Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Евро-2012: Ким қандай фикрда?

Баҳо:
+1 | -

Европа чемпионати, ундаги терма жамоалар ҳақида ҳар кимнинг турлича фикри бор.  Мухлиснинг ўз фикри бор, мутахассиснинг. Бошланажак мусобақага бағишланган махсус сонимизда биз ҳам шу соҳа мутахассислари ва журналистларидан фикрларини беришга қарор қилдик.  Шу мақсадда уларга бешта савол билан мурожаат қилдик.

1. Европа чемпионатида қайси терма жамоалар ғолиблик учун асосий даъвогар деб ўйлайсиз?
2. Умуман 1992 йилги Дания, 2004 йилги Греция терма жамоаларининг «авлодларини» куришимиз мумкинми? Агар мумкин бўлса бундай номга қаси терма жамоалар номзод бўлиши мумкин?
3. Мусобақанинг Шарқий Европада ўтиши, (об-ҳаво (айтишларига қараганда, чемпионатнинг катта қисми кучли ёмғирлар остида ўтиши мумкин экан), стадионлар, хавфсизлик) савияга таъсир ўтказиши мумкинми?
4. Футболчилар борасида: 1) Қайси ёш футболчи мусобақа кашфиётига айланиши мумкин? 2) Мусобақа қайси футболчига аталади (порлайди)?
5. Қайси терма жамоага мухлислик қиласиз? Ёки қайси терма жамоага симпатиянгиз бор?

Аваз БЕРДИҚУЛОВ (ОФК мусобақалар ўтказиш бўлими мутахассиси):
1. Мен Англия футболи фанатиман, Англиянинг ғалаба қозонишини хоҳлайман. Ҳар сафар Англия асосий даъвогар бўлиб мусобақага боради, лекин муваффақият қозона олмай қайтади. Бу сафар янги муррабий билан ёш жамоа бўлиб боришяпти. Бунинг устига Руни дастлабки икки ўйиндан четлатилган. Бугунги Англия жамоасининг елкасида ҳеч қанақа масъулият, жавобгарлик йўқ. Тўғрироғи, ҳеч ким бу масъулият ва жавобгарликни уларнинг елкасига қўяётгани йўқ. Бу эса яхши натижага олиб келиши мумкин — Ўзбекистоннинг Япония устидан сафарда қозонган ғалабасини эсланг, Англия ҳам шунақа қилиб ютиб келади, деган умиддаман. Украинага ўз уйидаги мусобақада омад тилайман, Россияга келсак, менимча улар гуруҳдан чиқа олмай қайтиб келишади. 
2. Бу гал қайси жамоа чемпион бўлса ҳам энди ҳеч ким Дания ёки Греция чемпион бўлган даврдагидек ажабланмайди. Деярли ҳамма жамоа тенг кучли, ҳатто Ирландия ҳам гуруҳдан чиқиши мумкин — тахмин қилиш қийин. Лекин аввалги саволга берган жавобимда айтганимдек, Англия чемпион бўлса, мана шуни ўтган сафарги Дания ёки Греция чемпионлигига тенглаштириш мумкин бўлади.
3. Мусобақанинг Польша ва Украинада ўтишини мусобақа савиясига бу таъсир кўрсатади, де­йиш нотўғри. Балки ташкилий маслалаларда муаммолар чиқар, томошабинлар учун қулайликлар борасида гап-сўз бўлиши мумкин. Лекин мусобақани телевизор орқали кўрадиганлар учун ҳеч нарса ўзгармайди — йилнинг энг муҳим мусобақасини кўрамиз. Об-ҳаво масаласида ҳам салбий фикр айтиш қийин — иккала мамлакатда ҳам ҳозир роса футболбоп мавсум.
4. Роналду ўзини кўрсатиши керак. «Реал» билан ажойиб мавсум ўтказди. Энди терма жамоаси билан буни давом эттиради, деб умид қилиш мумкин. Португалия — ўлим гуруҳида. Германия, Голландия ва Дания билан. Бу дегани — гуруҳ босқичидаёқ роса қизиқарли ўйинлар бўлади, Роналду учун. Агар ҳамма ўйинларга вақт ажрата олмай, танлаб ўйин кўришни режалаштираётганлар бўлса мен маслаҳат беришим мумкин - Португалиянинг ўйинларини кўринг. Гуруҳ босқичда бошқа ўйинлар Португалияникичалик қизиқарли бўлмайди.
5. Англия. Кейин Италиянинг ўйинларини ҳам кўрмоқчиман. Иккаласи финалда ўйнаса янаям қизиқарли бўлади менга қолса.

Олимхўжа БЎРОНОВ («Стадион» газетаси муҳаррири)
1. Бу галги Европа чемпионатининг қуръаси нотекис гуруҳларни тақдим этгани учун ғолибликка даъвогар терма жамоанинг номини айтиш қийин. Кучли жамоалар гуруҳдан чиқа олмай қолиб кетиши ҳеч гап эмас. Ёки аксинча, нисбатан кучсиз жамоалардан бири финалгача етиб бориши ва ҳаттоки унда ғолиб чиқиши ҳам мумкин.
2. Сюрприз тақдим этиши мумкин бўлган терма жамоалар сифатида Швеция ва Данияни тахмин қилишим мумкин. 
3. УЕФА ўтказадиган мусобақада бундай жиддий камчилик юзага чиқишини тасаввур қила олмайман. Ишончим комил барча омиллар тўлиқ инобатга олинган.
4. Агар ҳозирданоқ порлаши мумкин бўлган футболчининг номини айтсам, унда бу футболчига нисбатан «кашфиёт» сўзини ишлатиб бўлмай қолади. Унда у порлаши кутилаётган футболчига айланиб қолади. Футбол тобора жамоавийлашиб бораётганда аниқ бир футболчининг яққол порлашини кутиш қийин.
5. Аниқ бир терма жамоанинг номини айтмай қўя қолай. Шундай жавоб бераман: ҳакамларга мухлислик қиламан. Улар хатога йўл қўйишмаса, чемпионат чиройли ўтади.

Санжар РИЗАЕВ (ЎФФ матбуот хизмати бошлиғи):
1. Биринчи ўринда Германия. Нега Испаниямас деб сўралиши мумкин бўлган саволга ҳам жавобим бор. Испания жуда қийин гуруҳда. У гуруҳда кўп нарсани кутса бўлади. Мен ҳозир Испаниянинг Голландия ва Италияни ортда қолдириб кейинги босқичга чиқишига Германияга ишонганим қадар ишонмайман. Германияда эса, гуруҳда чиқишда муаммолар бўлмаслиги керак. Испания эса, катта муаммога дуч келади. Италияда янги авлод шаклланаяпти ва кучли жамоа бор. Голландиянинг эса реванши бор. Жавобим: Германия, Испания/Италия/Голландия ва Франция.
2. Йўқ, мен бунга ишонмайман.
3. Албатта! Майдоннинг аҳволи ўйин савиясига таъсир кўрсатмасдан қолмайди. Буни ўз кўзим билан кўрганман. Охирги марта Мексикада бўлиб ўтган Жаҳон чемпионатида. Ёмғир ёғиб, майдонни расво қилганидан кўра, иссиқ ҳароратда ўйнашни афзал деб билишади футболчилар.
4. 1) Менимча, Польша терма жамоаси ҳужумчиси Роберт Левандовски, Италия терма жамоаси ҳужумчиси Марио Балотелли ва Англия терма жамоаси яримҳимоячиси Алекс Окслэйд Чемберлэйн ёш кашфиётга айланади деб ўйлайман.  2) Бу турнир Германия терма жамоаси яримҳимоячиси Месут Ўзилнинг турнири бўладигандек туюляпти менга. Ундан ташқари, Португалия терма жамоаси ҳужумчиси Криштияну Роналду ҳам ўзини кўрсатиши мумкин. Польша терма жамоаси дарвозабони Войцех Шченснидан ҳам кўп нарса кутяпман. Англия терма жамоаси дарвозабони Жо Ҳарт ҳам турнир қаҳрамонларидан бири бўлиши мумкин.
5. Менда бир касаллик бор. Кучли ва кучсиз, фаворит ёки фаворит бўлмаган жамоа ўйнаса, кучсиз ёки фаворит бўлмаганига мухлислик қиламан. Масалан, ҳозирданоқ айтаман, Испания терма жамоасига қарши мухлислик қиламан, бу аниқ. Аммо, майдонга Англия терма жамоаси тушса, негадир уларга ён босавераман. Англия Премер-Лигасини доимий кузатиб борганим учундир балки. Бундан ташқари, ҳалигача ўтган жаҳон чемпионатида нега Германия чемпион бўлолмаганини ҳечам тушунмайман. Уларнинг ажойиб ўйинлари ҳали ҳам кўз ўнгимдан кетмайди. Бир гуруҳда ўйнайдиган Германия ва Англияга симпатиям бор.

Қаҳрамон АСЛАНОВ («Стадион» газетаси ходими):
1. Ғолиблик учун асосий даъвогарлар сифатида Германия ва Голландия терма жамоаларини кўрсатган бўлардим. Бу жамоалар сўнгги йилларда нуфузли турнирлар финалларида ўйнашди, яхшигина тажриба тўплашди, ҳар томонлама ғалаба учун «етилиб» турибдилар. Айниқса, голландлардан кўп нарса кутмоқдаман. Ушбу терма жамоанинг аксарият қисми учун бу турнир сўнггиси бўлиши ҳам мумкин. Ҳар ҳолда, кейинги сафар бугунгидек юксак формада бўлмайдилар, дея қолайлик. Шунингдек, Франция терма жамоасини томоша қилиш ҳам мен учун қизиқарли. Бир қатор яхши фтуболчилар бор, Блан улардан қандай жамоа тузганини кўрмоқчиман. Испанияга келсак, ҳа, улар фаворитлардан бири. Аммо бу сафар уларга чемпионликни бермаган бўлардим. Тарихда ҳеч бир жамоа уч марта қаторасига катта турнирда ғалаба қозонмаган. Албатта, ҳар бир рекорд қачондир биринчи марта қайд этилади, аммо бугунги Испанияни ундай жамоа дея олмайман. Камида ҳужум чизиғида муаммолар бор.
2. Чемпион номи бизни ҳайрон қолдирмаса керак. Аммо айтайлик, Россия-08, Чехия-96, Хорватия-96 каби терма жамоаларни кутса бўлади. Айниқса, Польшадан. Мезбонлар таркибида бир қатор иқтидорли ва яхши футболчилар бор. Гуруҳ ҳам у қадар кучли эмас. 
3. Об-ҳаво ҳақида бир нарса дея олмайман. Ташкилий жиҳатлардан эса муаммо бўлмаса керак. ЖАР даги мундиалдан кейин, бунга ишончим янада комил. 
4. а) Агар ҳозир бирор ёш футболчининг номини айтсам, саволни инкор қилган бўламан. Ахир ҳозирдан таниб, ундан ниманидир кутсак, кашфиётлиги қоладими? Айтмоқчиманки, турнир кашфиётини турнир давомида кашф этамиз.  б) Робин ван Перси. Яна Ўзил ҳам ниҳоят чинакам улғайган футболчи сифатида ўзини кўрсатиши мумкин. Давид Сильва. Номлар кўп. Қайси футболчисига аталишини айтсам, гуёки, Европа чемпиони бўладиган жамоани тахмин қилаётган бўламан.
5. Мен ёшлигимдан Италия терма жамоасига мухлислик қиламан. Юқоридаги ҳамма гапларимни унутинг, Италия терма жамоаси Европа чемпион бўлади!

Азамат МУРОДОВ («Стадион» газетаси ходими):
1. Фаворитлар сони кўп. Лекин алоҳида ажратиб кўрсатиш мумкин бўлган терма жамоалар бу Германия, Голландия ва Испания терма жамоаси. Албатта бу ўринда Испания терма жамоаси ўтган икки ўта нуфузли турнирни ютиб олгани учун қўшилган. Ўша ютуқларни қўлга киритган терма жамоа асосини (айниқса 2010йилиг ЖЧ) «Барселона» футболчилари ташкил этишган. Ўйин ҳам худди шу андоза бўйича қурилган. Бугунги кунда эса бу жамоа ва ўйин услуби ҳам «қаримоқда». Айнан Испания терма жамоаси аъзолари ҳақида гап борганда, албатта. Германия ва Голландия терма жамоалари эса ўйлашимча, ҳозирги кунда энг кучли таркибга эга жамоалар бўлиб туришибди.
2. Бўлиши мумкин. Лекин айнан қайси терма жамоа деган саволга жавоб бериб бўлмайди. Умуман эсласангиз ўша Греция терма жамоаси чемпион бўлганида ўта кучли ҳимоявий футбол эвазига бу вазифани амалга оширган. Рақиблар эса асосан ҳужумга мойил терма жамоалар бўлишган. Бироқ бугунги кунда Греция ўша ҳимоявий услуби билан бирор нарсага эриша олмайди. Сабаби кучли жамоалар ҳам ҳозирда керак пайтда ҳимояда ҳам ўйнашяпти. Бундан уялишмаяпти. Айтмоқчи бўлганим, бундай сенсация қиладиган жамоа бутунлай ўзгача футболни олиб кириши керак бўлади. Демак бунақа бўлмаса керак. Чорак финалга, ярим финалга чиқиб шов-шув кўтарадиган топилиши мумкин. Лекин чемпион бўладиган даражада бўлмайди бу шов-шув.
3. Мусобақанинг ташкилий жиҳатига ҳалақит бериши мумкин. Лекин профессионал футболчи ўйнайверади ҳар қандай шароитда ҳам. Днепропетровскдаги воқеалар эса ўта сергак қилиб қўйди, хавфсизлик хизматини. Энди бунақа ҳолатлар кузитилмаса керак.
4. Марко Ройс, Марио Балотелли, Окслейд-Чемберлен... Бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин. Лекин ҳеч ким кутмаган футболчи кашфиёт ҳам бўлиши мумкин. Биринчи навбатда терма жамоа бош мураббийларига боғлиқ. Улар ёш футболчиларга ишонч билдирса ва уларни кераклича руҳлантира олса,  ўша футболчи ўзини кўрсата олиши мумкин.
5. Голландия. Келсангиз пешонамга «доимо иккинчи» деб ёзилган ёзувни кўрсатиб юбораман!

Шерзод РАЖАБОВ («Стадион» газетаси ходими):
1. Мусобқа олдидан қайсидир жамоани фаворит, ғолиблик учун асосий даъвогар дейишдан олдин, бир қатор факт ва мезонларни солиштириб кўриш мақсадга мувофиқ бўларди. Масалан таркибларга ва жамоанинг сўнгги ўйинларда кўрсатаётган натижаларига қарасак, Испания, Германия ва Голландия терма жамоаларини мусобақанинг асосий фаворитлари қаторига қўшиш мумкин. Аммо, шуни ҳам унутмаслик лозимки, ушбу фаворит дея эътироф этилаётган жамоанинг аксарият футболчилари жуда оғир мавсумни ўтказишди. Улар оғир мавсум чарчоқларини енгиб ўтишдими? Мусобақа давомида улар қандай спорт формасида бўлади, буни айтиш қийин. Агар бу каби ҳолатлар бевосита футболчиларга таъсир ўтказмаган бўлса, у ҳолда Испания, Германия, Голландия ҳамда Италия терма жамоалирини мусобақа фаворити деган бўлар эдим.
2. Бундай қисқа масофали турнирларда ҳар қандай ҳолат қайд этилиши мумкин. Юқорида айтганимдек, мусобақанинг асосий фаворитлари учун гуруҳ босқичидаги учта ўйин ўзини кўрсатиш учун камлик қилиб қолиши мумкин. Албатта бу мусобақада ҳам қандайдир сенсациянамо воқеа бўлиши эъҳтимоли бор, албатта. Агар фаворит бўлмаган жамоалар қаторидан кимнидир айтиш керак бўлса, айтаман - Польша терма жамоаси бу йили яхши натижа кўрсатиши ва узоқроққа бориши мумкин. Терма жамоа ўз уйида ўйнаётганлиги ҳам уларга қўшимча куч бағишлаши мумкин. Умуман олганда, айни пайтда Польшада ажойиб ва жуда кучли таркиб йиғилган. Бу терма жамоанинг салоҳиятини кўпчилик эътиборга олмаяпти. Франция терма жамоасининг ҳозирги таркибидан ҳам «сюрприз» кутса бўлади.
3. Бу борада муаммо бўлади деб ўйламайман. Европа чемпионати юқори савияда ўтишига шубҳам йўқ.
4. 1) Марко Ройс, (Германия), Кристиан Эриксен (Дания), Йон Гвидетти (Швеция), Жеймс Макклин (Ирландия), Мэтью Дебюши (Франция) - мана шу ёш футболчиларга эътибор қаратишни маслаҳат бераман. 2) Порлаши мумкин бўлган футболчилар эса жуда кўп. Криштиану Роналду, Левандовски, Бензема, Жиру, Балотелли...
5. Бу мусобақада Германия ва Италия терма жамоаларига мухлислик қиламан. Бу жамоаларга аввалдан кичик симпатиям бор. Сўнгги пайтларда менга Франция терма жамоасининг ҳам ўйинлари маъқул келмоқда. Лоран Блан ажойиб жамоа шакллантираётгани кўриниб турибди. Жамоа таркиби ҳам ҳар қандай жамоага ташвиш туғдира оладиган даражада.

Баҳодир МИРЗАЕВ («Бунёдкор» матбуот хизмати ходими):
1.Испания ва Италия
2.Менимча кўрмаймиз. Балки бу авлодлар алмашинувини бошдан кечирган Франция термаси бўлар.
3.Йўқ, бу каби ҳолатлар инобатга олинмаганида ФИФА бош­қача қарорга келарди.
4.Бу ўйинчини кашфиёт дейиш энди кеч бўлса-да, ёшлардан Марио Балотелли ўзини кўрсатса керак. Фернандо Торрес қайтадан порлаб қолар.
5.Испания ва Германияга мухлислик қиламан!

Рустам СУЛАЙМОНОВ («Стадион» газетаси ходими):
1. Асосий давогарлар: Англия,  Германия, Голландия, Испания ва Италия. (Жамоалар алфавит тартиби билан қўйилди)
2. Дания ва Греция чемпион бўлган чемпионатларнинг ораси 12 йил экан, Греция чемпион бўлган чемпионатнинг бу йилгиси билан ораси 8 йил. Европада яна кимдир сенсация қилиши учун бу муддат камлик қилса керак, деб ўйлайман.
3. Қор ёғмайдими, барибир томошабинлар зерикиб қолмайди, деб ўйлайман. Ёмғирда ҳам қаттиқ кураш кетади, Европада ҳеч қайси жамоа об-ҳавони баҳона қилмаса керак. Агар шундай бўладиган бўлса — у жамоа Европага бегона. 
4. 1) Балотелли десаммикан?.. 2) Торрес ўзини кўрсатса керак. 
5. Ҳеч қайсисига. Менда мусобақа давомида ёки ўйинни томоша қилиш пайтида қайсидир жамоага симпатия уйғонади, бўлиб ҳам кучсизроқ жамоага!

Манба: stadion.uz
Киритилди: 14:08, 07.06.2012.
Ўқилди: 7593 марта.
Фикрлар: 15 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.