Англия чемпионати тугашига бир тур қолди. Тунда "Ливерпуль" "Саутгемптон" билан ўйинда жуда қийналиб бўлса ҳам 3 очко олди. Дастлаб 13-дақиқада Редмонд гол урди. "Ливерпуль" Минамино (27-дақиқа) ва Матип (67-дақиқа) голлари билан жавоб қайтарди. "
"Ливерпуль" охирги ғалабаларини фақат битта гол фарқи билан қўлга киритмоқда. Азоб билан, камбэкчалар билан. "Ливерпуль"нинг титулга интилишида бир драма бор. Ҳозир "Сити" билан 1 очко фарқ. Охирги турда манчестерликлар Стивен Жеррард бошқарувидаги "Астон Вилла" билан ўйнайди. Яъни, "Ливерпуль"нинг энг катта афсонаси бошқа жамоа билан бўлса ҳам чемпионликни совға қилиши мумкин. Агар "Манчестер Сити"дан очко олса. "Вилла" таркибида ҳам бир неча собиқ мерсесайд бор. Бу ёқимли эртакка айланиши мумкин.
Аммо. Бу тарафда. Ҳақиқий совуққон киллерлар. "Манчестер Сити". Дурангни ҳисобламаса, бешта учрашувда йирик ғалабалар ва 22 та гол урган. Айнан охирги турларда тўплар нисбатини ўз фойдасига ўзгартирган. Рақобатчисидан фарқли равишда бор куч-қуролини АПЛ титули учун ташлаган. Таркибда муаммо йўқ, аниқроғи бор, рақиб учун муаммо. Бу Пеп Гвардиола барпо этган танк. Улар шунчаки ўзидан даражаси пастроқ рақибни охирги учрашувда йўқ қилиб ташлаб, чемпион бўлиши кўпроқ реалликка ўхшайди.
Ана энди танлов, қайси вариантни кўрамиз, эртак ё реаллик? Нима бўлганда ҳам бу буюк қарама-қаршилик. Хосеп Гвардиола ва Юрген Клопп шубҳасиз замонамизнинг энг катта мураббийлар дуэлини юзага келтиришди. Ҳатто футболчилар ўртасида бундай рақобат деярли қолмади. АПЛнинг охирги драматик турида чемпионлик ўйинлари:
38-тур. 22 май. 20:00
"Ливерпуль" - "Вулверҳэмптон"
"Манчестер Сити" - "Астон Вилла"
Даврон Файзиев.