Ўзбекистон U23 терма жамоаси бош мураббийи Темур Кападзе Саудия Арабистонига қарши бўлиб ўтган финал баҳсидан кейин ўз фикрини билдириб ўтди.
"Бугун бутун халқимизни ғалаба билан хурсанд қилмоқчи эдик. Насиб эмас экан. ИншаАллаҳ, келаси сафар ғалаба қозониб барчани хурсанд қиламиз.
Бугунги ўйин қийин бўлди. Ғалаба қозонишимиз мумкин эди. Йигитларим барча ўйинда борини беришди. Ўйлайманки, бу мағлубиятдан сўнг биз янада кучли бўламиз.
Бугунги мағлубиятда чарчоқ асосий сабабими? Чарчоқ, менимча, барча жамоада бор эди. Финалга келган барчада шундай бўлади. Майдон иккала жамоага ҳам халақит берганини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим.
Албатта, асосий мақсад Париж-2024 олимпиадаси йўлланмасини қўлга киритиш. Жамоамиз жуда ёш эди. Финалгача етиб келишимизнинг ўзи биз учун ғалабага тенг бўлди. Бу мусобақа давомида футболчиларимни янада яхши таниб олдим. Бу бизга катта тажриба тўплаш учун имконият бўлди. Барчага раҳмат.
Менимча, бу турнирда барча футболчилар ўзини ажойиб кўрсатди. Умуман олганда, бу турнирда мен учун захирада қолган ҳам, асосий таркибда майдонга тушган ҳам алоҳида муҳим ўйинчи ҳисобланади. Ўсадиган томонларимиз бор. Бунга алоҳида этибор қаратамиз.
Йигитларнинг ҳозирги руҳий ҳолати унча яхши эмас. Жамоа руҳий томондан чарчади. Барчаси тарихга айланди. Футболчиларнинг аҳволини эса кўриб чиқамиз.
Жамоада ўзини кўрсатган футболчилар бўлдими? Бундай турнирларда барча скаутларнинг ҳам, клубларнинг ҳам эътибори шу ерда бўлади. Эътиборимизни турнирга қаратишга ҳаракат қилдик. Барчани ўз агенти бор. Бизникиларга қандай таклифлар бўлгани ҳақида хабарим йўқ", — деди Кападзе.