Кириш Регистрация
14/11 05:00 Уругвай - Колумбия
14/11 05:00 Перу - Чили
14/11 14:10 Австралия 0-0 Саудия Арабистони
14/11 17:00 КХДР 2-3 Эрон
14/11 19:00 Баҳрайн 0-1 Хитой
14/11 19:00 Кувайт 1-3 Жанубий Корея
14/11 21:00 Уммон 1-0 Фаластин
14/11 21:15 Ироқ 0-0 Иордания
14/11 21:15 Қатар 3-2 Ўзбекистон
14/11 21:15 БАА 3-0 Қирғизистон
15/11 02:00 Венесуэла 1-1 Бразилия
15/11 04:30 Парагвай 2-1 Аргентина
15/11 05:00 Эквадор 4-0 Боливия
15/11 17:00 Индонезия - Япония

«Навбаҳор» раҳбарлари мухлислар билан учрашишди

Баҳо:
+ | -

Кеча "Навбаҳор" Марказий ўйингоҳининг захира майдонида мухлислар билан раҳбарият ўртасида очиқ мулоқот бўлиб ўтди. Нима учун захира стадионида учрашув бўлганлиги Сизни ҳам қизиқтириши табиий. Гап шундаки, яқин орада шу стадион атрофида "Навбаҳор" футбол академияси иш бошлайдиган бўлди! Қон чиқариб, келганларга ош улашилди. Ундан сўнг эса раҳбарлар билан учрашув бошланди. Мазкур очиқ мулоқотда "Навбаҳор" клуби раиси Дилмурод Мамажонов, жамоа мураббийи Александр Клименко ҳамда Наманган футбол федерацияси вице-президенти Баҳром Холмирзаевлар иштирок этишди. Биз ҳам эътиборингизга мазкур мулоқотдаги асосий савол-жавобларни келтириб ўтамиз.

Учрашувни клуб раиси Дилмурод Мамажонов кириш сўзи билан очди:
— Биз хайрли ишни бошладик. Худо хоҳласа, тез фурсатда Наманганда ҳам футбол академияси очилади. Бизда футбол мактабини битирган кўпгина ёшлар бошқа масалан, "Машъал", "Насаф", "Пахтакор", "Бунёдкор" академияларига ўтиб кетишмоқда. Биз шунга барҳам бериш учун ҳам ишни бошладик. Насиб қилса, "Навбаҳор" футбол академияси Ўзбекистондаги энг зўр футбол масканларидан бири бўлади!

— Нега "Навбаҳор"нинг ўтган йилги таркиби сақлаб қолинмади?
Д.Мамажонов: — Таркибимизни Отабек Валижонов, Жасур Бобоев, Рўзим Аҳмедов, Жамол Отақулов, Александр Шадрин сингари етакчи футболчилар тарк этишди. Маълумки, кўпгина мураббийлар янги жамоада иш бошласа ўзига яқин бўлган футболчиларни сафга қўшиб олади. Бобоев, Аҳмедов ва Отақуловларни жамоага Элдор Сакаев таклиф этганди. Сакаев "Динамо"да иш бошлагач, бу футболчиларни Самарқандга чорлади. Александр Шадрин "Навбаҳор"да бир мавсум ўйнаши учун унинг "Машъал"даги шартномаси яна бир йилга узайтирилганди. Янги мавсумда эса уни "Локомотив" Муборак жамоасидан катта пулга сотиб олди. Отабек Валижоновни нима учун жамоадан кетгани ҳозир ҳам бизга қоронғу! Валижонов биз билан шартномаси бўла туриб "Пахтакор" машғулотларида иштирок этди. Кейин яна сафимизга қайтиб келди. Орадан кўп ўтмай эса кечқурун меҳмонхонани тарк этди. Кейин билсак у "Шўртан" билан шартнома тузиб бўлган экан.

Тан оламиз, селекция ишлари кўнгилдагидек олиб борилмади. Леонид Кошелев билан шартнома имзолаганимиздан сўнг у ҳам жамоани сабабсиз тарк этди. Бир неча кун телефонини ҳам кўтармади. Кейинчалик у ҳам "Динамо"га бориб қўшилди.

— Нега футболчилар билан кўп йиллик шартнома тузилмайди?
Б.Холмирзаев:
— Футболчилар шуни истамагандан кейин қандай қилиб тузиш мумкин. Ўйинчилар 1+1 кўринишида шартнома тузишмоқда. Бир йил ўйнагандан кейин, ўйлаб кўрамиз дейди.
Д.Мамажонов: — Биз четдан келадиган футболчи билан кўп йиллик шартнома туза олмаймиз! Чунки улар қанча кўп йилга шартнома тузса, шунча нархи ошади. Биз фақат ўзимизнинг ёшлар билан 5-6 йилга шартнома тузишимиз мумкин.

— Усмон Асқаралиевга ҳеч бўлмаса биринчи давра охиригача имкон бериш керакмиди, назаримда? Шунингдек, Усмон Аҳмедовични жамоага қайтиши ҳақида гаплар юрибди. Шуларга аниқлик киритиб берсангиз.
Д.Мамажонов: — Бу миш-мишдан ўзга нарса эмас! Биз Усмон Аҳмедовични икки тур натижасига кўра истеъфога чиқармадик. Бунинг бошқа сабаблари ҳам бўлган. Шундай экан бу мавзуга нуқта қўйиш керак.

— Жамоага кучлироқ мураббий олиб келинса бўлмасмиди?
Д.Мамажонов: — Бизда 5-6 та вариант бор эди. Охири ўйлаб, Александр Клименко номзодида тўхтадик. Клименкони биргина мен таклиф этганим йўқ, футбол мутахассислари билан маслаҳатлашган ҳолда шу қарорга келдик.
Александр Клименко: — Мен Наманганга шунчаки келганим йўқ. Менинг ортимдан турли фикрлар айтишмоқда. Oртимдан гапирганларни ёқтирмайман. Кимни қандай эътирози бўлса, марҳамат, ўзимга келиб айтсин. Орқадан гапириш яхши эмас. Мен "Навбаҳор"га камситилиш учун келганим йўқ. Шундай экан, баҳамжиҳат иш юритайлик!

— Биз 90 дақиқа давомида жамоамизни тинимсиз қўллаб-қувватлаймиз. Сафарда ҳам керак бўлса ёлғизлатмасликка ҳаракат қиляпмиз. Аммо шу ҳаракатларимиз футболчиларга таъсир қилмаяпти шекилли. Чунки, кўп ҳолларда улар бизга ўйиндан сўнг оддийгина миннатдорчилик ҳам билдиришмаяпти (Санжар Асқаралиев, Максим Белих мустасно). Футбол ахир мухлислар учун ўйналадику?
Д.Мамажонов: — Тўғри, футболчиларимизда маънавий тарафдан оқсаш бор. Бу ҳақда албатта мураббийлар футболчиларга сабоқ беришади.

— "Навбаҳор"нинг кўрсатаётган ўйини Элдор Сакаев вақтидаги жамоага ўхшаб кетмоқда. Яъни фақат ҳимоявий услубда тўп сурилмоқда.
А.Клименко: — Мен келганимда жамоа тузиб бўлинган эди. Таркибдаги бор футболчидан фойдаланишга мажбурман. Ҳужум чизиғида фақат Артурас Фоменко ўйнаяпти холос. Ҳозирги шароитда шунга мажбур бўляпмиз. Мен олдин ҳам Наманганда фаолият кўрсатганман. Бу ердаги мухлисларни топиш қийин. Аввало Сизларга ўз миннатдорчилигимизни билдириб ўтаман. Сафарда ҳам бизни ёлғизлатиб қўймаябсизлар. Таркибда бир хил кучга эга 22 та футболчи йўқ. Албатта, мен ҳам ҳужумкор футболни ёқтираман, лекин ҳозирги таркибимиз билан ҳужумкор ўйин кўрсатиш қийин. Бу билан фақат ҳимоявий ўйин кўрсатамиз, демоқчи эмасман.

— Ҳужумда Абдумалик Абдуллаев ва Жаъфар Ирисметовлар ҳам борку?
А.Клименко: — Абдумалик Абдуллаев — умидли футболчилардан бири. Лекин унда тезлик яхши бўлгани билан, майдонда ақл билан ўйин кўрсатмайди. Қуруқ югуриш билан ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Лекин ундан яхши ҳужумчи чиқишига ишонаман. Ўз устида янада кўпроқ ишласа, ҳаммаси жойига тушади. Жаъфарга келсак, кейинги учрашувда уни асосий таркибда кўрасиз. Биз барча футболчиларга имконият беряпмиз.

— Собир Ҳамидов-чи?
А.Клименко: — Собир ҳам яхши футболчи. Унга ҳам имконият бериб келяпмиз. "Олмалиқ" билан учрашувда ҳам унга ўйнаш имкониятини бердик. Мен футболчиларнинг кўзидаги ўтни кўрмаяпман. Албатта, бу борада ишлашда давом этамиз. Максим Белих ҳам маълум вақтга сафдан чиқди. Унинг ўрнига Қаҳрамон Муҳаммаджоновни ҳам қўйиб кўришимиз мумкин. Шунингдек, ёшлар таркибидаги футболчиларни ҳам кузатиб боряпман. Ботир Тўрабоев ҳам яхши таассурот қолдирмоқда.

— Ёшларга кўпроқ эътибор берилса балки натижа бўлар? Мана, "Андижон" ёшлар билан ўйнаб, "Пахтакор"га кеча катта қийинчилик келтирди. Футболда таваккалчилик ҳам қилиб туриш керак. Шу таркиб билан натижа бўлмагандан кейин ёшларга имконият бериш фойдалироқмикин?
А.Клименко: — Ким Сизга натижа бўлмаяпти деди? Мен келгунимча жамоа ҳисобида 1 очко мавжуд эди. Ҳозир-чи? 5 очко йиғдик, шу таркиб билан. Бу натижа эмасми? Кечирасиз, футболчилар майдонда ҳаракат қилишмоқда. Мана, куни кеча "Олмалиқ" билан 9-10 киши бўлганда ҳам йигитлар яхши ўйин кўрсатишди.

— Нима учун "Олмалиқ" билан кечган учрашувда Клименко мухлислар орасида ўйинни кузатди?
Б.Холмирзаев: — Ҳозирча Клименко Ўзбекистонда ишлаш ҳуқуқини берувчи ҳужжатга эга эмас. 3-4 кун ичида бу масала ҳал этилади.

— Абдумажид Тоиров жамоадан четлатилган эди. Аммо яна "Навбаҳор"га қайтиб келди.
Д.Мамажонов: — Тўғри, Тоиров жамоадан четлатилган эди. Лекин Александр Евгениевич Абдумажид Тоировни "Навбаҳор" учун фойдаси тегишини айтганидан сўнг, ҳимоячини жамоага қайтардик.
А.Клименко: — Ва Тоиров буни оқлаб келмоқда. Мана, Олмалиқдаги учрашувда ким яхши ўйин кўрсатди? Тоиров катта ҳажмдаги ишни бажарди.

— Таркибдаги ҳужумчилар "Навбаҳор" савиясига тўғри келмайди. Давралар оралиғида янги ҳужумчилар харид қилинадими?
Д.Мамажонов: — Албатта! Ҳозирда 4 та футболчи билан музокара олиб бормоқдамиз. Таркибда ўзгаришлар бўлади. Бусиз иложи йўқ.
Б.Холмирзаев: — Худо хоҳласа, кейинги мавсумлардан бошлаб янги ўйингоҳда ўйинлар ўтказамиз. Унгача эса кучли жамоа тузиш ҳаракатидамиз.

— Дарвоқе, стадион ҳақида қандай янгиликлар бор?
Стадионга масъул шахс: — Бир неча кун аввал клуб раиси билан ЎФФга ташриф буюриб, стадион лойиҳасини тасдиқдан ўтказдик. Сўнгра лойиҳани пудратчи ташкилотга топширдик. Стадион сметаси 19,5 млрд сўмга тенг. 2014 йили Наманганда "Баркамол авлод" мусобақалари бўлиб ўтади. Ушбу мусобақагача албатта стадион битказилади. Ҳозирча сиғими 20000 га мўлжалланган. Балки лойиҳага ўзгартириш киритиб 29 мингга етказишмиз ҳам мумкин. Буни вақт кўрсатади.

— Жамоа олдига қандай вазифа қўйилган?
Д.Мамажонов: — Кучли бешликка кириш. Биламан, бу қийин иш. Лекин уддаласа бўлади. "Навбаҳор"ни доим молиявий муаммолар қийнаб келган. Янги қуриладиган академияни ҳомийларнинг кўмагисиз қурамиз. Буни олдиндан айтишимни сабаби, кейин турли хил миш-мишларни олдини олишга қаратилган.

— Ўйиндан кейинги матбуот-анжуманларига Александр Клименко кирса бўлмайдими? Тўғриси, жамоа ғалаба қозонганда ҳам, мағлубиятга учраганда ҳам Мустафо Байрамовни нима дейишини олдиндан биламиз!
Д.Мамажонов: — Эндиликда Александр Клименко анжуманларга кириши мумкин.

Манба: www.lochinlar.uz
Киритилди: 08:11, 09.05.2012.
Ўқилди: 6691 марта.
Фикрлар: 5 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.