Томас Тухель ҳозирга қадар «Челси» устози сифатида бир қатор кўзга кўринадиган ишларни амалга оширди, совринларга эришди. Бунга ҳеч ким шубҳа қилмайди, албатта. Хусусан, немис мутахассиси Френк Лэмпард даврида ортга кетган ишларни жонлантирди, яхшилади. Жамоани кучли руҳиятга эриштирди. Тухель ўзининг дастлабки ярим йиллик бошқарувидаёқ Англия кубоги финалига етиб бора олди. Аммо бош совринни қўлга кирита олмайди. Шунга қарамай, бошқа бир кубок, йирик турнир бўлган ЕЧЛ чемпионлигига эришди. Бу йўлда «Реал Мадрид»ни енгиб ўтди. Айни дамда «Челси» мадридликларга қарши халқаро майдонда ўзига хос натижага эгадир. Ушбу жуфтлик бу мавсумда турнирнинг чорак финалда тўқнаш келадиган бўлди. Шу баҳонада уларнинг тўқнашув тарихига назар ташлаймиз.
1. 1971 йил, май ойида
«Челси»нинг биринчи бор «Реал» билан тўқнашуви узоқ тарихга, 1971 йилга бориб тақалади. Ўшанда Кубок Эгалари кубоги финали учрашув марказига айланган. Ўйин ҳисобини илк бор очган футболчи эса Питер Осгуд бўлганди. Аммо орадан кўп ўтмай, Игнассио Соконинг голи ҳисоб тенглашишига олиб келади. Шундай қилиб, у пайтлар пенальтилар серияси бўлмас, дуранг ўйинлар эса қайтадан ўтказиларди.
2. 1971 йил, май ойида (2 кундан кейин)
Орадан икки кун ўтиб, яна бир баҳс бўлиб ўтади. Бунда ҳам Осгуд катта саҳнага чиқади. Шундан сўнг, Жон Дэмпси, «Реал» сафида эса Себастьян Флейтас голларга муаллифлик қилади. Умумий ҳисоб эса 2-1 билан, «Челси» фойдасига ҳал бўлганди.
3. 1998 йил август ойи
Орадан 27 йил ўтиб, ушбу жуфтлик яна рўбаро келишди. Бу сафар энди Супер кубок баҳсида. Ўшанда «Реал» ЕЧЛни янги ютган, «Челси» эса Кубок Эгалари кубогини қўлга киритган пайтлар эди. Бу эса ушбу баҳсни янада қизишига ёрдам берган. Ўйинда урилган ягона гол Густаво Пойетга тегишли бўлади. У эса «Челси», футболчиси бўлган.
4. 2021 йил, апрель ойи
Юқоридаги воқеадан яна 23 йил ўтиб, тақдир «Челси» ҳамда «Реал»ни юзлаштиради. Энди улар ЕЧЛ ярим финалида куч синашиши керак эди. Испаниядаги баҳсда 1-1 ҳисоби қайд этилади. Голларга Кристиан Пулишич ҳамда Карим Бенземалар муаллифлик қилади. Шундай қилиб, «аристократлар» Лондонга қимматли дуранг билан қайтиб кетади.
5. 2021 йил, май ойи
Коронавирус авжига чиққан даврда ўтказилган ўйин, бўм-бўш стадион ичида, мухлисларсиз трибуналар қаршисида бўлиб ўтади. Унда «Челси» финалга йўл олганди. Ушбу ўйиндаги иккита голга Тимо Вернер ва Мейсон Маунтлар муаллифлик қилган. Умумий ҳисоб 3-1 билан инглиз жамоаси фойдасига ҳал бўлади. Финалда «Челси»ни «Манчестер Сити» кутиб турганди. «Шаҳарликлар» ҳам ҳали қилувчи ўйинда Кай Хаверцнинг маҳорати эвазига таслим қилинади.
Шундай қилиб, «Челси» тарихда УЕФА таснифидаги ўйинларда жами 5 марта «Реал»га қарши чиқиб, 3 та ғалаба 2 дуранг қайд этган. Келаётган ўйинларда нима бўлишини эса вақт кўрсатади. Биз яна бир бор уларнинг жангига гувоҳ бўламиз. Бу сафар ЕЧЛ чорак финалида...
ИСМАТОВ Ж.