АПЛнинг ўртамиёна клубларидан бири «Кристал Пэлас» жорий мавсум анча мазмунли ўйинлари билан ажралиб турибди. Лондон жамоаси мавсум старти арафасида бош мураббий лавозимига машҳур Патрик Виейрани таклиф этди, таркибни «Челси»га тегишли бир қатор ёш иқтидорлар билан кучайтирди. Тўғри, «Пэлас» ҳозирда камтарона натижа кўрсатмоқда, лекин футболчилар ҳаракатидаги ижобий ўзгаришлар мухлисларга катта умид бағишламоқда. Шунинг баробарида клубнинг америкалик соҳиби Дэвид Блитцер амалга ошираётган ишлар ҳам эътиборга молик. 52 ёшли тадбиркор қайсидир нуфузли мактабда таҳсил олмаган бўлсада, Пеньсилвания университети қошидаги Уортон бизнес-курсини муваффақиятли тамомлаган. У анчадан буён молиявий қудрати 26 млрд. долларга баҳоланаётган Blackstone сармоя жамғармасида ижрочи-директор ва тактик имкониятлар бўлими раҳбари вазифаларини адо этмоқда.
Блитцернинг футболга қандай алоқаси бор?
Blackstone америкалик бизнесмен тасарруфидаги ягона гуруҳ эмас. Блитцер 57 ёшли хусусий сармоядор Жо Харрис билан ҳамкорликда HBSE (Harris Blitzer Sports& Entertainment) компаниясини ҳам тузган. «Филадельфия» (МБА), «Нью-Жерси» (МХЛ) клублари айни шу компания томонидан молиялаштирилади. HBSE шунингдек, Америка футболи ва бейсбол жамоаларига ҳам сармоя киритган, йирик спорт иншоотларини бунёд этган. Блитцер жорий йилнинг январида MLS иштирокчиси - «Реал Солт-Лейк» акцияларини 400 млн. долларга сотиб олди. Бироқ бу билан бизнесменнинг 1,3 млрд. долларга баҳоланаётган мулки камайиб қолгани йўқ. Чунончи, Блитцер одатда ҳар бир лойиҳага шерикчилик асосида қўл уради. Хусусан, «Реал Солт-Лейк» МБАда ўйнаётган «Юта» баскетбол жамоаси соҳиби Райан Смит ва Arctos Sports Partners сармоя гуруҳи билан ҳамкорликда харид қилинди. Блитцер спорт йўналишига пул тикиш масаласида аллақачон Америкадан четга чиқишга улгурган. Диққат қилинг, ҳозир Европадаги 7та клуб Блитцер измида. Булар - «Кристал Пэлас» (Англия), «Аугсбург» (Германия), «Васланд-Беверен» (Бельгия), «Алькоркон» (Испания), «Эшторил» (Португалия) ва «АДО Ден-Хааг» (Нидерландия).
«Пэлас» Блитцерга нима учун керак ва у харид йўлида қанча сарфлади?
Чамаси 10 йилча Лондонда яшаган бизнесмен «Челси»га қизиқар ва жамоа ўйинларини стадионда томоша қиларди. Унда ўша пайтдаёқ лоақал Чемпионшипдан бирор клуб сотиб олиш режаси туғилган. Дэвид якунда Жо Харрис билан Лондон жамоаларидан бирини сотиб олишга қарор қилди. У аввало, келажакда МФЛ (миллий футбол лигаси)даги шахсий клубини Англияга олиб келишни кўзлаганди, аммо бу нияти ҳали амалга ошганича йўқ. Хуллас, Блитцер 2015 йилга келиб, Чемпионшип эмас, бирданига АПЛ жамоаси соҳибига айланди. Келишув Дэвид учун 75 млн. долларга тушди. Албатта, америкалик корчалон нафақат АҚШдаги клубини Европага олиб келиш, балки Лондонда шахсий бизнесини ривожлантиришни ҳам ўйлаган. Унинг айтишича, ақл билан иш тутилса, спортга тикилган сармоя самара беради, албатта. Тез орада Блитцернинг мутлақо ҳақ эканлиги тасдиқланди: у «Пэлас» соҳибига айлангач, АПЛнинг ТВ-ҳуқуқлар йўналишидаги даромади салкам 2 баравар ошди. Тўғри, америкалик бизнесменлар дуэтининг «Пэлас» билан ҳамкорлиги 4 йилда ниҳоясига етиши ҳам мумкин эди. Ҳар ҳолда, улар 2019 йили клубни сотувга қўйишди, аммо соҳиблар талабини қониқтирадиган харидор топилмади. Орадан яна 2 йил ўтгач, лойиҳага қизиқиш билдирган америкалик яна бир тадбиркор Жон Текстор «Пэлас» акцияларидан деярли 18 фоизига 121 млн. доллар тўлади. Бунда учинчи соҳиб - Стив Пэриш ўз улуши (18 фоиз)ни сақлаб қолган бўлса, Блитцер ва Харрис ихтиёридаги акциялар миқдори бироз камайди. Асосийси, дуэт мазкур келишув ортидан деярли 100 млн. доллар фойда кўрди. Клуб эса Текстор киритган маблағ ҳисобига ёзги трансферлар мавсумида фаол қатнашиб, 5 нафар футболчи (Йоаким Андерсен, Марк Гехи, Одсонн Эдуард, Майкл Олисе ва Уилл Хьюз) учун 73,4 млн. сарфлади.
Блитцернинг ишга ёндашуви қандай?
Бу ёғи нима бўлади? АҚШ вакили билан ёнма-ён меҳнат қилган ёки қилаётган кишилар унга ҳамиша юксак баҳо беришади: «Ақлли, иззатталаб соҳиб», «Ўз вазифаси ва хизматчиларга нисбатан чинакам қизиқиш-меҳр билан ёндашувчи намунали раҳбар». Бундай эътирофлардан хулоса чиқарадиган бўлсак, «Пэлас»нинг америкалик соҳиби аниқ мақсадларга эга. Ҳар ҳолда, у дунёнинг турли бурчакларидан нега клублар сотиб олаётганини яхши билади. «Ҳаётий эҳтиёжларни бизнес йўналишидаги сармоялар ҳисобига қондираман. Бутун фаолиятим давомида доимо атрофимга ғайритабиий хусусиятга эга кишиларни йиғишга уриндим ва уларга ўз юмушларини аъло даражада адо этиш имкониятини бердим» - мазкур гаплар Блитцернинг асосий мақсади даромад эканлигини кўрсатмоқда. Бироқ у ҳеч қачон қўл остидаги ходимларнинг ишларига аралашмайди, жамоа хизматчилари ва менежерларга ўз ҳукмини ўтказишга интилмайди. Мана, «Кристал Пэлас» мураббийларидан бирининг The Athletic нашри журналислари билан суҳбатда Блитцер ҳақида айтган гапларига эътибор қаратинг: «У ҳеч қачон биздан у ёки бу футболчини харид қилишимизни талаб қилган эмас. Аксинча, «Жамоа ўзини яхшироқ ҳис этиши учун қандай ёрдам беришим мумкин?» ёки ўйинларимиз қовушмай қолган кезлар «Нима бўляпти, жамоа нега сустлашиб қолди, уни жонлантириш учун ёрдам бера оламанми?» қабилидаги саволлар билан мурожаат қилади. Дэвиднинг энг билимдон соҳиблардан бири эканлигига шубҳа йўқ».
Блитцернинг футбол бобидаги билими қандай?
Бизнесмен атрофидаги ишчи-хизматчилар унинг соф футбол масаласидаги билимини турлича баҳолашади. Айримлар унинг бу соҳадан мутлақо хабари йўқлигини таъкидлашса, бошқалар ўта юқори малакали мутахассис сифатида эътироф этишади. Аммо бизнес бобида барчанинг фикри бир хил: -«Сармоядор ҳуда беҳудага маблағ сарфлашни ёқтирмаслиги ва доимо ўринли қарор қабул қилиш қобилияти билан ажралиб туради».Блитцерда иккинчи City Football Group гуруҳини шакллантириш истаги бор ёки йўқлиги маълум эмас. Лекин Бельгия матбуотида берилган хабарларга ишонадиган бўлсак, америкалик сармоядор тасарруфидаги футбол клублари тез орада яна биттага кўпайиши мумкин. Агар томонлар келишувга эришсалар, «Остенде» ҳам унинг ихтиёрига ўтади. Шунда 8та жамоани ўз ичига олган лойиҳанинг бош клуби мақомига эга бўладиган «Кристал Пэлас» АПЛдаги шайхлар учун жиддий рақобатчига айланар балки... Бунисини энди вақт ҳукмига қўйиб берган маъқул.
МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади