"Ливерпуль"да олти йил ўйнагач, Садио Мане "Бавария"га ўтди. Трансфер расман тасдиқлангач, сенегаллик форвард мерсисайдликлар матбуот хизматига интервью бериб, Англиядаги ўйинларини сарҳисоб қилди.
Садио "Ливерпуль"ни янги чақирув учун тарк этди
“Энди “Ливерпул” футболчиси эмаслигим ҳақида ўйласам, ғалати аҳволга тушаман. Клуб билан ажойиб дамларни ўтказдим. Биринчи кунданоқ жамоа билан машғулотлар ўтказган пайтимдан, бу ерни тарк этишимгача бўлган давр ҳеч қачон ёдимдан кўтарилмайди. “Энфилд”да, ажойиб мухлислар қаршисида ўйнаш — ажойиб.
"Ливерпуль" билан биргаликда кўп совринларни ютдик. Лекин ҳар доим ҳам ғалаба қозониш, футболчининг формаси учун яхши эмас деб ҳисоблайман. Шунинг учун раҳбариятга карьерамда янги саҳифа очишни хоҳлаётганим ҳақида айтдим. Бу мен учун навбатда муҳим қадам, чунки мен ривожланишни ва янада яхшироқ футболчи бўлишни хоҳлайман.
Охирги пайтларда менинг кетишим ҳақида кўп миш-мишлар тарқалди, лекин мен уларга изоҳ бермадим, чунки бор эътиборимни "Ливерпуль"га қаратган эдим”.
Мане жанжалсиз клубни тарк этди
“Клубдан кетганимдан сўнг, барчага хайрлашиш учун хабар ёздим. Албатта, бу ҳамма, шу жумладан мен учун ҳам қайғули эди, лекин бу ҳаётнинг бир қисми. Биз буни қабул қилишимиз керак. Мен жамоани жанжал билан тарк этишни хоҳламадим, чунки мен ҳамма билан - мураббийлардан тортиб ошпазларгача яхши муносабатдаман. Мен учун яхши муносабатлар билан Ливерпулни кетиш муҳим эди.
Жамоадошларимдан кўп нарсани ўргандим. Улар зўр ўйинчилар. Албатта, раҳбарият ҳам менга яхши ўйинчи бўлишим учун катта ёрдам берган”.
Энг яхши ўйин “Энфилд”да “Барса” устидан қозонилган ғалаба
“Болалигимда мен футболдаги барча совринларни қўлга киритишни орзу қилардим, шунинг учун мен ҳеч қачон ишлашдан тўхтамаганман. Энди айтишим мумкинки, барча совринларни қўлга киритиш учун тўғри клубни танладим. Бундай имконият учун "Ливерпуль"дан жуда миннатдорман. “Ливерпуль”даги энг яхши ўйин 2019 йили бўлган — “Энфилд”да “Барселона” устидан қозонилган ғалаба ва ундан кейинги Чемпионлар Лигасидаги муваффақият. Бу ақлбовар қилмас кунлар эди. Мен буларни ҳеч қачон унутмайман”.
Мане "Ливерпуль" сафида киритган энг чиройли голларидан бирини "Бавария" дарвозасига урган
“269 ўйинда 120 та гол уриб, “Ливерпуль” тўпурарлари рўйхатида 14-ўринни эгаллаб, клубни тарк этганимдан жуда фахрланаман. Бу осон бўлмади, лекин бу буюк инсонлар орасида ўз исмимни кўрганимда жуда ҳам хурсандман.
"Ливерпуль" сафидаги энг севимли голимни дебют ўйинимда "Арсенал" дарвозасига “Эмирейтс”да киритганман. Иккинчи севимли голим эса “Бавария”га қарши ўйинда Мануэль Нойерни хафа қилганман. Кечирасиз, Ману, лекин менимча, бу энг чиройли голларимдан бири”
Салоҳ ва Фирмино ажойиб футболчилар, Клопп эса ажойиб мураббий
“Бу йиллар давомида Муҳаммад Салоҳ ва Роберто Фирмино билан ўйнаганим “Ливерпуль”даги ишимни анча осонлаштирди. Бу иккиси ажойиб футболчилар. Ҳозирда таркибга Диого Жота ва Луис Диас каби ҳужумчилар қўшилди - бу ажойиб! Бу футболчилар дунёнинг энг яхши клубига жуда ҳам мос келади.
Клопп — ажойиб мураббий. У “Ливерпуль”га борини берган. Юрген билан муносабатларимиз жуда яхши. У менга топ даражадаги футболчи бўлишимга ёрдам берди.
Мане ҳар доим "Ливерпуль"га мухлислик қилишини айтади
"Мен "Ливерпуль" мухлисларини жуда соғинаман. Улар дунёдаги энг зўри. Мен буни ҳар доим айтганман ва айтаман. "Энфилд"да ўйнаш ҳар бир футболчига катта куч бағишлайди. Шундай қилиб, мен сизларни яхши кўраман ва сизларни соғинаман. "Ливерпуль"даги уйимни сотганим йўқ. Шу боис, мен албатта мухлислар билан кўришиш ва "Ливерпуль" ўйинларини томоша қилиш учун қайтиб келаман, чунки мен доимо клубнинг биринчи рақамли мухлиси бўлиб қоламан.
"Бавария"нинг ҳар бир ўйиндан кейин "Ливерпуль" қатнашган баҳсларни ҳам кузатиб бораман. Клубга омад тилайман. Ишонаманки, улар яна юқори ўринларни эгаллай олади, чунки мен бу йигитларнинг имкониятларини яхши биламан.