Дортмунд «Боруссия»сининг норвегиялик ҳужумчиси Эрлинг Холанднинг янги мавсумни «Манчестер Сити» таркибида бошлаши футболдаги оилавий сулолалар сони яна биттага кўпайганлигидан далолат беради.
Ана шу янгилик муносабати билан ота-боболари анъаналарини давом эттираётган футболчиларни эслатиб ўтишни лозим топдик.
Чезаре, Паоло ва Даниэль Мальдинилар («Милан»)
Мальдинилар авлодининг учинчи вакили «Милан» таркибида скудетто соҳибига айланди. Даниэль анча муддат асосий таркибда кўринмади, лекин «А» сериядаги дастлабки голини нишонлашга улгурган. Унинг бобоси Чезаре ва отаси Паоло - «Милан» афсоналари. Қизиғи, ўғилнинг отадан ўзиб кетганига айнан шу сулола мисол бўла олади. Ўртанча Мальдини - футбол тарихидаги афсона. Уни жамоадошлари ҳам, рақиблари ҳам жуда ҳурмат қилишган. Тўғри, дон Чезаре ҳам анойи эмас - ЕЧК ва 4та скудетто соҳиби. Айтганча, «Милан»да машҳур сулоланинг тўртинчи вакили - Кристиан ҳам тўп суришга яқин эди, аммо Паолонинг тўнғич фарзандига буюк жамоада дебютини нишонлаш насиб этмади. Унинг 20 ёшли укаси Даниэль учун эса, нурли чўққилар ҳали олдинда.
Жан ва Юрий Жоркаеффлар («ПСЖ»)
Борис Пастернакнинг машҳур романи қаҳрамони - Юрий Живаго шарафига унинг номи билан аталган хавбек футбол мухлисларига яхши таниш. Бироқ унинг отаси Жан ҳам француз футболида ўчмас из қолдирган. Ҳимоя чизиғида тўп сурган катта Жоркаефф «ПСЖ» ва Франция термаси сардори бўлган. Унинг отаси қалмиқ йигити, онаси польшалик бўлишган. Юрий эса франциялик арман сифатида улғайди. Чунки онаси Мария Оганян эди. Ота-бола Жоркаеффлар асосан «ПСЖ» шарафини ҳимоя қилишган. Лекин Жан ўз вақтида «Лион» ва «Марсель» жамоаларида ҳам ўйнаган, Юрий эса Италия, Германия, Англия ва ҳатто АҚШда ҳам тўп суришга улгурганди. Жоркаеффлар сулоласида учинчи авлод вакили ҳам йўқ эмас, лекин Юрийнинг 25 ёшли ўғли Оан Швейцарияда ўйнамоқда, «ПСЖ»га келган эмас.
Мигель, Микель ва Хаби Алонсолар («Реал Сосьедад»)
«Ливерпуль» ва «Реал»да талаб даражасида тўп сурган Хабидан фарқли равишда, акаси Микель машҳурликка эришолмади. Ўз вақтида Карпиннинг собиқ жамоасида тўп сурган ака-укалар кейинчалик Англияга кўчиб ўтишганди. Фақат Мигель «Болтон» ва «Чарльтон»дан нарига ўтолмаган ва укасидек майдон марказидан гол уролмаганди. Футболга муҳаббат уларга 80-йилларда «Реал Сосьедад» ва Испания термасида тўп сурган оталари Мигелдан ўтганди. Кейинроқ Мигель «Барселона»га ўтиб, Сан-Себастьян клубидаги 2та чемпионликни 3тага етказганди. Бироқ Хаби каби Европада зафар қучолмади.
Фрэнк ва Фрэнк Лэмпардлар («Вест Хэм»)
Номдош ота-ўғилнинг кичиги янги аср мухлисларига «Челси» футболчиси сифатида таниш бўлсада, у «Вест Хэм» либосида ҳам 20 мартага яқин ўйин ўтказган. Катта Фрэнк эса чинакамига «болғачилар» афсонаси. Лондонликлар шарафини 670 учрашувда ҳимоя қилган. Бу клуб тарихидаги иккинчи кўрсаткич. У ҳатто Бобби Мурдан ҳам кўпроқ майдонга тушган. Фрэнки эса афсоналар ёнида улғайди. Оиласида фақат у АПЛ чемпионлигига, отаси эса Англия кубогига эришган бўлсаларда, туғма иқтидор ўз сўзини айтди - афсонанинг онаси билан Харри Реднаппнинг рафиқаси эгизак эдилар. Дарвоқе, Фрэнк ва Жейми Реднапп - холаваччалар. Ҳақиқий футболчилар оиласи!
Мазиньо ва Рафинья («Сельта»)
Рио Олимпиадаси чемпиони Бразилия термасини танлади, укаси Тьяго Алькантара ду Насименту эса Испанияни. Уларнинг отаси Иомар ду Насименту 1994 йили АҚШ мундиалида ғолиб чиққан, бунгача Европада Италия ва Испания клубларида тўп сурганди. Фарзандлари «Барселона»да таҳсил олган бўлсаларда, ўзи бу жамоада ўйнаган эмас. Охир-оқибат, «Селта» ака-укани бирлаштирди. Кейинчалик, Рафинья «ПСЖ»дан таклиф олди. Футболчилар учлигини оила бошлиғи - Валерия Алькантара тарбиялаган. У Бразилия волейбол термаси аъзоси, ака-ука футболчиларнинг онаси. Ўта чўрткесар табиатли хоним болалик пайтларидаёқ фарзандлари профессионал спортчилар бўлишларини эълон қилганди.
Данни ва Дейли Блиндлар («Аякс»)
Дейли яқинда ЕЧЛдаги ўйинлар сони бўйича «Аякс» рекордини ўрнатди. Юрагидаги муаммолар туфайли фаолиятидан воз кечиш хавфини бошдан кечирган йигитча учун ажойиб кўрсаткич. Негадир амстердамлик футболчиларнинг саломатлик бобида омади келмаяпти. Лекин «МЮ»га бевақт ўтганлиги боис ўз ўрнини тополмаган кичик Блинд қадрдон жамоасида фаолиятини давом эттирмоқда. Ҳозиргача унинг «Аякс»даги ўйинлари юздан ошиб кетди, терма жамоадан ҳам тез-тез чорлов олмоқда. Бу борада у отаси Даннидан икки баравар яхшироқ натижага эга. Катта Блинд эса ўз вақтида КЭК, УЕФА кубоги ва ЕЧК турнирларида ғолиб чиқиб, ўзига хос «хет-трик» соҳиби бўлганди.
Карлес ва Серхио Бускетслар («Барселона»)
Катта Бускетснинг савияси Серхионикидек юксак эмасди. Шу сабабли, у терма жамоа эътиборидан ҳам четда бўлди. Лекин жонажон клуби учун доимо садоқатли ўғлон сифатида хизмат қилди ва ажойиб ярим ҳимоячини тарбиялаб берди. Серхиодаги симуляцияга ўчлик нуфузига салбий таъсир этиши аниқ. Бироқ рақиб ҳимоя қўрғонини вайрон қилиш бобида у саноқли афсоналардан бири. Бускетс - Ла Лиганинг 8 карра, ЕЧЛнинг 3 карра ғолиби, жаҳон ва Европа чемпиони. Қисқаси, буюк ярим ҳимоячи!
Альф-Инге ва Эрлинг Холандлар («Манчестер Сити»)
Мино Райола ёруғ оламни тарк этгач, Эрлинг қандай шарт-шароитлар эвазига ўтганлигини тушуниш қийин бўлиб қолди. Айтишларича, 5 йилга мўлжалланган шартномага кўра, ҳужумчи ҳафтасига 375 минг фунт олади. Яъни, Кевин де Брюйне билан бир хил миқдорда. Шунингдек, норвегиялик ҳужумчи учун «шаҳарликлар» 60-75 млн. евро атрофида сарфлаганликлари маълум қилинди. Катта Холанд «Лидс»даги фаолиятидан кейин икки йил «Манчестер Сити» сафида тўп сурганди. Рой Кин қасддан унинг оёғини синдиргани сабабли, Альф-Инге фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлганди. Гвардиола кичик Холанднинг «шаҳарликлар» таркибидаги иштироки давомли ва самарали бўлишига шубҳа қилмаяпти. Қолаверса, Эрлинг анчайин бақувват ва дадил йигит, янги муҳитга мослашиш машаққатини бемалол бартараф эта олади. Биз ҳам иқтидорли тўпурардан АПЛда ҳам Бундеслигадаги сермаҳсулликни кутиб қоламиз.
Манба: soccer.ru,
С.РАҲМОНОВ тайёрлади