Ўзбек футболи келажаги дея таърифланган кўплаб футболчиларни биламиз. Ушбу мавсумда “Сўғдиёна” жамоасида ўзининг ёрқин ўйинларини кўрсатаётган Хислат Халиловни ҳам келажаги порлоқ кўринмоқда. Майдонда кўп югуриши ва доимий прессинг уюштириши туфайли Халилов баъзи мутахассислар эътиборига тушганлиги ҳам бор гап. Ўзбекистон U20 термаси ва “Сўғдиёна” ярим ҳимоячиси Хислат Халилов билан кичик суҳбат ўтказдик.
- Ушбу мавсум кашфиётларидан бири бўлишингиз кутиляпти. Сизни кузатганимда майдонда жуда кўп югуришингизни сездим. Бир ўзингиз рақиб майдони атрофида босим уйиштиришга ҳам иккиланмайсиз. Бу иштиёқ билан боғлиқми, ёки мураббийларнинг талабими?
Кўп югуришим мумкин. Бу кўпроқ менга ишонч билдирган мураббийнинг кейинчалик афсусланмаслиги билан боғлиқ. Асосий таркибда майдонга тушиш учун доим меҳнат қилиш керак ва мен ўша 11талик орасида бўлишга ҳаракат қиламан.
- Майдонда эркин ҳаракат қилишга интилаяпсиз. Ҳаракатларингиздан буни пайқаш қийин эмас. Аммо баъзан сизда журъат етишмаётгандек кўринади. “Қўқон-1912” билан ўйинда ҳам Жасур Хасанов сизга нималардир деганидан сўнг позициянгиз бўйича ҳаракатландингиз. Умуман етакчи футболчилар билан муносабатингиз қандай?
Жасур Хасанов, Баҳодир Насимов, Артём Филипосян ва Марат Бикмаев каби номдор футболчилар билан бир жамоада ўйнаш яхши. Чунки улар кўп нараларни ўргатишади. Майдонда қандай ҳаракатланиш ва жамоани бошқаришда уларнинг ўрни бор. Яхши футболчи бўлиш учун албатта уларнинг ёрдами керак. Умуман олганда жамоа ва уларга бўлган ҳурмат ҳаммада бор. Муносабатлар яхши.
- Мухлислар орасида сизга “Марсело” лақаби берилган. Бунга қандай муносабатдасиз? 12 рақамини ўзингиз танлаганмисиз ёки бу тасодифми?
Мухлисларга раҳмат айтмоқчиман. Олдин ҳам мени “Марсело” деб аташганлар кўп бўлган. Бунга қаршилигим бўлмаган. Албатта жаҳон даражасидаги юлдуз номи билан сизни аташи ёқимли. 12 рақамининг Марселога алоқаси йўқ. Бу шунчаки тасодиф.
- Сизни Равшан Ҳайдаров мураббийлигидаги U20 термамизда ҳам учратганмиз. У ердаги ҳолат қандай? Ёшларимиздан яхши натижалар кутсак бўладими?
20 ёшлилардан тузилган термамизда яхши савиядаги футболчилар жуда кўп. Таркибимиз ҳам кучли деб ўйлайман. Равшан Ҳайдаров яхши мураббий. Ҳудо ҳохласа яхши натижалар кўрсатамиз.
- Клуб ҳақида ҳам тўхталсак. “Сўғдиёна” бир ойдан сўнг ОФК кубогида иштирокини бошлайди. Жамоада қитъа мусобақасига тайёргарлик қандай кетяпти? Мухлислар “бўрилардан” чемпионлик кутишаётгани аниқ.
Жамоада машғулотлар аъло даражада олиб борилмоқда. Умуман у мусобақада қатнашадиган жамоалар ҳам барчаси тайёргарликни яхши олиб борса керак. Меҳнатимиз натижасини охирида биламиз энди. Унгача бирор нарса дейиш қийин.
- Гуруҳдаги рақиблар ҳақида нималар дея оласиз? Улардан қайсилари жиддий қаршилик кўрсатиши мумкин.
Мусобақада иштирок етаётганидан билса бўладики, улар ҳам кучли жамоалар. Лекин очиғи улар ҳақида кимдир нисбатан кучли ёки нисбатан заифроқ дея олмайман. Рақиблар ҳақида менда маълумотлар кам.
- Еврофутбол ҳақида ҳам битта савол. Чемпионлар лигаси финалида қайси жамоанинг имконияти юқорироқ деб ўйлайсиз?
Менимча “Реал Мадрид” ғалаба қозонса керак.
Миржалол Пардабоев суҳбатлашди.