"Манчестер Юнайтед"нинг АПЛдаги сўнгги мағлубияти, жамоани тарихдаги энг паст натижа қайд этишига жуда яқин олиб келди. Клуб мавсумни ўта юқори нотада бошлаганди: Роналду қайтган, Погба уйғоқ ва Санчо ўзини кўрсатган...
Бироқ кўп ўтмай, натижалар ёмонлаша бошлади. Шундай бир пайтда Сульшер ишдан олинди ва бошқарув Рангник қўлига ўтди. Немис мутахассиси ҳам амалда аҳволни ўнглай олмади. Айни дамда "МЮ" 6 ўринда ва улар учун мавсум якунланишига бир тур қолган. Қуйида "қизил иблислар"нинг мавсум давомида қайд этган энг ёмон натижаларини эслаб ўтамиз.
"Ливерпуль"га қарши ўйин (0-5)
Ушбу рақиблар ўртасидаги баҳс доимо кескин ва муросасиз ўтган. Аммо баҳс сўнгида ҳар доим ҳам "МЮ" мухлислар хурсанд бўлавермаган. Ўтган йилнинг октябрида ҳам шундай ҳодиса юз беради. Ўшанда Клопп шогирдлари "қизил иблислар" майдонида рақибга, жавобсиз 5 та гол "ҳадя" этади. Бу натижа ҳар икки томон ўртасида қанчалик катта фарқ борлигини ва Сульшер ғоялари ортиқ ишламаётганини кўрсатиб қўйган эди.
"Уотфорд"га қарши ўйин (4-1)
Бу ўйин Оле-Гунар Сульшернинг сўнгги мураббийлик баҳсига айланган эди. Юқорида айтилганидек, зўр старт ва натижаларнинг бирдан ёмонлашиши, "қизил иблислар"нинг турнир аутсайдерларига йирик ҳисобда таслим бўлишига олиб келди. Айни дамда "Уотфорд" АПЛни тарк этадиган бўлиб турибди. Аммо ноябрь ойида улар "МЮ"дек жамоани мағлуб эта олган. Ўша зарба таъсири ҳали-ҳамон сезилиб турибди.
"Манчестер Сити"га қарши (4-1)
Манчестер дербилари ичида шаҳарнинг қизил томони ҳеч қачон бундай заиф кўринмаган бўлса керак. Ҳали ҳам Рангник жамоасининг бахти бор экан – 4 та гол билан қутилиб қолди. Аммо "шаҳарликлар" ўша ўйинда рақиб дарвозасига нақ 24 марта аниқ зарба йўллаган эди. Ўйиндаги Жейдон Санчонинг ягона голи жамоага ёрдам бермади. Айни дамда эса Англиянинг Манчестер шаҳрида икки хил кайфият ҳукмронлик қилмоқда. Қисқача айтганда – "кимга аза, кимга тўй"...
"Ливерпуль"га қарши (4-0)
Яна бир бор "Ливерпуль"дан қабул қилиб олинган мағлубият, икки даврадаги умумий ҳисобни 9-0 кўринишига келтирган эди. "МЮ" азалий рақибига қарши яна тиз чўкишга мажбур бўлади. Ўйинда беш дақиқа ичида ҳисобни Луис Диас очди. Муҳаммад Салоҳ эса дубл қайд этади. Шунингдек, Садио Мане ҳам майдонни голсиз тарк этмаган. Ўшанда гўёки, "Энфилд"да икки гигант клуб эмас, балки ёш болалар катталарга қарши ўйнаётгандек туюлганди.
"Брайтон"га қарши (4-0)
"Манчестер Юнайтед"нинг сўнгги муваффақиятсизлиги ӯтган шанба куни "Брайтон" билан ўйинда юз беради. Бу ўйин натижасига кўра, "Брайтон" АПЛнинг кучли ўнталигига кириб олди. "МЮ" эса кейинги мавсумда ЕЧЛда иштирок этмайдиган бўлди. Шунингдек, айнан мана шу учрашув, 2021-2022 мавсумда "қизил иблислар"нинг олтинчи бор ўз дарвозасидан тўртта ёки ундан кўпроқ гол ўтказиб юбориши эди. Шундай қилиб, "МЮ" бу мавсумда ўзининг АПЛдаги тарихида энг кам очкони жамғарадиган бўлди.
Жалолиддин ИСМАТОВ таржимаси