Охирги пайтларда футболимиз ривожланиши йўлида катта ишлар қилинмоқда. Бошқача айтганда, футболимизга энди-энди пойдевор қўйилмоқда, дейишимиз мумкин.
Шу паллада Наманган вилояти бундан четда қолиб кетмаслигини истардим. Аниқроғи "Навбаҳор"ни профессионал клуб сифатида кўришга иштиёқим баланд. Бу нафақат менинг, балки бутун республикамиз футбол ишқибозлари хоҳишидир, десам янглишмаган бўламан.
"Навбаҳор" Ўзбекистонинг донгдор клубларидан бири. Ўзбек футболига қанчадан-қанча кадрларни етказиб берган. Наманган вилояти азалдан иқтидорли футболчиларни тарбиялаб берадиган маскан сифатида эътироф этилади. Анвар Солиев, Сервер Жепаров, Леонид Кошелев, Жасур Ҳасанов сингари футболчилар айнан Наманганда обрў топишган. Буни ҳамма билади. Кеча Наманганда ҳам футбол академияси очилишини ўқиб жуда хурсанд бўлдим! Мана энди ишлар тўғри кетмоқда. Дарҳақиқат, кўпгина наманганлик ёш футболчилар бошқа клубларга тегишли акадамеяларга ўтиб кетишаётган эди.
Кейинги пайтларда "Навбаҳор" ўз мухлисларини хурсанд этадиган натижа кайд эта олмаяпти. Бунга мураббийларнинг қўнимсизлиги ҳам қайсидир маънода сабаб бўлмоқда деб ўйлайман. Ундан ташқари айрим мураббийлар ўз легиони билан жамоаларга кўчиб юради. Шунинг оқибатида ҳам "Навбаҳор" кучсизланиб қолган пайтлар бўлган. Мана эслайлик, 2004 йилга таркиб қандай эди а? Деярли терма жамоа десак ҳам бўлаверарди.
Ўтган йили ҳам клубда тўп сурган кўпгина футболчилар "Навбаҳор"ни тарк этишди. Шуларни бир нима қилиб олиб қолишни иложи бўлганида биз бошқача жамоани кўрган бўлардик. "Навбаҳор" кўпгина номдор бўлмаган футболчилар учун қулай клуб саналади. Наманганда тўп суриб мана нечта футболчи ҳозир кучли ўйинчига айланди.
Бир нарса менга тинчлик бермайди: наҳотки шундай футболчиларни етиштириб берадиган масканда битта барқарор жамоани шакллантириш қийин бўлса? Сифатсиз легионерларни бир йилга жалб қилгандан кўра (Денис Романенко бундан мустасно) маҳаллий футболчиларга шароит яратилса "Навбаҳор" чемпионлик учун курашиши мумкин. Қаранг "Нефтчи" легионерларсиз ҳам ижобий натижаларга эришмоқда. "Навбаҳор" "Нефтчи", "Насаф", "Бунёдкор" ва "Пахтакор"дан кам жойи борми? Ислоҳотлар шунчаки ислоҳот учун олиб борилмаслиги лозим!
Албатта, жамоани тараққий этишида "Марказий" ўйингоҳнинг қайта таъмирланиши ҳам туртки бўлса ажаб эмас. 20 мингга мўлжалланаётган ўйиноҳ албатта футболсеварлар юрти учун анча торлик қилади. Мана, пойтахт жамоалари иўтирокидаги учрашувларда стадион ҳувиллаб ётади. ОЧЛ доирасидаги ўйинларда ҳам мухлислар тўлиб-тошмайди. ТВ орқали кўп кўрамиз, Араб давлатларида ҳам учрашувлар деярли бўм-бўш стадионларда ўтказилади. Қани энди "Навбаҳор" ҳам ОЧЛ ёки ОФК Кубогида қатнашса! Тасаввур қиляпман, ҳалқаро ўйинлар пайтида ўйингоҳдаги ҳолатни! Ажойиб манзара! Ишонч билан айта оламанки, бу кунларга ҳам оз қолди!
Халқимизда бир мақол бор: "Яхши от кейин чопади". Буни "Навбаҳор" ўз вақтида исботлаган ва бу яна такрорланишига шахсан мен ишонаман. "Навбаҳор" яна олдинги мавқеини албатта ҳали тиклайди. Жамоанинг келажагига умид билан қарашга ҳақлимиз.
Обид РУСТАМОВ
"Пахтакор" фан-клуби аъзоси
Тошкент шаҳри