Яқинда мен жуда катта қизиқиш ва таъсирланиш билан «Лаънати Юнайтед» фильмини томоша қилдим. Фильм режиссёр Том Хупер томонидан суратга олинган бўлиб, катта экранларга 2009 йили чиққан.
Бу фильмда Англия футболи тарихидаги энг муваффақиятли мураббийлардан бири Браян Клаф (Brian Howard Clough) ва у бошқарган клубни ўша даврдаги Англия футболи пешқадами «Лидс Юнайтед» клуби билан муросасиз қарама-қаршилиги тўғрисида ҳикоя қилинади. Фильм номи ҳам шундан келиб чиққан.
Фильмни воқеаларини қисқача гапириб ўтмоқчиман. 1967 йилда хеч кимга таниш бўлмаган Браян Клаф Англия иккинчи дивизиони тубида ётган «Дерби Каунти» клубига бош мураббийликка таклиф қилинади. Клаф ўзининг энг яқин дўсти Питер Тейлор билан бу жамоани ботқоқдан олиб чиқиш ва 2-дивизиондаги ўрнини сақлаб қолиш учун ишга киришади. Улар бу ишни муваффақиятли эплашади ва «Дерби» 22 жамоа ичида 18-ўринни эгаллаб, 2-дивизионда ўз ўрнини сақлаб қолади.
Келаси масумда эса Клаф «Дерби» билан 2-дивизион ғолибибўлиб, Англиянинг энг юқори лигаси - 1-дивизионга йўл олади (хали у пайтлари премьер-лига бўлмаган). «Дерби Каунти» дастлабки мавсумдаёқ 4-ўринни қўлга киритиб, барчани таажжубда қолдиради. 1971/1972 йилги мавсумда Клаф «Дерби Каунти»ни ўз траихида илк маротаба чемпионлик шохсупасига олиб чиқади, келаси йили эса Европа чемпионлар кубогининг ярим финалигача етиб боради.
Браян Клаф яхши мураббий бўлиш билан бир қаторда, ўзининг жиловланмас уришқоқ ва асабий характери, ўта қайсарлиги ва тилини тийиб тура олмаслиги билан ҳам машхурлик орттиради. У «Дерби» рахбариятини хабардор қилмасдан, ўзбошимчалик қилиб, футболчилар билан шартнома тузади, уларга юқори маошлар таклиф қилади, оммавий матбуот ходимлари олдида эса мағлубият сабабларини рахабариятга тўнкаш билан шуғулланади. Албатта унинг бу қилиқлари клуб президентига ёқмайди ва у Клафни танобини тортиб қўйиш учун, уни якка сухбага тортиб, ундан қиммат футболчиларни сотиб олишни бас қилишни, ойлик–маошларни камайтиришни талаб қилади. Бунга жавобан Клаф клуб президентига шундай дейди: «Сиз ўзи нима учун футбол билан шуғуллангансиз. Тўғри, сиз ўз чўнтагингиздан пул беряпсиз, бунинг учун сизга рахмат. Лекин агар сиз футболда энг юқори чўққиларга чиқишни истамасангиз, яхшиси бу ишни ташланг. Футболни эса менга қўйиб беринг, сиз эса ойлик маошларни ўз вақтида тўлаш билан шуғулланинг».
Албатта, «Дерби» президентига бу гаплар ёқмайди ва биринчи қулай вазият келди дегунча, яъни клуб жиддий мағлубиятга учраган ҳамоноқ, Клафни ишдан олиб ташлайди. «Дерби Каунти»ни иккинчи дивизион тубидан олиб чиққан ва чемпион қилган мураббийни:«Бундан кейин мени клубимда қорангни ҳам кўрсатма» – деб, қувиб солади.
Браян Клаф 1974 йилда иккинчи дивизионнинг яна бир вакили «Ноттингем Форест» клубини бошқаради ва уни 3-дивизонга тушиб кетишдан сақлаб қолади. 1977 йилда эса биринчи дивизонга олиб чиқиб, дастлабки мавсумдаёқ чемпионликка эришади. Кейинчалик бу жамоа билан 2 марта Европа чемпионлари кубоги соҳиби бўлади.
Эътиборга олиш учун бошқа маълумотлар:
· «Дерби каунти» Браян Клафдан сўнг бундай юксак натижаларга эришмаган ва клуб хозирги кунда қуйи дивизионларнинг бирида ўралашиб юрибди.
· Клуб президентини эса мухлислар ханузгача кечиришмаган, унинг ўзи эса умрининг охиригача бу ишидан афсусда ўтган.
· Браян Клаф Британия журналистлари томонидан «Англия терма жамоасини бошқармаган энг яхши мураббий» деб тан олинган. Унинг ўзи икки марта 1977 ва 1982 йилларда Англия терма жамоасини бошқаришдан бош тортган.
· The Times газетаси фикрига кўра Браян Клаф дунёдаги энг яхши мураббийлар рўйхатида 7-ўринда бормоқда
· «Кристал Пэлас»га қарши ўйинда ёш футболчи Рой Кин тўпни ўз дарвозабонига оширишда хатога йўл қўяди ва рақиб бундан фойдаланиб гол киритади. Клаф эса Киннинг хатосини ўз услуби бўйича тушунтиради, яъни футболчи кийиниш хонасига кириб келганда, уни бирмушт билан йиқитади ва «Болакай, хеч қачон, эшитдингми хеч қачон дарвозабонга тўпни оширма!» дейди. Кейинчалик «Манчестер Юнайтед» билан жуда кўп ғалабаларни қўлга киритиган Рой Кинбу воқеани эслаб, бу мен учун бутун умрга даср бўлиб қолди деган.
· Браян Клафнинг машхур сўзларидан бири: «Агар менга саволларингиз бўлса марҳамат, ўтириб 20 дақиқа сухбатлашайлик. Кейин эса мени хақлигим тўғрисида бир қарорга келамиз»
Муҳтарам ўқувчи, шуни эътиборга олингки, бу гапларим билан ҳеч нимага шаЪма қилаётганим йўқ, барча ўхшатишлар тасодифий.
Сардор ЮСУПОВ