Бугун Ўзбекистон ва Озарбойжон футзал терма жамоалари Тошкентда ўзларининг илк ўртоқлик учрашувларини ўтказишди. Аммо негадир бу ўйинда терма жамоамизнинг ўйини яхши чиқмади.
Ўйиннинг илк дақиқаларида терма жамоамиз ташаббусни қўлга олиб, кетма-кет ҳужумлар уюштирган бўлса, кейинчалик меҳмонларнинг саъй-ҳаракатлари билан ўйин тизгини улар томонга ўтди. Шунга қарамай, биринчи бўлимда ҳисоб очилмади.
Иккинчи бўлим бошида ҳимояда йўл қўйилган кичик эътиборсизлик туфайли озарбойжонликлар ҳисобни очишди. Терма жамоамиз катта қийинчилиик эвазига ҳисобни тенглаштиришди — Мендез майдонга бешинчи ўйинчини туширди ва Дилшод Ирсалиевнинг олис масофадан йўллаган зарбаси рекошет ҳолатида дарвозага кирди. Ҳисоб тенглашганидан кейин ҳам вакилларимиз бешта ўйинчи тактикаси остида ўйнашда давом этишди. Натижада жазоланишди. Маҳоратли Виталий Борисов дарвозани ишғол қилди — 1:2. Ўйиннинг сўнгги дақиқаларида терма жамоамизнинг қилган ҳаракатлари эса бесамар кетди. Шундай қилиб, ушбу терма жамоалар ўртасидаги дастлабки ўртоқлик учрашуви Озарбойжоннинг 2:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.
ЎРТОҚЛИК УЧРАШУВИ. ФУТЗАЛ
ЎЗБЕКИСТОН – ОЗАРБОЙЖОН – 1:2 (0:0)
Голлар: Дилшод Ирсалиев (35) — Асқар Аббосов (22), Виталий Борисов (37)
Ўзбекистон: Рустам Умаров, Дилшод Ирсалиев, Нодир Элибоев, Шуҳрат Тожибоев, Мақсуд Файзуллаев, Олег Холмуҳаммедов, Хуршид Тожибоев, Фарҳод Абдумавлонов, Дилшод Раҳматов, Жамолиддин Шарипов, Николай Кравченко, Фахриддин Самигов, Константин Свиридов, Умид Холматов, Олег Тукменов
Озарбойжон: Элмур Заманов,Ражаб Фаражзода, Ризвон Фарзалиев, Намиг Маммадкаримов, Виталий Борисов, Марат Солянский, Элмур Гамбаров, Ашраф Алиев, Хатой Багиров, Зайнал Зейналов, Асқар Аббосов, Зоир Файзиев
2012 йил 5 май. Тошкент. “Ўзбекистон”. 250 томошабин.