Халқаро майдон яхши нарса. Яқиндагина "Локомотив" стадионида медиа трибуна фойдаланишга топширилганди. Июль якунига қадар "Сўғдиёна" стадионида ҳам қатор ишлар амалга ошади.
"Сўғдиёна" 17 август куни ОФК кубогининг плей-офф босқичида "Хўжанд"га қарши майдонга чиқиши керак. ОФК эртага мазкур беллашув қайси шаҳарда ўтишига ойдинлик киритиб беради. Мамлакат чемпиони сифатида "Сўғдиёна-W" клублар ўртасидаги Осиё чемпионатини Қаршида ўтказади. Чунки бу ердаги стадион халқаро талабларга жавоб беради.
30 йил деганда халқаро майдонни кўраётган "Сўғдиёна" шу ой якунига қадар CIP сектор, медиа трибуна, комиссар ва инспектор учун алоҳида жой қиладиган бўлди. Матбуот анжуманлари хонаси аудио тизим билан жиҳозланади. Тиббиёт хонаси қайта жиҳозланади. Асосий камера турадиган жой кенгайтирилади ва бир вақтнинг ўзида 4 та камера фаолият олиб боришига шароит қилинади.
Газон қарови ҳам аввалгидан яхшироқ. Бироқ янги мавсум учун барибир янги газон ва дренаж системасини яхшилаш талаб этилади. Айни вақтда "Сўғдиёна" клуби раҳбарияти бунинг устида бош қотиряпти.
Сўнгги икки йилда майдон, база, академия ҳолати масаласи раҳбарият эътиборига чиққани ютуғимиз. Тез орада "Нефтчи" "Истиқлол"га қайтса, "Олимпик" "Жар"да ўйнай бошласа, Термизда иш бошланса — ҳолат янада яхшиланади.
Диёр Имомхўжаев.