"Манчестер Сити" ва "Ливерпуль" чемпионлик учун курашаётган бўлса, Лондоннинг учта клуби Чемпионлар лигаси йўлланмаси учун баҳсга киришган. "Челси", "Арсенал" ва "Тоттенхэм" ЕЧЛнинг қолган иккита йўлланмаси учун кураш олиб боради. Шу сабаб бугун қайси жамоанинг имконият юқорироқ эканлиги ҳақида бироз суҳбатлашишга қарор қилдик.
Чемпионлар лигасида Лондоннинг иккита клуби аниқ ўйнайди, аммо бу жамоалар қайси бири эканлиги номаълум. "Челси", "Арсенал" ва "Тоттенхэм" "Манчестер Юнайтед"ни курашдан чиқариб юборишди, бироз олдинроқ эса бошқа бир пойтахт клуби "Вест Хэм" ҳам Европа Чемпионлар лигасидан мосуво бўлди. Шу тариқа, чемпионат якунига уч тур қолганда учта Лондон клуби сўнгги икки йўлланмани ўзиники қилишга ҳаракат қилади.
Шубҳасиз, “Челси”да Чемпионлар лигасига чиқиш учун яхши имконият бор. “Аристократлар” қолган икки жамоага қараганда кўпроқ очко тўплаган ва агар улар тенг келган тақдирда ҳам, урилган ва ўтказиб юборилган голлар орасидаги фарқ қолган жамоаларга нисбатан яхшироқ. Бўлажак ўйинлар тақвими ҳам "Челси" томондалигини кўриш мумкин:
“Челси”нинг қолган турлардаги рақиблари:
36-тур “Лидс” (сафарда)
37-тур “Лестер” (уйда)
38-тур “Уотфорд” (уйда)
“Арсенал”нинг қолган турлардаги рақиблари:
36-тур “Тоттенхэм” (сафарда)
37-тур “Ньюкасл” (сафарда)
38-тур “Эвертон” (уйда)
“Тоттенхэм”нинг қолган турлардаги рақиблари:
36-тур “Арсенал” (уйда)
37-тур “Бёрнли” (уйда)
38-тур “Норвич” (сафарда)
"Арсенал" ва "Тоттенхем" кейинги турда ўзаро тўқнаш келгани боис, қолган турларда бир вақтнинг ўзида тўққиз очко қўлга кирита олмайди. Демак, “Челси” бошқа натижалардан қатъи назар, иккита ғалаба кучли тўртликдан жой олишини, 1 ғалаба ва 1 дуранг эса 99% ЕЧЛ йўлланмасини кафолатлайди (агар “шпорлар” 19 тўп фарқини йўққа чиқармаса). “Челси”нинг бўлажак рақиблари – омон қолиш учун кураш олиб бораётган “Лидс”, турнир жадвалининг ўртасидан жой олган “Лестер” ва аллақачон Чемпионшипга равона бўлган “Уотфорд”. Агар "Челси" бу ўйинларда ЕЧЛ йўлланмасини ҳал қила олмаса, аниқ жорий мавсум Англия Премьер лигасидаги энг катта сенсация бўлади.
"Арсенал" ва "Тоттенхэм"га келсак, кейинги тур кўп жиҳатдан ҳал қилувчи баҳс бўлади. "Канонирлар" ғалаба қозонишса, кучли 4таликдан жой олишади. Бунда “Челси”нинг вазифаси ҳам осонлашади, сабаби клублар ўртасидаги асосий еврокубокга чиқиш учун “кўклар”га бир очко ҳам кифоя қилади.
Агар Лондон дербиси дуранг билан якунланса, барчаси Артета жамоасининг ўз қўлида бўлади васўнгги икки турда уч очко қўлга киритиши керак бўлади. Мағлубиятга учраган тақдирда "Арсенал" "Ньюкасл" ва "Эвертон"га қарши муҳим баҳсларда ғалаба қозониши талаб этилади. Шу билан бирга, қўшимча қиламизки, агар очколар тенг бўлса, "шпорлар" устунликка эга бўлишади, чунки уларда тўплар фарқи ҳамшаҳарига қараганда яхшироқ.
"Тоттенхэм"нинг аҳволи жуда ёмон ҳолатди. Қолган уч турда учта ғалаба ҳам "шпорлар"га Чемпионлар лигасига йўл олишини кафолатламайди. "Арсенал"дан кейин "Тоттенхэм"ни омон қолиш учун курашаётган "Бёрнли" ва кейинги мавсумда Чемпионшипда иштирок этиши кафолатланган "Норвич" кутмоқда. Умуман олганда, “шпорлар”нинг кучли тўртликка кириш имконияти паст, Конте шогирдлари эса ҳар қандай ҳолатда ҳам бешинчи ўриндан пастга тушиб кетмайди.