Маълумки, юртимизда меҳмон бўлиб турган ФИФА президенти Йозеф Блаттер бугун журналистларимиз билан ўтган матбуот анжуманида 2015 йили ёшлар (U20) ўртасида ўтадиган Жаҳон чемпионатини ўтказиш учун юртимизда ажойиб имконият борлигини айтиб ўтган.
ФИФА президентининг турнирда 24 жамоа қатнашиши ва бунинг учун 6 та стадион бўлиши кераклигини тилга олганидан келиб чиқсак, гап айнан ёшлар (йигитлар) ўртасидаги жаҳон чемпионати ҳақида борган. Чунки ФИФА эгидаси остида ўтказиладиган барча аёллар чемпионатида 16 та терма жамоа қатнашади.
Бироқ, 2015 йилда 20 ёшгача бўлган ёшлар ўртасида ўтадиган Жаҳон чемпионати мезбони аллақачон аниқлаб бўлинган – Янги Зеландия. 2011 йилнинг марта ойида (ҳу, бизга U20 қизлар ўртасидаги жаҳон чемпионати тақдим этилган тадбирда) бира тўла 2013, 2015 йилларда ёшлар (U17) ва ўсмирлар (U20) ўртасида ўтадиган Жаҳон чемпионати мезбонлари аниқланган эди.
Келинг, ФИФАнинг яқин йиллардаги турнирлари мезбонларини яна бир бор эслаб ўтсак:
2012 йил. U17 қизлар ўртасида Жаҳон чемпионати. Мезбон – Озарбойжон;
2012 йил. U20 қизлар ўртасида Жаҳон чемпионати. Мезбон – Япония;
2013 йил. U17 ўсмирлар ўртасида Жаҳон чемпионати. Мезбон – БАА;
2013 йил. U20 ёшлар ўртасида Жаҳон чемпионати. Мезбон – Туркия;
2014 йил. U17 қизлар ўртасида Жаҳон чемпионати. Мезбон – Коста-Рика;
2014 йил. Жаҳон чемпионати. Мезбон – Бразилия;
2014 йил. U20 қизлар ўртасида Жаҳон чемпионати. Мезбон – Канада;
2015 йил. U17 ўсмирлар ўртасида Жаҳон чемпионати. Мезбон – Чили;
2015 йил. U20 ёшлар ўртасида Жаҳон чемпионати. Мезбон – Янги Зеландия;
Ёшлар ва ўсмирлар ўртасида ўтувчи Жаҳон чемпионатининг кейингиси 2017 йилда эканлигини инобатга олсак, жаноб Блаттер айнан шу йили ўтадиган 20 ёшгача бўлган ёшлар ўртасидаги Жаҳон чемпионатини назарда тутган бўлиши мумкин. Чунки турнир сўнгги марта 2003 йилда Осиёда қитъасида – БААда бўлиб ўтган. Шундан сўнг турнирга йил оралатиб, Нидерландия, Канада, Миср, Колумбия, Туркия ва Янги Зеландия мезбон бўлишмоқда.
Ёки бир мезбондан тортиб олиб иккинчига бериш тажрибасига эга бўлган ФИФА бу дафъа Янги Зеландияни "қурбон" қилармикин?