Матбуот анжуманининг иккинчи қисмига ташриф буюрган “Бунёдкор” бош мураббийи Миржалол Қосимовни журналистлар олқишлар билан кутиб олишди.
Миржалол Қосимов:
— Ўйлайманки, бу олқишлар йигитлар учун. Ўйин оғир бўлди. Олдимизга қўйган натижага эришганимиздан хурсандман. Бизни қўллаб-қувватлаб турган мухлисларга йигитлар номидан ҳам миннатдорчилик билдираман. Бу ўйинда битта хато яхшиликка олиб келмасди. Биз хато қилмадик ва ғалаба қозондик. Бизда ҳам, “Поханг”да ҳам гол уриш вазиятлар кўп бўлди. Омад эса бизга кулиб боқди.
— Ўйин охирида футболчиларнинг йиқилиши ҳолатига муносабатингиз.
— Бу футболчиларнинг чарчоқ аломати билан боғлиқ. Боз устига, ўйн соат 5да, иссиқ пайтда ўтказилди. Буни натижани ушлаб қолиш учун қилинган ҳаракат деса ҳам бўлади.
— Сиз яхши ўйнаётган Анвар Ғофуровни алмаштирдингиз. Ваҳоланки, Жавлон Иброҳимов кўп хато қилаётганди.
— Агар ўйинни кўрган бўлсангиз, алмаштиришни Анварнинг ўзи сўради. Жавлон масаласида айтадиган бўлсам, ҳар қандай футболчи хато қилади. Агар алмаштиришлар сони 3тадан кўп бўлганида, Жавлонни ҳам алмаштиришим мумкин эди.
— “Бунёдкор”нинг нимчорак финалдаги рақиби ҳам Корея жамоаси ҳисобланади. Бу жамоа ҳақида нима дея оласиз?
— “Сёнгнам” миллий чемпионатда 7-ўринда кетмоқда. Бу жамоанинг ўйинларини кўриб чиққанимдан кейин уни яхшироқ ўрганиб чиқамиз.