"Навбаҳор"-"Динамо" ўйинини мен стадиондан кузатолмасдан, баҳсни севимли сайтимиз www.lochinlar.uz орқали онлайн тарзда кузатиб бордим. Учрашув тугагач, стадиондан ўйинни бевосита томоша қилган дўстларимга телефон қилдим. Улар стадиондан чиқишар экан, Косонсой ўйингоҳидан чиқаётган "Навбаҳор" мухлисларининг кўпини кўзларида ёш билан йиғлаб стадионни тарк этишаётганларининг гувоҳи бўлишаётганларини айтишди. Бу вақтда негадир менинг ҳам кўзимга беихтиёр ёш келди. Энди эса, умуман уйқум келмаяпти, юрагим эзиляпти. Дардимни кимга айтаман? "Навбаҳор"ни шунчалик яхши кўраманки, бу қандайдир касаллик бўлса керак деб ўйлайман. Нега, "Навбаҳор" умуман ноль (0) ўйнаса ҳам унга содиқман. Бу қандай туйғу?!
Бу ерда камчиликлар жуда кўп. Ўша камчиликларни бартараф этсак, "Навбаҳор" бу ботқоқликдан омон қолади. Ман ўзим шахсий фикримдан келиб чиққан ҳолда, қуйидаги ишларни амалга ошириш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайман:
1. Жамоага кучли психолог керак.
Биз ҳар сафар рақиб жамоага руҳан таслим бўламиз. Агар гол ўтказиб юборсак, футболчиларимиз умидсизликка тушиб қолишади. Пала-партиш тўп узатишлар бошланади. "Бунёдкор" билан ўйинда ҳам айнан руҳият туфайли ғалаба қозонганмиз. Футболчилар чемпионга қарши тўп суришларини ҳис қилиб, жанговор руҳда, ҳавф кутиб майдонга тушишди. “Бунёдкор” футболчилари эса аутсайдер билан ўйнаяпмиз деган хаёл билан хотиржамликка берилиб, "Навбаҳор" олдида ожиз қолдилар. Мана, сизга футбол психологияси!
2. Раҳбариятни тафтиш қилиб, қаттиқ текширув ўтказиш керак.
Бир неча кундан бери мухлислар раҳбариятга бўлган норозиликларини очиқдан-очиқ намойиш этишмоқда. Агар раҳбарият ходимлари ўзига тўғри бўлишса, бу эътирозларга жавоб қайтариш керак. Аксинча, айрим мансабдор шахсларни йўқотиш керак.
3. Мураббий масаласини ижобий ҳал этиш.
Кўпчилик мухлислар Усмон Асқаралиевнинг қайтишини хоҳлаётгани ҳаммага маълум. Балки мухлислар ҳақдирлар. Лекин, барибир якуний қарорни клуб раҳбарият ҳал этади. Борди-ю, Клименко ўз жойида қоладиган бўлса, унга имкон бериш керак. Аслида бу таркиб Усмон Аҳмедовичнинг тузган таркиби. Бу таркиб билан фақат Усмон Асқаралиев натижага эришиши мумкин холос. Агар Гвардиола ёки Моуриньо бўлган тақдирда ҳам бу таркиб билан узоққа бора олмас эди. Қисқаси, А.Клеменко У.Асқаралиевнинг шахмат доналари билан дона суряпти ва унинг юришини давом эттиряпти.
4. Жамоага 2 нафар кучли ҳужумчи керак.
Сабаби жамоанинг ҳужумкорлиги умуман паст! Фоменко ҳам, Ирисметов ҳам, Абдуллаев ҳам ҳеч нарса қила олмаяпти. Шунингдек, жамоани олдинга етаклай оладига плеймейкер олишимиз зарур деб ўйлайман. Менимча, ҳамма шу фикрда.
5. Битта яхши ўзига ишонган ҳомий топиш керак.
"Навбаҳор"нинг асосий ҳомийси "Туронбанк" эътироф этилмоқда. Аммо бу билан ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Ҳозирда кўп нарса пулга бориб қадалмоқда. Бунисига ҳамма қўшилса керак.
Эҳ, "Навбаҳор"... Нималар қилиб қўйдинг? Майли, нима бўлса бўлди энди. Аслида-ку, 0:5га мағлубиятга учрасанг ҳам, сенга мухлислик қилаверамиз. Фақат, мухлислар учун чиройли ўйин ҳам ўйнагин. Аутсайдерлик сенга ярашмайди. Қара бугун ҳамма мухлисларингни кўзида ёш, қалбида алам. Мухлисларинг учун ўйнагин, бизни қийнамагин. Сен бизни фахримизсан, буни унутма. Уйғон, "Навбаҳор"!
Маъмуржон ҲАМИДОВ