Кеча Чемпионлар Лигаси чорак финалидан ўрин олган иккита учрашув бўлиб ўтди ва улардан бирида кутилмаган натижа қайд этилди.
Ла Лига вакили «Вильярреал» кутилмаганда Мюнхенда «Бавария» билан 1:1 ҳисобида дуранг натижа қайд этиб, Нагелсманн жамоасини мусобақадан чиқариб юборган ҳолда ярим финал йўлланмасига эга чиқди. Биринчи учрашувда 1:0 ҳисоби қайд этилганидан хабарингиз бор.
Эътиборлиси, жамоанинг ҳолати у қадар яхши эмас. Испания клуби сўнгги 6 учрашувда иккитадан ғалаба, дуранг ва мағлубият қайд этган. Шу икки ғалаба «Ювентус» (3:0) ҳамда «Бавария» (1:0) клубларига қарши ўйинларда киритилди.
Испания чемпионатида Эмери жамоаси 46 очко тўплаган ҳолда 7-ўринда бормоқда. Ўзидан бир поғона юқорида жойлашган "Реал Соседад" ҳисобида эса 54 очко мавжуд. Чемпионат якунланишига 7 тур қолган. Клубнинг Ла Лигадаги кейинги ўйинлари «Хетафе», «Валенсия», «Алавес», «Севилья» жамоаларига қарши бўлади.
Бундан нима хулосага келиш мумкин? Жамоа бор эътиборини Европа Чемпионлар Лигасига қаратмоқда. Ўтган мавсум Европа Лигаси ғолиблигини қўлга киритган клуб жорий мавсум Чемпионлар Лигаси ярим финалида катта эҳтимол билан «Ливерпуль» ёки «Бенфика»га тўқнаш келади.
Унаи Эмери 3 марта «Севилья», бир маротаба «Вильярреал» бош мураббийи сифатида Европа Лигаси ғолиблигини қўлга киритган. Эндиликда, испаниялик мутахассис Чемпионлар Лигаси ғолиблиги учун катта қадам ташламоқда. Тўғри, ярим финалда осон бўлмайди. Аммо, жамоанинг шу босқичга қадар етиб келгани, «Ювентус» ва «Бавария» каби клубларни мусобақадан чиқариб юборгани ҳам катта ва кутилмаган натижа ҳисобланади.
«Бавария»га қарши баҳсда Данжума катта саҳнага чиққан бўлса, кеча Мюнхенда кўпчилик Чукуэзе номини эслаб қолди. Учрашувнинг энг яхши футболчиси дея топилган Раул Альбиоль эса бир пайтлар «Реал» шарафини ҳимоя қилган ва ҳозирда иккинчи ёшлик даврини "сариқ сувости кемаси"да ўтказмоқда. Жамоада Парехо, Морено, Пау Торрес, Ло Чельсо каби номлар бўлса ҳам, улар Роберт Левандовски даражасида эмас. Шунинг учун, бу мавсум кашфиёти сифатида «Вильярреал»ни эътироф этиш мумкин бўлса керак.