Хабарингиз бор, бугун, 19 июнь куни Тошкентдаги «Бунёдкор» стадионида футбол бўйича 23 ёшлилар ўртасидаги Осиё чемпионати финал баҳси бўлиб ўтади. Унда Ўзбекистон ҳамда Саудия Арабистони терма жамоалари кубок учун баҳс олиб боришади.
Финалга қизиқиш юқорилиги ва стадион барча хоҳловчиларни сиғдира олмаслигини инобатга олиб, «Бунёдкор» стадиони автомобиллар тураргоҳида футбол мухлислари учун ярим финалда ўрнатилганидек махсус монитор ўрнатилиши режалаштирилмоқда. Шунингдек, «Узрепорт ТВ» телеканали томонидан финал жонли трансляцияси амалга оширилади.
Бундан ташқари, стадионга келувчи мухлисларнинг кўплигини инобатга олиб ҳамда уларга қулайлик яратиш мақсадида мусобақани томоша қилиш учун томошабинлар стадионга соат 14:00 дан бошлаб киритилиши айтилди. Бу ҳақда ИИББ матбуот хизмати хабар берди.
Шунингдек, финал босқичи ўтказилиши муносабати билан Чилонзор туманининг қуйида келтирилган кўчаларда соат 12:00 дан соат 24:00 гача бўлган вақт оралиғида автотранспорт воситалари ҳаракати вақтинчалик чекланади:
— Муқимий ва Чилонзор кўчалари чорраҳасидан, Чилонзор ва КХАЙ кўчалари чорраҳасигача бўлган қисми;
— Муқимий ва Арнасой кўчалари чорраҳасидан, Чўпонота ва Арнасой кўчалари чорраҳасигача бўлган қисми;
— Бунёдкор иккинчи даражали кўчасидан-Чўпонота кўчасигача бўлган қисми.