"Реал Мадрид" Чемпионлар лигасида яна даҳшатли камбэкни амалга оширди. 21 ёшли Родриго яна Бензема билан бирга клубнинг қутқарувчисига айланди! Уч ҳафта олдин унинг голи мадридликларга “Челси” билан ўйиндаги ғалабага ёрдам берган бўлса, 3 кун олдин“Бернабеу”да бразилиялик футболчи 2 дақиқада дубл қайд этиб, жамоасини мағлубиятдан қутқариб қолди.
Шу сабаб, бугун биз сизга ёш иқтидор футболчи ҳақида билишингиз керак бўлган ҳамма нарса ҳақида ҳикоя қилмоқчимиз.
Нима учун Родригони “янги Неймар” дейишади?
Родриго Сан-Паулуда туғилган бўлиб, бразилиялик собиқ футболчи Эрик Батистанинг ўғли ҳисобланади. Батиста асосан кичик лигаларида ўйнаган. Хуллас, ўғлида футболга бўлган иштиёқ уйғонганида, отаси учун уни қайсидир футбол мактабига жойлаштирш қийин бўлмади.
Робиньо карьерасидан завқланган ота, Родригони ҳам "Сантос" академиясига ўқишга қўйди. Лекин уни катта футболга эмас, балки футзалга берди. Сабаби, Робиньо тез қарор қабул қилиш, тўпни бошқариш ва гол уришни ҳис қила олиш қобилиятини футзалда ўрганган ва шу сабаб ҳам Родриго дастлабки таълимни спортнинг ушбу туридан олишни истаган.
Режа иш берди ва 11 ёшидаёқ Родриго тенгдошлари орасида ажралиб тура бошлади ва шундан кейин катта футболга ўтди. 2011 йилда бразилиялик штат чемпионатида 7 та гол урди, кейинги мавсумда эса 20 та голни ўз ҳисобига ёздириб қўйди ва Паулистанинг энг яхши тўпурарига айланди.
Бразилиялик жисмоний куч ва кучли мушакларнинг етишмаслиги каби камчилигини ўз истеъдоди ва техника билан ёпиб кетди, шунинг учун Родриго ўз ёшидаги футболчилар орасида яхши ўйин намойиш этиши ҳеч кимни ажаблантирмади.
Аммо 16 ёшида ўзининг илк профессионал шартномасини "Сантос" билан имзолагани ва катталар жамоасида дебют қилгани кўпчиликни ҳайратда қолдирди.
Ўшанда Бразилия футболининг янги юлдузи номи аллақачон бутун мамлакат бўйлаб тарқалиб кетган эди. Родригонинг ўйин услуби ва унинг йўли 2010-йилларда барча ёш футболчиларнинг кумири бўлган Неймарга жуда ўхшарди, шунинг учун ёш бразилиялик “янги Неймар” деб атала бошлади.
“Сантос” академиясида ишлаганларнинг барчаси Родриго ўйин услуби бўйича Неймарга ўхшашини билишарди.
“Узоқ вақт давомида биз бундай ўхшашликни кўрмаганмиз: тезликда ҳаракат қилиш, яккама-якка курашларда ғолиб бўлиш, тезкор оёқлар ва позиция”, - деб тан олди “Сантос” ёшлар жамоаси устози.
Родригонинг ўзи бундай таққослашни яхши қабул қилади, лекин у бу ўхшашликни ҳар томонлама рад этади.
“Фаолиятимни “Сантос”да бошлаганимдан бери мени “янги Неймар” ёки “янги Робиньо” деб аташади. Мен доим бу юкни кўтарганман. Лекин ҳар доим уларга Родриго бўлишни ва ўз ҳикоямни ёзишни хоҳлаётганимни айтганман. Робиньо ва Неймар “Сантос”, Бразилия ва улар ўйнаган клублар учун кумир ҳисобланади. Лекин мен эндигина фаолиятимни бошладим ва кейинги Неймар бўлиш ҳақида ўйлаганим йўқ. Фақат битта Неймар бор. Мен “янги Неймар” эмас, Родриго бўлишни хоҳлайман”, - деди футболчи.
"Ливерпуль" "Реал"дан олдин Родригони сотиб олиши мумкин эди
Родригонинг футбол йўли Неймарникига янада ўхшаш бўлиши мумкин эди. 2018 йилда "Реал Мадрид" билан бирга "Барса" ҳам ёш бразилиялик футболчига даъвогарлик қилган. Каталонияликлар вакили шартнома шартларини келишиш учун шахсан Бразилияга учиб кетди. Бироқ у битим бўйича келиша олмади: “Барселона” 30 миллион евродан ошмайдиган суммани таклиф қилди, “Сантос” эса 50 миллионни талаб қилди.
Бундан бир йил олдин Родриго “Ливерпуль”га ўтиши мумкин эди. Қанчалик ғалати туюлмасин, Юрген Клопп 16 ёшли иқтидорни YouTube’да топди ва у билан шартнома имзолаш ғоясини амалга оширишга ҳаракат қилди.
“Родриго 16 ёшида “Сантос” билан илк профессионал шартномасини имзоламоқчи бўлганида, менга “Ливерпуль” директори қўнғироқ қилиб, Клопп Родриго ҳақида билишини, у билан бўлган материални кўрганини ва Родригони шахсан ўзи кузатаётганини айтди”,- деди. футболчининг агенти Ник Аркури.
Клопп YouTube’га кириб, “бразилиялик истеъдод” деб қидирди. Натижада Родриго қатнашган видеоникўриб қолди. Ўша пайтда у жуда ёш эди. Клопп Бразилияга келди ва Родригонинг ўйини кузатди.
“Улар мен билан боғланишди. "Ливерпуль" директори Родриго билан шартнома имзоламоқчи эди. Мен мен улар билан эртасигаёқ учрашдим, сабаби ўша пайтда Лондонда эдим. “Ливерпуль”нинг Лондонда ҳам офиси бор эди. Мен уларнинг таклифини Модестога (“Сантос” президенти) етказдим. Аммо Модесто бу фикрга қўшилмади. Маълум бўлишича, "Сантос" Родригони сотишни истамаган ва бунинг ўрнига у билан илк профессионал шартнома имзолаган. Аммо бу Родриго учун биринчи расмий таклиф эди ва у ўша пайтда 16 ёшда бўлган”, - дейди агент.
Охир-оқибат футболчининг трансферини “Реал” амалга оширди. Мадрид клуби бразилиялик учун 45 миллион евро тўлади ва Родриго билан 2025 йилгача шартнома имзолади. Шунингдек, у клубда йилига 4 миллион еврога яқин маош олиши ва футболчининг вакилларига учун 10 миллион евро бонус берилиши ҳам белгиланди.
Трансфер 2018 йилнинг июнь ойида эълон қилинган эди. Декабр ойида Родриго шаҳар ва жамоа билан танишиш учун Мадридга учиб келди ва 2019-йилнинг 25-сентябрь куни “Реал Мадрид” сафида “Осасуна” билан ўйинда (2:0) 71-дақиқада Винисиуснинг ўрнига майдонга тушди.
Родриго қандай рекордларни янгилади?
Родриго катталар футболида қатнаша бошлаганига атиги беш йил бўлишига қарамай, у аллақачон кўплаб рекордларни ўрнатган ва муҳим ютуқларга эришган. Қуйида асосийларини келтирамиз:
- 2018-йилнинг 1-мартида Родриго Либертадорес кубогида Перунинг “Реал Гарсиласо” клубига қарши ўйинда дебют қилди ва турнир тарихидаги энг ёш “Сантос” футболчисига айланди (17 ёш-у 50 кун).
- 2018-йилнинг 15-мартида Родриго Либертадорес кубогида Уругвайнинг “ Насьональ” клубига қарши ўйинда илк голини киритиб, Либертадорес кубогида гол урган энг ёш бразилиялик бўлди (17 ёш-у 64 кун).
- "Осасуна"га қарши ўзининг Ла Лигадаги дебютида Родриго майдонга тушганидан бир дақиқа ўтиб гол урди ва "Реал Мадрид" сафида гол урган 21-асрда туғилганбиринчи футболчига айланди.
- 2019-йилнинг 6-ноябрида Родриго 18 ёш-у 301 кунлигида Чемпионлар Лигасида “Галатасарой” дарвозасини ишғол қилди ва “Реал” сафида Раулдан кейин (18 ёш 113 кун) иккинчи энг ёш гол муаллифига айланди.
- 2020-йилнинг 4-ноябр куни Родриго Чемпионлар лигасидаги 5-голини “Интер” дарвозасига киритди ва ХХI асрда туғилган футболчилар орасида ЕЧЛдаги тўпурарга айланди.
- "Сити"га қарши ярим финалда дубл қайд этган Родриго Чемпионлар Лигаси плей-офф тарихида 89 дақиқадан сўнг (қўшимча вақтни ҳисобга олмаганда) 2 та гол урган биринчи футболчига айланди.
- 2020 йилда нуфузли Goal.com портали Родригони дунёнинг энг яхши ёш футболчиси деб тан олди.
Родриго "Реал Мадрид" билан икки марта мамлакат кубоги ва икки марта чемпионликни қўлга киритган. У Мадрид клуби сафида 103 ўйин ўтказиб, 17 гол урган ва 20 голга ассистентлик қилган. Аммо уни эндигина 21 ёшда эканлигини унутмайлик...