Златан Ибраҳимович Швеция Жаҳон Чемпионатига чиқа олмаган бўлса ҳам терма жамоадан кетмаслигини маълум қилди.
Швеция ЖЧ—2022 саралаш плей-офф босқичида Польшага имкониятни бой берди.
"Мағлубият терма жамоамиз фойдасига бўлиши мумкин. Бу ривожланишда давом этаётган янги жамоа. Ушбу лойиҳада иштирок этаётганимдан хурсандман.
Ҳозир дунёдаги энг бахтли инсон эмасман, аммо майдонга тушиш ёқимли бўлди. Вазият қандай ривожланишига қараб майдонга тушишимни режалаштиргандик. Ҳар бир дақиқага бонус сифатида қарайман. Имкон қадар узоқ вақт ўйнашни хоҳлайман. Польшага ютқазганимиз сабаблигина терма жамоадан кетмайман. Ҳар доим ўзимни яхши ҳис қиламан ва жамоага ёрдам беришни хоҳлайман.
Жаҳон Чемпионатига чиқиш учун бизда 90 дақиқа бор эди. Баъзан имкониятингдан фойдалана олмайсан ва очко йўқотасан. Бу футбол, қанчалик кучли ҳаракат қилма, барибир натижа муҳим. Пенальтидан гол ўтказиб юборганимиз ачинарли, аммо… Ўтмишга назар ташлашдан маъно йўқ. Келажак ҳақида ўйлаш лозим.
Лекин мен жуда узоққа қарамайман. Икки йил — узоқ муддат. Кўрамиз, клубдаги ва терма жамоадаги фаолиятимда нима содир бўлар экан", — деди Златан Ибраҳимович.
Ибраҳимович 2016 йил 22 июнда Швеция терма жамоасидаги фаолиятини якунлаган эди. Аммо 2021 йил 16 март куни терма жамоага қайтганини эълон қилди. 40 ёшли ҳужумчи Швеция сафида 121 та ўйинда иштирок этиб, 62 та голга муаллифлик қилган.