Машҳур футбол агенти Мино Райоланинг 54 ёшида вафот этгани ҳақида хабар берилганди. У Эрлинг Ҳоланд, Пол Погба, Златан Ибраҳимович ва бошқа бир қатор юлдузлар билан ҳамкорлик қиларди.
Tuttomercatoweb’нинг маълум қилишича, Минога амакиваччаси Винченцо Райола ворислик қилади. Бу унинг оиласи, хусусан, келажакда отасининг ишини давом эттиришни режалаштираётган фарзандларининг хоҳишидир.
Қайд этиш керак, Винченцо охирги 15 йил давомида Райолага ёрдам бериб келган ва уни барча футболчилар Минонинг меросхўри сифатида тан олган. Жанлуижи Доннарумма ва Маттейс де Лигт унга ишонч билдиргани ҳақида аниқ маълумотлар бор.
Келаси ёздан эса фаолиятини давом эттириш ёки тугатиш борасида бир қарорга келмаган Златан Ибраҳимовичнинг ҳам Минога тегишли бўлган агентликда иш бошлаши мумкинлиги айтилмоқда. Маълумки, швециялик футболчи Райола билан илиқ муносабатларда бўлган.
Эслатиб ўтамиз, 28 апрель куни Мино Райоланинг вафоти ҳақидаги хабарлар тарқалганди. Аммо орадан бироз вақт ўтиб, унинг ўзи Twitter тармоғида ҳаммаси жойида эканлиги, лекин чиқаётган хабарлардан ғазабда эканлигини ёзиб қолдирди. 30 апрель куни эса агентнинг вафот этганини унинг оила аъзолари тасқидлади. Ўлимга узоқ давом этган ўпка касаллиги сабаб бўлгани айтилди.
Мино Райола 1967 йил 4 ноябрда Италияда таваллуд топган. Футбол оламида Пол Погба, Эрлинг Ҳоланд, Златан Ибраҳимович, Марио Балотелли, Генрих Мхитарян, Марко Вератти, Жанлуижи Доннарумма, Жастин Клюйверт, Маттейс де Лигт ва яна кўплаб футболчиларнинг агенти сифатида машҳур эди.
Мино 1990 йилда Sports Promotions’да футбол агенти сифатида фаолиятини бошлаган. Ушбу компанияда иш бошлаган агент 1992 йилда Брайан Ройнинг «Аякс»дан «Фоджа»га ўтиши билан шуғулланган. Бир неча йилдан сўнг Райола мустақил агент сифатида компанияни тарк этган. Илк катта трансфери эса Павел Недведнинг «Спарта»дан «Лацио»га ўтиши бўлган. 2020 йилдан буён дунёнинг энг машҳур ва таъсир доираси кенг агентлардан бирига айланганди.