«Реал» бош мураббийи Жозе Моуринью Испания Ла Лигасининг 2026/2027 йилги мавсуми 4-турида «Бетис»га (0:1) қарши ўйиндаги мағлубият ҳақида фикр билдирди.
«Менимча, жамоа кучли ўйин ўтказди. Баъзида мағлуб бўласан ва бунинг сабабини тушунмайсан… Бунга қандай изоҳ беришни билмайсан. Биз катта устунликка эга бўлдик, марказий ҳимоячилар ажойиб ҳаракат қилишди, улар майдондаги барча жараённи назорат қилишди. Ҳужумда кўплаб комбинациялар ва голли вазиятлар яратдик.
Агар учрашув дуранг билан якунланганида ҳам хафа бўлардик, чунки биз кўпроқ иш қилдик. Мағлубиятдан кейинги ҳолатимизни тасаввур қилинг.
Карлос Эспи фантастик зарба берди. Балки у ерда офсайд бўлгандир, балки йўқдир, аммо у ўз вазифасини бажарди. Унинг салоҳияти жуда катта ва у ривожланишда давом этади, чунки у камтар, меҳнатсевар ва ўрганишни хоҳлайди. Мен бу футболчидан жуда мамнунман.
Ўйиндаги баҳсли вазиятлар ҳақидами? Мен уларни батафсил ўрганмадим. Либос алмаштириш хонасида бу эпизодларни кўрмадим, шунинг учун уларга баҳо бера олмайман», — дея Моуриньюнинг сўзларини Marca келтирди.
Ла Лиганинг тўрт туридан кейин «Бетис» 9 очко жамғарган ва 3-ўринни эгаллаб турибди. Жозе Моуринью шогирдлари ҳам 9 очкога эга, аммо қўшимча кўрсаткичлар ҳисобига турнир жадвалида 2-поғонада бормоқда.













