«Челси» эгаси бўлган Абрамович 10 миллиард фунт-стерлинг (12,5 миллиард доллар)га эгалик қилади. Унинг Буюк Британиядаги барча активлари айни дамда музлатиб қўйилган. 55 ёшли рус сармоядори Россиянинг Украинага ҳужуми оқибатида «Челси»га эгалик қилишдан, қолаверса, Англиядаги 152 миллион фунтлик кошонасидан айрилди. Абрамович ҳозирга қадар бир гуруҳ денгиз кемаларига ҳам эгалик қилиб келган. Уларнинг сўнггиси ўтган йили қуриб, фойдаланишга топширилган эди («SOLARIS»). Ушбу яхтанинг қиймати 430 миллион фунтга тенглиги айтилади.
Жами саккизта палубадан ташкил топган замонавий муҳандислик маҳсулида вертолёт қўниши учун зарур бўлган махсус майдон ҳам мавжуд. Кема Германиянинг Бремерхафен шаҳрида, «Lloyd Werft» кемасозлик бирлашмаси томонидан барпо этилган. Уни қуриш жараёнлари Букингем майдонидан каттароқ бўлган ҳудудда амалга оширилади. Қуйида шу каби Роман Абрамович эгалик қил(ади)ган бир нечта супер кемалар ҳақида гап боради.
«ECLIPSE»
Миллиардернинг «Eclipse» деб номланган кемасида замонавийликнинг ҳамма деталлари акс этган. Абрамович ундан энг кўп фойдаланади. Айтишларича, кеманинг қиймати 1 миллиард фунт-стерлингга тенг экан. У 2010 йилда қурилган. 2015 йилда эса капитал реконструкция қилинади. Энг қизиғи, ушбу кемада ўзини-ўзи ҳимоялаш тизими мавжуд. «Eclipse» ҳужумга учрагудек бўлса, унинг ҳаво-ракета мудофаа бўлими автоматик ҳимояга киришади. Ушбу кемада 24 та кабина, 2 та чўмилиш бассейни, сауна, тунги клуб, кинотеатр, конференциялар зали ва ҳатто салонлар ҳам бор.
«LE GRAND BLEU»
Қиймати 135 миллион фунтга тенг бўлган кема бир пайтлар Абрамовичнинг севимли «ўйинчоғи»дан бири эди. Унинг ичидаги люкс хоналар 20 тагача меҳмонни ўз бағрига сиғдира олади. Ҳайратланарлиси шундаки, чўкиш хавфи деярли бўлмаса ҳам, кемада кўплаб қайиқлар жойлашган. Ушбу архитектура намунаси кичик, аммо қулайликларга бойдир. Ҳозирда кемага Абрамовичнинг яқин дўсти Евгений Швидлер томонидан эгалик қилинади.
«SUSSURRO»
Айни дамда сотувга қўйилган кема, бундан 20 йил олдин барпо этилганди. Унинг тақрибий нархи 16 миллион фунтни ташкил этади. «SUSSURRO» «Feadship» компанияси томонидан қурилган бўлиб, ўлчами 163 футга тенг. Унда 12 та меҳмонни сиғдира оладиган 6 та люкс кабиналар бор. Жуда кам фойдаланиладиган кема, айрим хабарларга кўра, Абрамовичнинг собиқ хотини Ирина Маландинага берилган. Унинг мотори 15 минг от кучига тенг ва 46 кнот тезликда ҳаракат қилади.
«ECSTASEA»
110 миллион фунт атрофида баҳоланган кема, айни дамнинг энг тез ҳаракатлана оладиган транспортларидан биридир. Унинг моторида 43 минг от кучи мавжуд, ўлчами эса 282 футга етади. Абрамович ушбу кемага 2004 йилдан 2009 йилгача эгалик қилади. 2009 йилда эса покистонлик бизнесмен Алшайир Фиязга сотиб юборган. Конструкция ичида люкс даражадаги шароитда 14 та меҳмонга жой топилади. Шунингдек, кемада иккита вертолёт қўниш майдончаси мавжуд. «Ecstasea» 2019 йили Кариб денгизида кичик ҳалокатга учраб, таъмирталаб аҳволга келиб қолган эди.
«PELORUS»
Умумий баҳоси 270 миллион фунтни ташкил этувчи кема, 2003 йилда қуриб битказилади. 377 фут ўлчамга эга бўлган «Pelorus», 2004 йилга қадар арабистонлик бизнесмен ихтиёрида бўлган. Абрамович 2005 йилда ўз кемасини Жон Терри ҳамда Френк Лэмпардга дам олишлари учун икки ҳафтага ижарага беради. Чунки ўша мавсумда «Челси» АПЛ чемпиони бўлганди. 2007 йили эса кема Жон Терри ва унинг аёлига асалойини мароқли ўтказиш учун хизмат қилган. Шундан кейин, бир муддат рус олигархининг собиқ хотини Ирина ихтиёрига ўтган кема, 2011 йилда америкалик фильм режиссори Дэвид Гаффенга пулланади.
«ЛУНА»
Ҳозирда дунёнинг иккинчи рақамли экспедицийон кемаси бўлган «Луна», Абрамовичга 2010 йилда етказиб берилган. Кема ичида ҳар бири 100 метр квадратдан бўлган 10 та VIP кабина ҳамда 20 метрлик бассейн мавжуд. Шунингдек, «Eclipse» каби ушбу яхтада ҳам ҳаво-ҳужумига қарши ҳимоя тизими бор. Кема 2014 йилда озарбойжонлик миллиардер Фарход Аҳмедовга 210 миллион фунтга сотиб юборилган.
Жалолиддин ИСМАТОВ таржимаси