Хабарингиз бор, эртага Ғузор шаҳридаги марказий “Ғузор” стадионида футбол бўйича Ўзбекистон 21-миллий чемпионатининг 8-тур марказий учрашуви бўлиб ўтади.
“Қашқадарё дербси”да бу сафар “Шўртан” ҳамда “Насаф” жамоалари ўзаро баҳс олиб боради. Сир эмаски, сўнгги 3-4 йилдан бери ушбу жамоаларнинг ўзаро баҳслари қизиқарли, томошабоп ва кескин курашлар остида ўтмоқда. Қолаверса, жорий мавсумда ўз олдига чемпионлик вазифасини қўйган “Насаф” сўнгги тўрт йилдан бери Ғузордан қуруқ қўл билан қайтмоқда. Рўзиқул Бердиев шогирдлари ана шу “қора анъана”га чек қўйишадими ёки Игорь Криушенко шогирдлари ушбу ёқимли анъанани давом эттиришадими? Бу саволга учрашув якунига етганидан сўнг жавоб оламиз.
Лекин аниқ айта оламизки, кўпчилик мухлис ва мутахассисларнинг диққат-эътибори 11 май куни Ғузор стадионига қаратилади.
“Шўртан” клуби матбуот хизмати ходимлари мамлакатимизда фаолият олиб бораётиган бир қатор футбол журналистларидан ушбу ўйин ҳақидаги фикрлари билан қизиқди.
Ренат ЭРНАЗАРОВ (www.voha.uz сайти бош муҳаррири): 11 май куни биз ҳақиқий воҳа дербисига гувоҳ бўламиз, бу дербида Қашқадарёнинг икки гранд жамоаси “Шўртан” ва “Насаф” ўзаро куч синашишади.
Ғузорда “Насаф” га осон бўлмайди шунинг учун бу ўйинни олдиндан натижасини айтиш жуда қийин. Жамоаларнинг кейинги ўйинлардаги натижаларига эътибор берадиган бўлсак, руҳий устунлик “Насаф”да кўпроқ. Биз ҳозир “Насаф” иштирокидаги бўлиб утган ўйинлардан хулоса қиладиган бўлсак, ҳали бир аниқ тактикани кўрганимиз йўқ балки Р.Бердиевнинг “муғомбир”лигидир.
Худди шу ҳолат “Шўртан” да ҳам кузатилмоқда яъни улар ҳам ҳали ўз ўйинини топиб олгани йўқ. Биз ҳали Криушенкони нималарга қодирлигини сезмаяпмиз, чемпионат бошидаги ғалабалар кейинги пайтда худди тасодифдек туюлаяпти.
Таркиб жиҳатдан ҳам “Насаф”да устунлик бор фақат бу устунликдан рационал фойдаланилса фойда бериш мумкин.
Мен ҳар иккала жамоага муваффақият тилайман. Бу ўйинда ким маҳоратини кўпроқ ишга солса, қайси жамоа мухлисбоп ўйин кўрсатса қолаверса қайси мураббий ўйин тактикасини тўғри ташкил қилса ўша жамоа ғалабани нишонласин.
Беҳзод НАЗАРОВ (“Пахтакор” клуби матбуот хизмати вакили): Дербилар ҳамиша қизиқ кечиб келади. Охирги йилларда "Шўртан"нинг сезиларли даражада кучайганини ҳисобга оладиган бўлсак, Ғузордаги ўйинда мезбонларнинг ғалаба қозонишини тахмин қиляпман. Бир неча мавсумдан буён "Насаф" сафарда "Шўртан"ни мағлубиятга учрата олмаяпти. Лекин ўйин арафасида ҳамиша имкониятларни 50га 50 деб баҳолаш мумкин. Қайси жамоа майдонда ўзини яхши тарафдан кўрсата олса, ўша жамоага омад кулиб боқади. Тахминим эса "Шўртан" 1:0 ёки 2:1 ҳисобида ғалаба қозонса керак.
Шуҳрат ШОКИРЖОНОВ: (“Стадиони” газетаси бош муҳаррири): Эртага бўлиб ўтадиган 8-тур доирасидаги "Шўртан"-"Насаф" ўйинидан нималар кутяпман? Аввало голсиз (ёки голли) дуранг бўлишини! Менинг наздимда бунинг эҳтимоли 95 фоизга тенг. Аввало жамоалар тенг кучли. "Насаф" Ғузорда ғалабага эришмаганига анча бўлиб қолган - психологик тўсиқ бор. Учинчи ва энг асосийси сабаби учрашувни тошкентлик Владислав Цейтлин бошқараётганига эътибор беришингиз сўрардим. Бу ҳакам Қашқадарё жамоалари ўйинини бошқарганда кўпчинча дуранг кузатилмоқда. Бу ўйин ҳам истисно бўлмайди деб ўйлайман. Лекин бу фикрим унинг отаси "Пахтакор" ФК да ишлаши-ю, чемпионлик ва совринли ўринлар учун курашда "Пахтакор"га айнан "Насаф" ва "Шўртан" каби клублар рақобатчи бўлишининг олдини олишга ҳаракат қилишини билдирмайди. Асло!
Норбек НИЁЗОВ (“Машъал” радиоси мухбири): Иккала клубнинг турнир жадвалидаги мавқеига қарайдиган бўлсак, уч очко учун ғузорликларнинг нақадар ташна эканлигини кўрамиз. Ўтган турда сафардаги мағлубиятдан сўнг белоруслик мутахассис ўз фаолиятининг давом этиши учун ҳам қаттиқ курашса керак. Ғалабага бўлган жуда катта ташналик майдон эгаларининг хато қилишларига олиб келмаса бўлгани. Қаршиликлар бундан фойдаланишга ҳаракат қилишади. "Насаф"нинг ҳимоядан ҳужумга унчалик яхши ўйнай олмаслигини инобатга олсак, бу ўйиндан мен майдон эгалари ғалаба қозонса керак, деб ўйлайман. Иккала жамоага ҳам омад тилайман. "Омад"нинг кимга қандай боққанини эса ўйиндан кейин билиб оламиз.
Замира МУРАТОВА (”Шўртан” ФК расмий веб-сайти юритувчиси): Ўйлайманки, “Шўртан” ҳамда “Насаф” жамоалари ўртасидаги ушбу баҳс мухлислар ва мутахассислар ёдида узоқ сақланиб қолади. Демокчиманки, ушбу жамоалар ўртасида баҳслар доим интрига остида ўтган. Статистик маълумотларга суянадиган бўлсак, “Насаф” сўнгги йилларда Ғузордан фақат мағлубият билан қайтмоқда ва “Шўртан” бу сафар ҳам мана шу анъанани давом эттириш учун майдонга чиқиши табиий. Қолаверса, “Шўртан” ўз мухлислари кўз ўнгида тўп суради ва уларни яна бир бор хурсанд этишга ҳаракат қилишади.
Ишонаманки, учрашув мавсумнинг энг шиддатли, чиройли ва кескин курашларга бой баҳс сифатида кўпчиликнинг ёдида қолади ва “Шўртан” жамоасига омад ҳамда ғалаба тилайман!
Азиз НУРИЙ (“Насаф” клуби матбуот котиби): Эртага Ғузорда бўладиган ўйин мухлисларга ҳақиқий шиддатли курашни тақдим этишига шубҳа йўқ. Сабаби бу йил ҳар иккала жамоа ҳам ўз олдига энг олий мақсадларни қўйган. Қолаверса, охирги йилларда Ғузорда ўтадиган баҳсларда майдон эгалари кичик устунлик билан ғалабага эришишган. “Насаф” футболчилари эртага Рўзиқул Бердиев бошчилигида ушбу қора анъанага барҳам беришга уриниб кўринишади. Зеро, “Насаф” устози футболчилик фаолияти мобайнида Ғузорда жамоаси билан кўплаб ғалабаларни тантана қилишган.
“Шўртан” охирги учрашувларни муваффақиятсиз ўтказган бўлса, қаршиликлар ҳозирча Олий лигада ўз дарвозаларидан гол ўтказмаган ягона жамоа бўлиб туришибди. Бир сўз билан айтганда, эртага ҳар иккала жамоа аъзолари фақат ғалаба учун майдонга чиқишади ва бундан фақат ва фақат мухлислар ютишади.
Нодирхўжа ЮЛДАШЕВ: (“Чампионат.уз” сайти бош муҳаррири): Кўпинча воха жамоалари “Насаф” учун ишлайди, “Шўртан” ва “Машъал” очкони тухфа қилишади деган гапларни эшитамиз. Лекин сўнгги йилларда на “Машъал”, на “Шўртан” “Насаф”га ўз уйларида очко бераяптилар. Бунга Муборакда бўлиб ўтган биринчи воха дербисини мисол қилишимиз мумкин. “Шўртан” мавсумни яхши бошлаган эди, аммо кейин ишлар чаппасига кетди. Воха дербисидаги натижа эса жамоа учун ижобий рухият беради. Лекин “Насаф” ҳам қараб турмайди, чемпионатдаги биринчи ўринни ким ҳам бериб қўйгиси келади? Бу ўйинда кўплаб голларни кутаяпман. Боиси “Шўртан” ўз майдонида ҳамиша майда паслар асосида эътиборни ҳужумга қаратган. Табиийки “Насаф” ҳам ғалаба қозониш мақсадида гол уриши лозим. “Насаф”нинг ҳужумида муаммо бор. У ерда асосий ўйинни Геворкян қилиб бераяпти, “Шўртан” эса Геворкянни аллақачон "ўқиб" бўлган. “Шўртан”да Бошковичга қарши ўйнай оладиган бўйдор, Асрор Алиқулов. Патрик Агбонинг ўтган турдаги қизил карточкаси бу турда “Насаф”га фойда келтириш мумкин. Ўз навбатида “Шўртан”нинг ҳам ҳужумида муаммо йўқ эмас. Ундан ташқари "Шўртан" кетма-кет “Насаф”, “Нефтчи” ва “Пахтакор” жамоалрига қарши баҳс олиб боради. Бу ўйинлар Криушенконинг асл савиясини кўрсатиб бериши лозим. Менинг тахминим 2:1 “Шўртан” фойдасига.
Аҳмадбек ЮСУПОВ: “Чемпион” газетаси мухбири”: Дерби бу ўз номи билан дерби. "Насаф" ҳам, "Шўртан" ҳам нафақат воҳанинг, балки бутун Ўзбекистоннинг энг кучли жамоаларидан бири. Менга қолса, бу дербини ҳам Тошкент дербисидан кам кўрмаган бўлардим.
Эртага ҳам шиддатли ва муросасиз ўйин бўлиши аниқ. "Насаф" мавсум бошидан бери бирор марта мағлуб бўлмаган бўлиши мумкин, лекин "Шўртан" ҳамиша ўз майдонида "Насаф"га ён бермай келади. Ҳатто Демьяненко пайтида ҳам "Шўртан" кичик ҳисобда ғалаба қозонган.
Эртага яна мезбонлар ютишини тахмин қиляпман. Чунки Криушенко ўзининг асл маҳоратини кўрсатадиган вақт келди. Ўйлашимча, "Шўртан" эртага айнан тактик маҳорат эвазига зафар қучади.
"Шўртан" клуби матбуот бўлими бошлиғи Одилбек Толипов тайёрлади.