Португалия терма жамоаси яримҳимоячиси Раул Мейрелеш Евро-2012 арафасида Паулу Бенту шогирдлари ўртоқлик учрашувларида муваффақиятсиз ўйин кўрсатгани билан, уларни асло ҳисобдан чиқариб ташламаслик керак, деди.
Эслатиб ўтамиз, Португалия терма жамоаси аввалига Македония терма жамоаси билан 0:0 ўйнаб, сўнгра туркларга 1:3 ҳисобида имкониятни бой берди.
"Туркияга қарши ўйинда биз гол уриш учун кўплаб вазиятлар яратдик, бироқ уларни ижросида оқсадик. Нима ҳам қила олардик, бу - футбол. Лекин бундай омадсизликлар Евро-2012 мобайнида эмас, ҳозир рўй бераётгани бир томондан яхши.
Бизни ҳисобдан чиқариб ташламасликларини сўрар эдим. "Челси" билан биргаликда клублар ўртасида Европа чемпиони бўлдим, ваҳоланки бизнинг жамоамизга ҳеч ким ишонмаётган эди. Футболда эса ҳар нарса бўлиши мумкин", — дея Мейрелешдан иқтибос келтирморқда Португалия интернет-нашрлари.