Учрашувдан кейинги матбуот анжуманига биринчи бўлиб “Бунёдкор” устози келди. Миржалол Қўшоқовичнинг фикрлари қуйидагича янгради:
- Яхши ўйин бўлди. Шогирдларим биринчи бўлимда ёмон футбол кўрсатишмади. Иккинчи бўлимда ўйинимизни янада кучайтирдик. Бир қанча хавфли вазиятлар содир этдик. Бунақаси футболда кўп бўлади, яъни вазиятлар яратасан, бироқ уларни ҳар доим ҳам амалга ошира олмайсан. Натижада, дуранг билан кифояланишга мажбур бўлдик.
- Энди жамоангизнинг имкониятлари қанақа?
- Барча масала уйимизда “Похан” билан кечадиган беллашувда ҳал бўлади. Ўз имкониятимизни қўлдан чиқармасликка ҳаракат қиламиз. Олдимизда турган вазифа осон эмас, аммо уни бажарса бўлади.
- “Аделаида”га қарши иккита учрашув ўтказдилар. Айтингчи, бу ўйинлар ўртасида нима фарқ бор? Иккинчи савол: узоқ йўл бугунги баҳсга қанчалик таъсир қилди?
- Албатта, йўл азоби ўз кучини билинтирди. Ахир биз 2 кун йўлда бўлдик. Футболчиларимиз, шунга мос равишда, кучли характерга эга эканликларини намойиш этишди. Яъни ҳар қандай қийинчиликларга қарамасдан, мазмунли ўйин кўрсата олишди.
Учрашувлар ўртасидаги фарқга келадиган бўлсам, мен бунгача айтиб ўтгандим, биринчи баҳс – бу бизнинг янги мавсумдаги илк расмий ўйинимиз эди. Жамоамиз ҳали ўйин амалиёти олиб улгурмаганди. Боз устига, тезкор гол қўйиб юборгандик. Ўз ҳатоларини тезроқ тузатамиз деган хаёлда, шошилиш оқибатида, йигитларимиз якунда айтарли ҳеч нарса қилиша олмаганди ўшанда.
- Дэвид Карни сизларда мана икки ойдан бери тўп суряпти. У тўғрисида нима дея оласиз?
- У, албатта, яхши савиядаги футболчи. Дэвид сафимизга чемпионатимиз бошланиши арафасида келиб қўшилган. Шунинг учун таркибга бирдан киришиб кетиши оғир кечди. Унга бироз вақт керак бўлди. Бунинг устига, озгина жароҳати ҳам бор эди. У ҳозир ўйинини анча кучайтирди. Ўйлайманки, яна бундан ҳам кучайтиради. Ва Карнининг фойдаси бизга янада кўпроқ тегади.
Улуғбек Мирзаев,
Аделаида