19-май куни Испаниянинг El Chiringuito телеканали кутилмаган инсайд билан бўлишди. Манбада айтилишича, Франциянинг “ПСЖ” клуби раҳбарияти Килиан Мбаппени жамоада сақлаб қолиш учун астойдил ҳаракат қилиб, 23 ёшли футболчига клубдан қандайдир “лавозим” таклиф қилган.
Испаниядаги манбанинг сўзларига кўра, шайхлар Килианни олиб қолишнишунчалар хоҳладики, улар унга клубдан мисли кўрилмаган ваколатларни ваъда қилишди: мураббийларни алмаштириш ва унга ёқмайдиган футболчилардан кеткизиш ҳуқуқи. Кутилмаган ҳолат. Шундай эмасми? Тасаввур қилинг, 2009 йилда “Манчестер Юнайтед” Роналдунинг сақлаб қолиш учун шунга ўхшаш лавозим бериши мумкинмиди? Агар, Криштиану ҳам шунга ўхшаш ваколатни олганида, биз билган КриРо ҳозир шундай натижалар қайд эта олиши мумкинмиди? Албатта, қийин савол. Аммо, ҳозир бу ҳақида эмас. Боошқа масала ҳақида тўхталмоқчимиз.
Килиан ҳақида хабар биринчи марта матбуотда пайдо бўлганида, кўпчилик буни фейк хабар дея муносабат билдиришди. Ҳақиқатдан ҳам бундай бўлиши мумкин эмас эди ва ҳеч ким ким ишонмади. Бироқ, у “Реал”га ўтишга жуда яқин турган бўлса-да, 21 май кун кутилмаганда “ПСЖ” билан шартномасини узайтирди.
Француз болалигиданоқ "Сантьяго Бернабеу"да ўйнашни орзу қилгани ҳақида матбуотда ҳар куни такрорланиб турар ва у орзусини амалга ошириш учун қўлидан келганини қилиши тахмин қилинаётган эди. Хўш, Парижда унга нима ваъда беришганки, Мбаппе орзусидан жуда осон воз кечди?
Мбаппенинг ўзи қарорини қуйидагича изоҳлади: "Ҳар доим айтганимдек бу менинг уйим, менинг шаҳрим. Мен совринларни қўлга киритиш учун "ПСЖ"да ўйнашда давом этаман. Клуб кўп ўзгаришлар арафасида турибди. Мен ҳам бунинг бир бўлаги бўлишни истайман. "Реал Мадрид" ва Флорентино Пересга раҳмат айтмоқчиман. Мен уларнинг ҳафсаласи пир бўлганини тушунаман. Бундай клуб мени ўз сафига қўшиб олмоқчи бўлгани учун ўзимни омадли ва шарафли ҳис қиламан”.
Шу тариқа, Килиан Парижда қоладиган бўлди: “ПСЖ” лойиҳаси ҳақиқатдан ўзгарди. Энди клубни Мбаппенинг шахсан ўзи бошқаради. Йўқ, бу кесатиқ эмас, ростан шунақа. El Chiringuito нашридан кейин Испаниянинг яна бир ОАВси бошқа инсайдни эълон қилди. Хабарларга кўра, Мбаппе клуб хўжайини Носир Ал-Хелайфига жамоадан кетиши керак бўлган 14 футболчидан иборат узун рўйхатни тақдим этган.
Мбаппенинг рўйхатидан жой олган ўйинчилар:
Маурисио Почеттино, бош мураббий.
Неймар, ҳужумчи.
Мауро Икарди, ҳужумчи.
Тило Керер, ҳимоячи.
Юлиан Дракслер, ярим ҳимоячи.
Данило Перейра, ярим ҳимоячи.
Леандро Паредес, ярим ҳимоячи.
Андер Эррера, ярим ҳимоячи.
Лейвин Курзава, ҳимоячи.
Пабло Сарабия, ҳужумчи.
Хуан Бернат, ҳимоячи.
Идрисса Гейе, ярим ҳимоячи.
Колин Дагба, ҳимоячи.
Серхио Рико, дарвозабон.
"Мбаппенинг қора рўйхати" ҳақидаги хабар твиттерда шов-шувларга сабаб бўлгач, Килиан буни тезда инкор этди. Футболчи Mundo Deportivo нашрига асосланган ҳолда SPORTbible чоп этган миш-мишларни сохта деб атади.
Бу ҳақиқатан ҳам сохтами ёки рост?! Бу ҳозирча аниқ эмас. Буни яқин кунлар ичида билиб оламиз. Қизиқарли томони шундаки, агар "Пари Сен-Жермен" юқорида номи келтирилган футболчиларни сотадиган бўлса, унда таркибда кимлар қолади?! Жуда ҳам тушунарсиз ва кутилмаган ҳолат. Кузатамиз.
Жамшидбек Маҳмудов тайёрлади.