"Реал" билан ўйиннинг эртасига "Барселона" футболчилари тикланиш машғулотига хомуш кайфиятда ташриф буюришган. Шунда Гвардиола барчани майдон марказига тўплаб қисқа, лекин лўнда нутқ сўзлаган.
Уни бир оғиз билан ифодаласа, "Барселона" дунёнинг амалдаги энг кучли жамоаси ва ҳали уни сизлардан ҳеч ким тортиб олгани йўқ. Фақат буни "Челси" билан жавоб ўйинида исботлашларинг керак холос".
Испаниялик ҳамкасбларимизнинг таъкидлашларича, бу нутқ футболчиларни илҳомлантирган ва улар ўзгача шижоат билан машғулотга киришганлар. Ўзи миллий чемпионатда кучли тўртликка кира олмай, кейинги мавсумда Чемпионлар лигасида қатнашиши катта сўроқ остида турган "Челси" Лондон дербиси бўлмиш "Арсенал"га қарши ўйинда деярли иккинчи таркиб билан майдонга тушган ва барча эътиборини Абрамович мукофот тариқасида ваъда қилаётган 10 миллион фунт-стерлингни қўлга киритишга қаратган. Бунинг учун эса "Барса" тўсиғидан ўтиш зарур.
6 кун ичида 3 та ўйинга майдонга тушаётган ва уларнинг дастлабки 2 тасида мағлуб бўлган "Барселона" ҳам руҳий, ҳам жисмоний жиҳатдан оқсаши кутилаяпти. Лекин "Барселона" ўзи ўрганган кенг майдонда ва ўз мухлислари қаршисида тажовузкор ўйин намойиш этади ва керакли натижани қўлга кирита олади, деб ўйлайман...
Аброр ИМОМХЎЖАЕВ,
"Наврўз" радиоси бош муҳаррири