Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Алишер Тўхтаев: «Андижон» ниҳоятда, актив, юқори даражадаги жамоа экан»

Баҳо:
+ | -

Хабарингиз бор, кеча Тошкентда Тожикистоннинг биринчи рақамли клуби – “Истиқлол” про лигамиз етакчиларидан бири “Андижон”га қарши назорат учрашувида қатнашди. Унда қайд этилган натижа эса балки кўпчилик учун кутилмаган бўлгандир.

Зеро, бунгача “Истиқлол” Суперлигада ўз ўрнига эга бўлган “Навбаҳор” ва “Локомотив” билан дуранг ўйнаганди. “Андижон” эса халқаро учрашувда чемпион жамоа дарвозасига жавобсиз учта голни жойлаб қўйди. Шундай қилиб, тожик етакчисининг юртимизга йиғини ниҳоясига етди.

Алишер Тўхтаев бошчилигидаги “Истиқлол”нинг “Андижон”га қарши ўйини олдиндан кўпчиликда қизиқиш уйғотгани рост. Шу сабабли учрашувни Юрий Саркисян ва яна бошқа бир қатор мутахассислар кузатиб боришди. Ўйиндан сўнг, рақиб жамоа бош мураббийи Алишер Тўхтаевни суҳбатга тортдик.

— Аввало, “Андижон” клубига қарши ўтказилган учрашувдан олган таассуротларингиз ҳақидаги фикрларингиз билан ўртоқлашсангиз?
— Ўйин ҳақида гапирсам, учрашув жуда яхши ўтди. Рақибимиз “Андижон” жамоаси менга жуда ёқди. Ниҳоятда, актив, юқори даражадаги жамоа экан. Биринчи бўлимда ҳар иккала клубда голли имкониятлар бўлди, бизда юз фоизли вазиятлар кўпроқ эди. Бироқ ўзимиз яратган имкониятлардан фойдалана олмадик. Тўғрисини айтсам, қизил карточкалар ўйин темпини синдириб қўйди. Шундан сўнг, ўйин маъноси йўқолди. Иккинчи бўлимда ҳам тоза голга тортадиган вазиятлар яратдик. Лекин гол ура олмадик. Биз назорат учрашувлари орқали ўз ўйинларимизни кўриб олмоқчи эдик. “Андижон”да ҳам шундай бўлган бўлса керак. Бу ўйиндаги голлар асосий роль ўйнамайди. Ўйинчилар орасидаги боғлиқликни кўрмоқчи эдик, футболчилар ўз позицияларида бўлмаса, мақсадга эриша олмайсиз, албатта.

— “Истиқлол” “Навбаҳор” билан 1:1, “Локомотив”га қарши 0:0 ҳисобларини қайд этганди. Лекин учинчи ўйинда “Андижон”дан йирик ҳисобдаги мағлубиятни қабул қилиб олдинглар. Бундай натижани кутмаганмидингиз?
— Ҳа, учрашувда бундай ҳисоб қайд этилишини ўзимиз ҳам кутмагандик. Лекин биз шундай тартибда ишлашда давом этамиз. Футболчиларимиз жисмоний юкламалар олган ҳолда ўйнашмоқда. Биз режа бўйича ҳаракатланамиз.

— Ундай бўлса айтинг-чи, “Истиқлол”нинг “Навбаҳор” ҳамда “Локомотив”га қарши ўйинларига нисбатан “Андижон” нимаси билан фарқ қилди?
— Бу борада шуни айта оламанки, “Андижон” клубида бўйдор бўлган тажрибали футболчилари бор ва улар якка курашларда ютқазишмаяпти. Ҳавода ҳам, ерда ҳам яхши ўйнашди. Қолаверса, стандарт вазиятлар, бурчак тўплари ҳамда аут орқали уюштирилган ҳужумларда жуда катта имкониятларга эга бўлишяпти. Бундай имкониятлар ҳаттоки, Суперлиганинг бир нечта клубларида бор холос.

— Сиз ўйиндан аввал “Андижон” тўғрисида маълумотга эга эдингизми?
— Бўлмасам-чи! Бу жамоани про лигада иштирок этишини биламан. Бизда клубингиз ҳақида маълумотлар бор. “Андижон” про лигада пешқадамлардан бири эканини яхши биламиз.

— Ҳозирда “Истиқлол”да ҳали расман бош мураббий сифатида тасдиқланганингиз йўқ. Бу иш қачон ҳал этилади?
— Мен ҳали бу ҳақида ўйлаганим йўқ. Бош мураббийликда қоламанми ёки йўқми, асосий йиғинимизни якунлаб олайлик. Чемпионатни бошлаб олиш асосий вазифамиз. Ҳозирча бундан бошқа бирор нарса айта олмайман.

— “Истиқлол”нинг собиқ устози Виталий Левченконинг “Нефтчи” бош мураббийи этиб тайинланганига муносабатингиз қандай бўлди?
— Бу ҳақида бирор нима айтишни истамаган бўлардим.

"Андижон" матбуот хизмати.

Манба: https://t.me/andijonpfc
Киритилди: 18:36, 30.07.2022.
Ўқилди: 1513 марта.
Фикрлар: 3 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.