ОАВда бирор-бир футболчининг трансфери ҳақидаги миш-мишлар ҳар дақиқада айланади. Аммо гап муайян шахс хусусида борганда, қизиқиш мутлақо ўзгача бўлади. «Наполи» ярим ҳимоячиси Фабиан Руис шундай гап-сўзлар қаҳрамонига айланди.
Фабиан - «Бетис» тарбияланувчиси. 2004-2018 йиллар мобайнида Севилья клуби тизимидаги барча ёш тоифасидаги жамоаларда ўйнаган, 2017 йилда «Эльче»да ижарада тўп сурган. 2018 йилнинг ёзида «Наполи» билан 5 йиллик шартнома имзолади, келишув суммаси 30 млн. еврога баҳоланди. Руиснинг битими 2023 йилнинг ёзигача мўлжалланган.
2015 йилдан Испаниянинг U19 ва U21 термаларида тўп сурди, сўнгра, 2019 йилда мамлакатнинг миллий жамоасидан чақирув олиб, 15та ўйинда 1та гол урди. Европа чемпионати-2020да учта учрашувда майдонга тушиб, умумий ҳисобда 67 дақиқа ўйнади. Ўтган йилнинг мартида жаҳон чемпионати-2022 саралаш баҳсларида 2та ўйинда қатнашганидан кейин мундиал саралашида терма «заявка»сига бошқа киритилмади.
Умумий ҳисобда Руис фаолияти давомида ўтказган 211та ўйинида 22та гол ва 21та самарали узатма муаллифига айланди. Ўртача ҳисобда майдонда 73 дақиқа тўп суради, мураббийлар баъзан ундан таянч ва ҳужумкор ярим ҳимоячи позицияларида фойдаланишади.
«Барселона»
Айнан Каталония клуби (ОАВ маълумотларига кўра), Руисни сотиб олишга асосий даъвогар ҳисобланган. Ҳар ҳолда, «Барса» испаниялик футболчини қўлга киритишга бир неча бор ҳаракат қилган, дея хабар берди Mundo Deportivo. Манбага кўра, каталонияликлар хавбекни уч марта сотиб олишга уринган - 2019, 2020 ва 2021 йилларда. Бироқ Неаполь клуби президенти Аурелио Де Лаурентис барча таклифларни рад этган. «Наполи» Руис учун 60 миллион евро сўраган, «Барса»дагилар эса футболчи ушбу суммага муносиб эмас, деб ҳисоблашган.
«Реал»
Машҳур италиялик журналист ва инсайдер Николо Скиранинг тасдиқлашича. Руисга «Реал» ҳам бефарқ эмас. Хабарларга кўра, мадридликлар бош мураббийи Карло Анчелоттига ушбу хавбекнинг ўйини ёқади. «Қаймоқранглилар» ва Руиснинг вакиллари ўртасидаги музокаралар кутиш босқичида.
Аксарият манбалар Фабианнинг Испанияга қайтишни хоҳлаётганидан дарак берди, бу эса «Барса» ва «Реал» учун айни муддао бўлиши мумкин. Унинг шартномаси 2023 йилнинг ёзида тугашидан келиб чиқсак, жорий мавсум хавбекнинг трансфери арзонроққа тушади.
«Ньюкасл»
«Ҳаккалар» ўтган қишда кимларни сотиб олишга уриниб кўришмади, дейсиз. Руис ҳам бундан мустасно эмас. Corriere dello Sport хабарига кўра, «Наполи» Фабианнинг трансфери учун «Ньюкасл»дан тушган 40 миллион фунтлик таклифни рад этди.
«Арсенал»
The Mirror маълумотида қайд этилишича, Лондон клуби вакиллари Руиснинг агенти билан учрашув ташкил этиб, футболчининг талабларини ўрганишди. Ушбу манба Фабианнинг «Наполи» билан янги келишув имзоламоқчи эмаслигини тасдиқлади, бу эса Неаполь клуби раҳбарияти вазиятни тўғри баҳолашига туртки бўлиши мумкин: келгуси ёз Фабиан эвазига яхшигина суммани қўлга киритиш имконияти мавжуд.
«Манчестер Юнайтед»
Руисга «қизил иблислар»нинг қизиқаётгани ҳақида La Repubblica нашри хабар тарқатди. Ушбу маълумотларга ишонадиган бўлсак, «МЮ»да июнь ойида шартномаси якунланадиган Поль Погбанинг ўрнини эгаллайдиган номзодлар кўриб чиқилмоқда. Манбага кўра, «Юнайтед» Фабианни ёзги трансферлар ойнасидаги асосий «нишон» сифатида кўрмоқда.
«Ливерпуль»
Декабрда Fichajes нашри мерсисайдликларнинг Руисга қизиқаётгани ҳақида ёзди. Уларнинг маълум қилишича, Англия клуби раҳбарлари «Наполи» хавбекини ярим ҳимоя марказини кучайтириш учун идеал вариант сифатида кўришмоқда. «Ливерпуль» Фабиан бўйича шу йилнинг ёзида трансфер таклифи жўнатиши мумкин.
Ва бошқалар...
Шунингдек, Руиснинг номи бир неча бор «Манчестер Сити», «ПСЖ» ва «Атлетико» жамоалари билан ёнма-ён қайд этилди. Катта эҳтимол, Европанинг қатор топ-клублари ушбу хавбекни қўлга киритиш вариантларини кўриб чиқишда давом этмоқда, аммо аввалроқ узоқ муддатли шартнома ҳамда неаполликлар раҳбариятининг қатъий позицияси сабаб ўтишнинг амалга ошиши имконсиз эди. Энди эса Фабианнинг «Наполи» билан шартномани узайтиришни истамаётгани мазкур жараёнда алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Transfermarkt портали Руисни 55 млн. еврога баҳоламоқда. Хавбекнинг энг юқори нархи 2019 йилга тўғри келиб, 60 млн.га тенг бўлган, 2021 йилда эса кўрсаткич 44 млн.гача тушиб кетганди. Кейинчалик рақамлар босқичма-босқич аввалги ҳолига қайта бошлади.
Руиснинг ўзи эса яқинда, Европа Лигаси 1/16 финали доирасидаги «Барселона»га қарши ўйин арафасида берган интервьюсида ўзига дунё грандлари томонидан бўлаётган қизиқишлардан мамнунлиги, аммо ҳозир фақат ўз клуби ҳақида ўйлаётганини таъкидлади: «Албатта, шундай клублар «совчи» бўлаётганини эшитиш ёқимли. Бироқ айни пайт фақат «Наполи» ҳақида ўйлаяпман, зеро олдинда бизни муҳим вазифалар кутиб турибди. Испанияга қайтиш эҳтимоли? Бу фикр ҳар доимда миямда айланади. Келгусида шундай бўлишини хоҳлайман, ахир у ер менинг уйим».
Ў.УМАРОВ тайёрлади