Кеча, шанба куни кечки маҳал “қалдирғочлар”нинг Корея Республикасидаги илк машғулоти ташкил этилди.
Бу ерга ташриф буюришган барча 19 нафар футболчи умумий гуруҳда бирдек шуғулланишди. Жамоамиз Осиё Чемпионлар лигасидаги ўзининг сўнги сафар учрашуви – 2 май куни Австралияда бўлиб ўтган “Аделаида Юнайтед” билан баҳсга ҳам 19 футболчи билан борганди. Бу гал ҳам делегациямиз таркибидан 19 нафар футболчи ўрин олган. Миллий терма жамоа билан шуғулланаётган сардоримиз Виктор Карпенко билан жароҳат олган Анваржон Солиев Тошкентда қолишган бўлса, Жанубий Кореяда уларнинг ўринларини ёш ўнг қанот ҳимоячиси Абдуқаҳҳор Хожиакбаров ҳамда Аделаидадаги ўйинни 2та сариқ карточка туфайли ўтказиб юборган марказий ҳимоячи Артём Филипосян эгаллашган.
“Бунёдкор”нинг машғулоти “Сонгнам спорт комплекси” стадионида (рақибнинг уй аренаси – “Танчон спорт комплекси” билан адаштирманг) олиб борилди. Барча ўйинчиларнинг кайфиятлари аъло даражада. Жамоани жиддий беллашув кутиб турганини инобатга олиб, клуб раҳбарияти Кореяга учрашувга бежизга тўрт кун олдин келмаган. Ўйингача жамоамиз бу ерда уч бор машғулот ўтказади. Умид қиламизки, бу кунлар оралиғида “Бунёдкор” аъзолари маҳаллий иқлимга ва умуман барча шарт-шароитларга мослашиш жараёнини буткул ортда қолдиришади.