15 учрашув ўтказган ва "Пахтакор" уларнинг 12тасида устун келган. 3 беллашувда Фарғона клуби ғолиб бўлган. "Пахтакор-79" хотира турнири ва "Тошкент халқаро турнири" финалларида ҳам жамоаларнинг тўқнашуви рўй бериб, уларнинг барчасида “шерлар”нинг устунлиги кузатилган.
"Пахтакор"нинг энг йирик ғалабаси 6:0, "Нефтчи"да эса 4:0 ҳисобланади. Рустам Дўрмонов ўзаро учрашувларда 12 тўп киритган. Шуҳрат Мақсудов эса ҳар икки жамоа таркибида гол урган ягона ўйинчи саналади.
"Пахтакор" ва "Нефтчи" ўртасидаги тўқнашув 10 март, пайшанба куни "Пахтакор" стадионида соат 18:30да бошланади.