2021 йилда «France Football» катта обрўсини йўқотди. «Олтин тўп»нинг Лионель Мессига топширилиши ва Роберт Левандовскининг ютуқларини четга суриб, совринни аргентиналикка бериши, бутун футбол оламини шок ҳолатга тушуриб қўйди, ҳамда «адолатсизлик» ва «шармандалик» сўзлари «йилнинг энг яхши футболчиси»га бериладиган мукофот билан синонимга айланди.
«France Football» нашри 2020 йилда мутлақо тушунарсиз сабабларга кўра «Олтин тўп»ни топшириш маросимини бекор қилишга ва Левандовскини мукофотдан маҳрум қилишга қарор қилди. Эҳтимол, улар коронавирус пайтида йиғилиш ўтказишни истамаган ва бу назарий жиҳатдан тўғри бўлиши мумкин. Аслида нашрнинг бу ҳаракатини ҳеч ким — на бирор мутахассис, на бирорта мухлис тушунмади.
Йилнинг энг яхши футболчисини аниқлаш мезонлари бўйича глобал саволлар анчадан бери мухлисларни қийнаб келмоқда эди. Масалан, нега мукофот йил охирида берилади, чунки кўплаб мамалакатларда футбол мавсуми ёзда тугайди ва кейинги мавсум ўртасида топширишдан нима наф? Ҳалоллик мезонини қандай аниқлаш мумкин? Шахсий ютуқлар ва жамоавий чемпионлик «Олтин тўп»ни олишга қандай таъсир қилиши мумкин? Ҳар бир сайловчи ўз қарашларидан келиб чиқиб, буни турича изоҳлайди.
Месси «Олтин тўп» мукофотини қўлга киритганига ва жаҳон футболи мухлислари норозичилигига учраганига 3,5 ой бўлди. Яқинда «France Football» овоз бериш тизимида узоқ кутилган ўзгаришларни эълон қилди. Энди «Олтин тўп» ғолиби тўртта асосий мезон бўйича аниқланади.
- Эндиликда овоз беришда натижалар 1 календарь йили учун эмас, балки мавсум учун инобатга олинади. Мукофот эса футболчиларнинг маълум бир вақт оралиғидаги ўйинларини имкон қадар кўпроқ баҳолаш мақсадида сентябр ёки октябрь ойларида, яъни янги мавсум бошида топширилади. Бу кўп ноҳақликларни бартараф этадиган, энг тўғри қарор. Масалан, жамоа, бош мураббий ўзгариши ва бошқа кўплаб омиллар таъсирида мавсум давомида футболчининг ўйини яхшиланиши ёки пасайиб кетиши мумкин.
- Номзодлар рўйхатини тузишдаги ўзгаришлар. Илгари бу рўйхатларни France Football (қолаверса L’Equipe) журналистлари тузган бўлсалар, эндиликда «Олтин тўп» элчиси Дидье Дрогба, шунингдек, соҳага бегона бўлмаган сайловчилар томонидан тузилади. Рўйхат октябрь ойида оммага эълон қилинади. Бу мунозарали ҳаракат, чунки номзодлар рўйхати одатда ҳеч қачон муҳокама қилинмайди ва мукофотга номзод бўлган 30 ўйинчини ажратиб кўрсатиш илгари унчалик қийин бўлмаган. Ўзгаришлар бунга қандай таъсир қилади ёки умуман акси бўладими, биз фақат кузда билиб оламиз.
- Овоз бериш тизимини ўзгартириш. Энди овоз беришда ФИФА рейтингининг 100 талигидан жой олган давлат вакилларигина қатнашишлари мумкин бўлади. Яъни, бундан буён Қувайт, Латвия ва Намибия терма жамоаси мураббий ва журналистлари овоз бера олмайди. Бундай қарорнинг адолатлилиги ҳақида саволлар бор, аммо футбол унчалик оммабоп бўлмаган мамлакатларнинг ОАВ вакилларига овоз бериш жараёнида қатнаша олмаслиги орқали кўп нарса йўқотилмаса керак. France Football бу ҳолатни қуйдагича изоҳлади: «Ушбу қарор тажриба даражасини оширади ва ғалати овозлар берилиши олдини олади», деб тушунтирилди баёнотда.
- Асосий мезон жамоавий ютуқлар эмас, балки индивидуал совринлардир. France Football индивидуал мукофот олишнинг жамоавий ютуқларга ҳаддан ташқари боғлиқлигини тан олди. 2021 йилда Месси билан бўлган мисол эски ёндашувнинг нотўғрилигини яққол исботлади. Ҳа, Лео ўтган мавсум Америка Кубогида ажойиб ўйин кўрсатди ва Аргентина терма жамоаси билан биринчи совринни қўлга киритди, лекин клуб даражасида эса... «Барса» ва «ПСЖ» клубларида Леонинг шунчаки иши юришмади.
Қолаверса, «France Football» яна 4 та кичик мезонни ажратиб кўрсатади: 1) биринчи ўринда индивидуал кўрсаткич ва кучли рақибларга қарши ўйин ҳисобга олинади; 2) мавсум давомида қайд этилган рекордлар ва индивидуал ютуқлар ҳисобга олинади; 3) футболчининг сифати ва унинг «фэйр-плей» ўйин тамойилларига содиқлиги бўлади; 4) футболчининг фаолияти давомидаги аввалги ютуқлари энди ҳисобга олинмайди.
Бу ўзгаришлар етарлими?
«France Football» ўйинчилар ва мухлисларнинг даъволарини инобатга олди ва ҳозирги ўзгаришларни ишонч билан ижобий деб аташ мумкин. Аммо бир нечта қарорлар мантиқий савол туғдириши мумкин. Масалан, ҳозирда ФИФАнинг энг кучли 100 талигидаги давлатларгина овоз беришини ҳисобга олсак, Африка мамлакатлари футболчиси «Олтин тўп» учун курашда мағлуб бўлиб қолмайдими? Масалан, Африка давлатлари вакиллар одатда Салоҳга овоз беришини ва ушбу қитъанинг аксарияти ФИФА рейтингида 100 таликка кирмаслигини ҳисобга олсак, Салоҳнинг «Олтин тўп» ютиш ҳақидаги орзулари саробга айланиши мумкин.
Ҳужумкор ўйинчилар овоз беришда тўлиқ устунликка эга бўлишлари мумкин, чунки айнан улар кўпинча рекорд ўрнатадилар ва самарали ҳаракатлари эвазига қолган позициядаги футболчиларга қараганда кўпроқ очкони қўлга киритади.
«Олтин тўп» қоидаларни соддалаштириш ва ўйинчиларнинг индивидуал ўйинларини объектив баҳолаш томон дадил қадам ташлади. Лекин сайловчилар ўртасида субъективлик омилини минималлаштириш учун ушбу компонентларни янада ривожлантириш ва такомиллаштириш зарур.
Энди «Олтин тўп»га асосий даъвогар ким бўлади?
Демак, энди «Олтин тўп»га даъвогарларнинг ўйинларини кўриб чиқиш учун 2021 йилнинг август ойидан бу ёғигача бўлган фаолиятини қаранг. Шуни унутмангки, «Олтин тўп»-22 га Қатардаги жаҳон чемпионати таъсир кўрсатмаслиги мумкин. Шу сабаб, янгиланган регламент асосида асосий даъвогарларни аниқлаш мумкин.
Аниқ айтиш мумкинки, Роналду ва Месси соврин учун давогарга айланишлари даргумон. Криштиану «Манчестер Юнайтед» сафида деярли ҳар икки ўйинда 1 та гол уради (31 ўйинда 18 та гол), шунингдек Премьер-лигада тўпурарлар пойгасида 2-ўринни эгаллаб турибди. Месси камдан-кам ҳолларда гол урмоқда ва Чемпионлар лигасида «Реал»га қарши принципиал баҳсда умуман майдонда кўринмади.
«France Football»нинг янги мезонларига кўра, асосий учта даъвогарни ажратиб кўрсатиш мумкин, аммо уларнинг ҳар бири учун саволлар мавжуд.
Масалан, Мбаппе Чемпионлар лигасида ажойиб ўйин кўрсатгани учун катта устунликка эга бўлиши мумкин, лекин шундай бўлса-да, «ПСЖ» турнирни эрта тарк этди ва бу футболчининг минусига ишлайди. Шунинг учун Килиан индивидуал совринни қўлга киритиш учун Париж клубини Лига—1 чемпионлигини қўлга киритишда ёрдам бериши талаб этилади.
Барча турнирларда муваффақиятли иштирок этаётган ва Франция терма жамоасининг асосий ҳужумчиси сифатида жаҳон чемпионатига борадиган Карим Бензема учун жуда яхши имконият. Аммо у жаҳон чемпионати пайтида ҳам ўша савияни сақлаб қола оладими деган савол пайдо бўлади – ахир у 34 ёшда.
Яна кўплаб гол уриб, «Ливерпуль»ни олдинга тортаётган Салоҳни ҳам унутиб бўлмайди. Муҳаммад Миср терма жамоасида етарлича савияли футболчилар кам бўлса-да, «фиръавнлар»ни доимо олдинга тортиб юради.
Ундан кейин даҳо ва «Ман Сити» етакчиси, бироқ бир мавсумда 15 тадан ортиқ гол урмайдиган Де Брюйне бор. Мавсум ўртасида жароҳат олган Холанд бор, ҳар мавсум кўплаб ютуқларга эришиб, лекин икки марта «Олтин тўп»сиз қолган Левандовски бор.
Умуман олганда, келаси кузда номзодлар ҳақида 2021 йилнинг декабрига қараганда камроқ саволлар бўлади. «Олтин тўп» топшириш жараёни ижобий томонга ўзгармоқда ва у жамоатчилик фикри билан ҳисоблашишга тайёр эканлигини кўрсатмоқда. Бундан ким ёки нима ютиш мумкин? Албатта, мухлислар!
Жамшиджон Маҳмудов тайёрлади.