Равшан Эрматов бошчилигидаги ҳакамлар бригадаси ОЧЛ учрашувини бошқаради.
15-16 майкунлари Осиё Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичида сўнгги – 6-тур учрашувлари бўлиб ўтади. Ушбу ўйинларни бошқариш учун ўзбекистонлик ҳакамлар ҳам жалб қилинган.
«С» гуруҳи 6-тур баҳсларидан ўрин олган ва 15 май, сешанба куни Қатар пойтахти Доҳадаги «Жассим Бин Ҳамад» стадионида бўлиб ўтадиган «Лаҳвия» (Қатар) – «Ан-Наср» (БАА) учрашувини Равшан Эрматов бошчилигидаги ҳакамлар бригадаси бошқариб боради. Унга қанотларда ўзбекистонлик Абдуҳамидулло Расулов ҳамда қирғизистонлик Баҳодир Қўчқоров ёрдам беради. Қирғизистонлик Рисбек Шекербеков захира ҳаками сифатида кўрсатилган.
«С» гуруҳида барча масала муддатидан аввал ҳал бўлган. Саудия Арабистонининг «Ал-Аҳли» ва Эроннинг «Сепаҳон» жамоалари ўртасидаги ўйинда ким ушбу гуруҳда биринчи ўринни эгаллаши масаласига ойдинлик киритилса, Эрматов ва унинг бригадаси ишлайдиган ўйин натижаси ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас.
Равшан Эрматов бригадаси ОЧЛ-2012 гуруҳ босқичида бунгача тўртта учрашувни бошқарган. Эрматов гуруҳ босқичи 1-турида «Н» гуруҳидаги «Бурирам» (Таиланд) – «Кашива» (Япония) учрашувини (3:2), 2-турда «F» гуруҳидаги «Токио» (Япония) – «Ульсан» (Жанубий Корея) учрашувини (2:2), 3-турда «G» гуруҳидаги «Тианжин» (Хитой) – «Нагоя» (Япония) учрашувини (0:3), 4-турда эса «D» гуруҳидаги «Персеполис» (Эрон) – «Ал-Гарафа» (Қатар) учрашувини (1:1) бошқарди.
ОЧЛ-2012, «C» гуруҳи, 6-тур учрашуви
15 май, сешанба
«ЛАҲВИЯ» (Қатар) – «АН-НАСР» (БАА)
Бош ҳакам: Равшан Эрматов (Ўзбекистон).
Ён қанот ҳакамлари: Абдуҳамидулло Расулов (Ўзбекистон), Баҳодир Қўчқоров (Қирғизистон).
Захира ҳаками: Рисбек Шекербеков (Қирғизистон).
Назоратчи: Абдулраҳмон аз-Зайд (Саудия Арабистони).
Комиссар: Муҳаммадризо Касраий (Эрон).