Мадриднинг «Реал» клуби собиқ футболчиси ва мураббийи Хорхе Вальдано Cadena SER радиостан-циясининг El Larguero дастурида Ману Карреньога интервью бериб, унда жамоанинг ҳозирги ишлари ҳақида гапирди.
- «Реал»нинг Чемпионлар Лигасидаги иштироки ҳақида нима дейсиз?
- Бу йил содир бўлган воқеалар илгари умуман кузатилмаган, чунки «Реал»нинг ҳар бир рақиби мураккаб эди. «Плей-офф» босқичида ўйинларнинг аксариятида мағлуб бўлди ва шунга қарамай, якунда муваффақият қозонди.
- Жамоанинг ЕЧЛ жорий мавсумидаги иштироки - ҳақиқий мўжиза...
- Ҳа, ахир дарвозани дун-ёнинг энг зўр кипери қўриқлади, майдоннинг нариги қисмида эса тенгсиз ҳужумчи. Айнан шу омил мадридликларнинг ғалаба қозонишга лойиқ бўлмаган ўйинларда ҳам зафар қучишганига сабабдир. Жамоангизда шундай юқори иқтидор эгалари бўлса, муваффақиятга эришиш осонроқ кечади.
- Карим Бензема ҳақида нима дейсиз?
- У хулқ-атвор жиҳатидан ҳам анча ўзгарган. Карим бош-қа футболчилар учун жуда таъсирли шахсга айланди. У бутун ўйин ҳақида гапиради, порлайди - буни 5 йил олдин тасаввур қилиб бўлмасди. Ва у ажойиб голлар статистикасига эга. Месси ва Криштиануга тенг келадиган бошқа футболчини тез орада топамиз, деб ўйламагандим. Бу - Бензема. Унинг ажойиб истеъдодини доим қўллаб-қувватлаганман. Каримда самарадорликдан кўра нозиклик кўпроқ эди. Энди у ўзини нафақат сўзлар, балки рақамлар билан ҳам ҳимоя қилади. Статистикага қарасангиз, Бензема ўз сўзини айтганига гувоҳ бўласиз. Лекин қўшимчасига, бу йил Анчелоттига тааллуқли воқеалар ҳам тез-тез юз берди: барча футболчилар аввалги мавсумларга қараганда яхшироқ кўринишди. Дон Карло уларнинг ҳаммасига ижобий таъсир кўрсатди. Ҳатто таниқли ўйинчиларни, айниқса, ёшларни ўз йўлига солишни уддалади.
- Ёшлар деганда Родриго ва Винисиусни назарда тутяпсизми?
- Жумладан, шундай. Винисиусда катта устунлик бор - қатъиятлилик. Унинг учун дунё-даги энг муҳим қадам кейинги қўйилган қадамдир. Аввалгисини нотўғри қўйганми, тўғрими, фарқи йўқ, навбатдаги юришни худди шундай хоҳиш ва истак билан амалга оширади. Винни «Реал»нинг ажралмас қисмига айланди. У ҳар қандай рақиб учун доимий таҳдиддир. Родригога келсак, у хотиржамроқ, нафисроқ. Жуда истеъдодли, лекин биз уни ҳали тўлиқ очиб берганимиз йўқ. Родриго боши билан қандай гол урганини эсланг! Бу йигитларнинг камолотга етиши учун нисбатан кўпроқ вақт керак бўлди, лекин биз уларнинг муҳим фазилатлари борлигини аллақачон билардик.
- Эден Азар ҳам «Реал»да ўз ўрнини топа олармикан?
- Унга ишонаман. Эден дунё-нинг энг яхши футболчиларидан бири, шунчаки, бутун мавсум давомида муаммоларга дуч келди. Жароҳатидан тузалгач, ковидга йўлиқди. Тузалгач эса мушаклари билан боғлиқ муаммолар пайдо бўлди. Лекин унда ўз обрўсини тиклаш нияти борлигини ҳис қиляпман. Олдинда жаҳон чемпионати бор, бу жуда муҳим мусобақа, айниқса, Азар даражасидаги футболчилар учун. Бу унга қўшимча мотивация беради.
- ЕЧЛ финалидан олган таассуротларингиз билан ўртоқлашсангиз?
- Ҳар икки жамоа ҳам асосий бўлишни хоҳлади. «Ливерпуль» тўп йўқ бўлганда ҳам етакчилик қилишни ва ҳужум қилишни истайдиган жамоа. Уларда тўп бўлмаса, сурувга ўхшашади. Беллашув жуда қизиқ бўлди, «Реал»нинг энг катта устунлиги тажриба эди. Мазкур финалда ҳам айнан шу масала асосий ролни ўйнади, менимча.
- «Реал»нинг муваффақиятларида Карло Анчелоттининг қанчалик ҳиссаси бор?
- У фавқулодда мураббий - ҳамма нарсани осонликча бажаради. Бошқа ҳеч ким бундай қилолмайди. Карлонинг айтишича, яхши ўйнаш - яхши ҳимояланиш ва яхши ҳужум қилиш демакдир. У тактиканинг нафислигига эътибор бермайди, дея олмайсиз, чунки Анчелотти дунёдаги биринчи тактик жамоа ҳисобланган Арриго Саккининг «Милан»ида тобланган. Яқинда у билан бўлган суҳбатимда тактикадан чарчамаганини тан олди. Унинг учун футбол жуда кўп нарсани англатади, Карло деярли барча масалаларни юқори савияда ҳал қилади.
- Мбаппе «Реал»га келмайдиган бўлди. Умуман, ушбу футболчининг ўйинига қандай баҳо берасиз?
- Килиан барча жабҳаларда самарали бўлиши мумкин. Ўнг томонда ўйнаш унга ноқулай бўлсада, баъзан шу позицияда ҳам кўриниш беради. Мбаппе ажойиб марказий ҳужумчига айланиши мумкин. У шартнома имзолаш учун энг муносиб футболчи эди.
- Давримизнинг яна бир истеъдоди - Эрлинг Холанд бўйича фикрингиз-чи?
- Холанд «Реал»га мосмиди? Билмайман. Умуман, Мбаппе ва Холанд сингари футболчиларнинг ҳаммасини битта жамоага сиғдира олмайман. Холанд - тўп билан алоҳида муносабатда бўлган бўрон. У ХХI асрнинг Кемпесидир.
- Зиданнинг «Реал»дан кетиши сизга қандай таъсир қилганди?
- Рости, ҳайрон бўлгандим, лекин унинг қайтиб келганида ҳайратим янада ошди. Мен буни жасорат деб ўйладим, чунки ўша пайтдаги вазият оғир эди. Муаммони ўз қўлига олиш осон эмасди. Очиқ хатдан кейин Зидан мавзудан бироз четга чиқди. Аммо бу мактуб уч кундан кейингина таъсир кўрсатди. Қолаверса, Зизу жуда вазмин, баҳс-мунозараларни ёқтирмайдиган шахс бўлгани учун йўлдан адашиб қолди.
- «Реал»даги талаблар нечоғли юқори?
- Дейлик, сиз учта еврокубокни қўлга киритдингиз, улар эса: «Хенто олтитасини ютган», дейишади. Бу сизга қўшимча мотивация беради, ўз навбатида, мазкур ҳолат чидаганлар учун жуда фойдалидир. Шундай футболчилар борки, уларга мадридликлар либоси оғирлик қилади ва босимга дош беролмайдилар.
МУҲАММАДХОН тайёрлади