Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси (U16) Осиё чемпионатининг «D» гуруҳида Сурия, Хитой ва Ҳиндистон терма жамоаларига қарши кураш олиб боради. Дилшод Нуралиев жамоасининг олдига энг камида ярим финалга қадар етиб бориб, жаҳон чемпионати чиптасини қўлга киритиш вазифа қилиб қўйилган. Қайд этиш керак, икки йил аввал Алексей Евстафеев мураббийлигидаги Ўзбекистон ўсмирлари Осиё вице-чемпиони сифатида Мексикадаги мундиалга йўл олиб, якунда чорак финалга қадар етиб боришганди.
Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси ЖЧ чиптасини қўлга киритиши учун «С» гуруҳидан жой олган ва тенг кучли бўлган КХДР, Япония, Саудия Арабистони ёки Жанубий Корея термаларидан бирини маҳф этиши талаб этилади. Сабаби мазкур зона ва «D» гуруҳи етакчилари чорак финалда ўзаро тўқнаш келишади.
Қуръа ҳақида тўхталар экан Дилшод Нуралиев Ҳиндистон ҳақида яхши маълумотга эга эканини айтиб ўтди. Ёдингизда бўлса Ҳиндистон ўсмирлар терма жамоаси Тошкентда бўлиб ўтган саралаш турнирида ҳам Ўзбекистон билан бир гуруҳдан жой олганди.
«Хитой футболи сўнгги йилларда катта ўсишга эришди. Улар кўп жиҳатлари билан араб футболидан устунроқдек тасаввур уйғотишади. Гуруҳмиздаги Ҳиндистон ўсмирлари ҳақида яхши тасаввурга эгаман. Сурия ва Хитойни эса ўрганишимиз керак», - дейди Нуралиев.
«С» гуруҳидан тенг кучли жамоалар жой олгани кўриниб турибди. Бироқ унутмаслик керакки Осиё чемпионатида кучсиз жамоанинг ўзи иштирок этмайди», деб ўз фикрини билдириб ўтди Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси бош мураббийи Дилшод Нуралиев.