Умуман олганда, «Реал» ёки «Барселона»нинг энг яхши футболчиларидан тузилган жамоа «ясаш» ўта мураккаб иш ҳисобланади. Шунга қарамай, бугун биз ҳар икки буюк клубнинг ўзаро тўқнашувларида тарих ёзган ўйинчиларни санаб ўтамиз, улардан тузилган рамзий терма жамоани эътиборингизга ҳавола этамиз. Бунга қўшилиш ёки қўшилмаслик эса ўзингизга ҳавола.
Дарвозабон – Икер Касильяс
Барча биладики, Касильяс «қироллик клуби»нинг том маънодаги афсонасидир. У 25 йиллик умрини «Реал»га бахшийда этган. Дарвозабон клуб академиясига тўққиз ёшида олиб келинади. 16 ёшида асосий жамоа таркибидан жой олади. Атиги 18 га тўлганида эса, ўз дебютини нишонлайди. Касильяс то 2012 йилга қадар юқори даражада ҳаракат қилиб, кўплаб совринларга эга чиққан эди. Жумладан, унинг совринлар жамғармасида бешта Ла- лига титули, учта ЕЧЛ кубоги мавжуд. Касильяс 2000 йилларнинг энг яхши кипери ҳисобланади. У ўз фаолияти давомида 725 та ўйинда майдонга тушиб, халқаро маконда Испания терма жамоаси сардори сифатида икки карра Европа, бир маротаба эса Жаҳон чемпионлигини қўлга киритган.
Марказий ҳимоячи – Серхио Рамос
«Реал» 2005 йилда ёш Рамос учун 27 миллион евро тўлайди. У 16 йил давомида пойтахт жамоаси шарафини ҳимоя қилди. Унинг юлдузга айланиш жараёни 2008 йилдан кейин бошланди. Рамос даври Испаниянинг энг юксалган пайтлари сифатида ёдимизда қолди.
Марказий ҳимоячи – Жерар Пике
Пикенинг тақдири ҳам Рамосникига ўхшаш. У ҳам узоқ йиллар мобайнида «Барселона»га содиқлигича қолмоқда. 2008 йилда «МЮ»дан сотиб олинган ҳимоячи номи «Барса»ники билан уйғунлашиб кетишга улгурди. Унинг келажаги каталон клуби президенти бўлиш билан белгиланади дегувчилар ҳам бор. Негаки, Пикенинг бобоси клуб вице-президенти эди.
Ўнг қанот ҳимоячиси – Дани Алвес
Дани Алвес ўз фаолияти давомида 40 дан зиёд совринларга эга чиққан. У ҳозир ҳам ўз йўлида давом этмоқда. Бу титулларнинг ярмидан кўпи, айнан «Барселона» сафида қўлга киритилган. Бразилия терма жамоаси аъзоси дунёнинг энг яхши қанот ҳимоячиларидан бири саналарди. Алвес уч маротаба ЕЧЛ бош совринини ютган ва уларнинг иккитаси «требл» қайд этилган мавсумларга тўғри келади.
Чап қанот ҳимоячиси – Роберто Карлос
Карлос 1995 йилда Европага «Интер» таркибида тўп суриш учун келади. Аммо бир йилдан кейин «Реал» сафига ўтади ва у ерда ҳақиқий афсонага айланади. Бразилиялик 500 дан ортиқ учрашувда «Реал» шарафини ҳимоя қилди. Унинг даврида «қаймоқранглилар» уч марта ЕЧЛни ютган. Карлос ва Кафу ўз вақтида тенги йўқ тандем эди.
Ярим ҳимоячи – Мигель Муньос
Европа кубокларининг илк намоёндаларидан бири бўлган футболчи УЕФА янги ташкил қилинган пайтда, у ташкил қилган турнирларнинг ғолибига айланган. У «Реал» сардори сифатида 1956 ҳамда 1957 йилдаги совринларга эга чиқади. Муньос 10 йил давомида «қироллик клуби» шарафини ҳимоя қилиб, 1958 йили, 36 ёшидан жамоадан кетади. Унинг кейинги тақдири ҳам «Реал» билан боғлиқ кечди. Футболчи бош мураббий сифатида 1960 ва 1966 йилги Европа кубокларини жамоасига олиб берганди.
Ярим ҳимоячи – Хави
Айримлар Хавини футбол тарихидаги энг зўр ярим ҳимоячи дейди. Балки уларнинг гапида жон бордир...
Хави «Барселона» таркибида 1998 йили ўз дебютини ўтказган. У клуб тарбияланувчиси эди. Амалдаги «Барселона» устози шу даврдан то ўзининг сўнгги даври, 2014-15 йилги мавсумга қадар жамоадаги асосий фигура бўлиб қолди. Хави уч бора «Олтин тўп» жадвалининг учинчи ўринидан жой олади (бир ҳамда икки ўта банд нуқталар эди). У ҳам Касильяс қатори 2008, 2010 ҳамда 2012 йилларда Европа ва Жаҳонни титратган эди.
Ярим ҳимоячи – Андрес Иньеста
Иньеста ҳисобида тўққиз бора Ла-лига, тўрт марта ЕЧЛ ғолиблиги бор. У ҳам Хави сингари энг яхши футболчи сифатида эътирофларга кўп марта сазовар бўлади. 15 ёшли Андрес ҳаракатларини кўрган Пеп Гвардиола, кейинчалик Хавига у ҳақида шундай деган экан: «Сен мени нафақага чиқарарсан, аммо бу болакай иккимизни ҳам нафақага чиқаради».
Ҳужумчи – Месси
Вақтида минглаб аргентиналиклар Мессини «Янги Марадона» деб мақташганди. Бироқ Лео кўпгина жабҳаларда уни ортда қолдира олди. 15 йилдан кўпроқ вақт давомида Месси суперюлдуз даражасига чиқди. У ўз вақтида бир мавсумда 73 та гол уришга муваффақ бўлганди. Бу дегани, ҳар бир ўйинда иккитадан кўпроқ гол урган. «Барселона»нинг энг сермаҳсул футболчиси айнан Мессидир. Уни етти марта «Олтин тўп»га лойиқ топилгани ҳам кўп нарсани англатади.
Ҳужумчи – Альфредо Ди Стефано
Ди Стефано Европа кубокларининг типик қаҳрамонидир. У 1956-1960 йиллар давомида турнирнинг бешта финалида қатнашиб, еттита гол уришга эришганди. Асли аргентиналик бўлган испан футболчиси 11 йил давомида «Реал» музейини 15 та титул билан бойитади. Ди Стефанонинг «қироллик клуби» сафида урган 308 та голи 44 йил давомида мутлақ рекорд натижа сифатида қаралар эди. ХХ асрда унга тенг келадиган ҳужумчи топиш қийин бўлган.
Ҳужумчи – Роналду
«Реал Мадрид»нинг юз йилдан зиёдроқ вақт давомидаги тарихида Ди Стефано натижаларини биргина футболчи чилпарчин қилган. У Криштиану Роналдудир. Португалия терма жамоаси сардори «Реал» сафига келиб қўшилганида аллақачон юлдуз футболчига айланиб улгурганди (2009). Янги, ХХI аср футболида битта мавзу муҳим аҳамият касб этди: Роналду ёки Месси?
Уларнинг ҳар иккиси ҳам алоҳида ҳикоя, йўл ва қисматга эга эди. Аммо даражалари бир хил. Роналду беш йил давомида тўрт маротаба ЕЧЛ бош совринини қўлга киритди. Бу натижа эса Мессида мавжуд эмас. Аммо Мессининг Роналду ета олмаган (ёки олмайдиган) рекордлари ҳам бор.
Хуллас, Роналду ҳам Месси каби «эл-класико»нинг ёрқин вакилидир. Уларсиз ушбу рўйхатни тузиш мумкин эмас.
Жалолиддин ИСМАТОВ таржимаси