Шу бугун "Oлтин тўп" топширилса-ю, унда сизнинг овозингиз ҳал қилувчи аҳамият касб этса кимга овоз берардингиз? Агар ичингиздаги бирор алоҳида бир футболчига бўлган ҳисни босиб ўтолсангиз, менимча Карим Бензема номзодингиз бўлади.
35 ёшли француз охирги йиллар "Реал"ни елкасида олиб юргани рост, охирги ойлар эса елкасига олганича юрмаяпти... югурмоқда – Ла лига ва Чемпионлар лигасида титул қўлга киритиш йўлида югурмоқда.
Карим Мустафо Бензема – 1987 йил асли келиб чиқиши жазоирлик бўлган оилада дунёга келди. Ҳафид ва Воҳиданинг жами 8 нафар фарзанди бор. 8 ёшида маҳаллий болалар жамоаси билан "Лион" академиясига қарши ўйинда 2 та гол урган қаҳрамонимизнинг ота-онасига айнан шу академия масъуллари дарҳол таклиф билан чиқади. У академияга жиноятчилик урчиган мавзе вакили бўлган, ортиқча вазнли болакай сифатида келганди. Аввалига бу ердаги баъзи тенгдошлари Каримнинг устидан кулишга уринишади. Мураббийлардан бирининг айтишича, у бир куни баланд овозда – кеча кўчада футбол ўйнаб юргандим, мана энди бу ердаман, эртага эса майдондаги ўрнингизни ҳам олиб қўяман, шунинг учун келдим бу ерга – деб айтади устидан кулишга уринган шеригига қарата. Характери бор эди ўшандаёқ унинг.
"Лион"да футболчи бўлиб шаклланган Бенземада бир ҳужумчи учун зарур ҳамма хислат бор эди. 18 ёшда асосий жамоада дебют қилган вақтида Франция U-17 терма жамоасида аллақaчон Европа чемпионига айланиб бўлганди. У вақтлар "Лион"нинг олтин даврларига тўғри келиб, клуб Францияда гегемон эди. Тасаввур қилишингиз учун – бугунги "ПСЖ"данда гегемонроқ.
Бенземани Зиданга қиёслай бошлашлари учун кўп муддат керак бўлмади. 2009 йилда у ҳам Зидан сингари "Реал Мадрид" билан тақдирини боғлади. Фақат буёғига у тахминан ўн йил сояда бўлди. У билан бирга клубга келган Роналду барчанинг диққат марказида эди, албатта. Шу билан бирга Бензема – сўнгги 13 йилда "Реал"нинг исталган бош мураббийида асосий таркиб футболчиси бўлган. Шундай давр бўлганки, уни имкониятларда фойдалана олмасликда, нўноқликда айблашган. Бироқ, Каримнинг ҳатто ўша вақтлардаги статистик кўрсаткичлари кишини ажаблантиради. Жорий мавсум у "Реал" тарихида энг кўп гол урган футболчилар рўйхатида Алфредо Ди Стефанодан ўтиб, 3-ўринга кўтарилди. Раулнинг натижаси ҳам тез орада янгиланиши кутилмоқда.
Учинчи бир афсона Луис Роналдo эса яқинда шундай деди: "Бензема "Олтин тўп"ни олиши кераклиги ҳақида анча олдин айтганман. Ўшанда мени танқид қилишганди. Энди қаранг у нима қиляпти. Бензема буюк ҳужумчи!"
Ҳа, Роналдо ҳақ. Карим" Олтин тўп"га муносиб. Машҳур фильмда айтилганидек, "агар эчки (G.O.A.T) халақит қилмаса", кўп эҳтимол бу йил мукофотни қўлга киритади ҳам.
Ориф Толипов.