Роналду футбол оламида ўз таъсирига эга номлардан биридир. У футболчилик фаолияти билан бир пайтда бизнесни ҳам бирдек юритишга ўрганган. Ҳужумчи йиллар давомида футбол орқали ишлаб топган пулларини унумли жойларга сарфлаб келмоқда. Роналду 2022 йил бошида ўзининг бешинчи меҳмонхонасини очди. У аллақачон Лиссабон, Мадрид, Нью-Йорк ҳамда ўз она юрти Мадейрада меҳмонхоналарга эга. Бешинчи меҳмонхона учун эса ўзига хос манзил танланди...
Португалия терма жамоаси аъзоси Марокашнинг Марокаш шаҳрида янги отелни ишга туширди. Бу эса эътиборга молик воқеликдир. Шунча қулай ва машҳур шаҳарлар туриб, айнан Африка шаҳри танланиши, ҳаммани ҳайратда қолдирган эди. Марокаш шаҳридаги меҳмонхона «Pestana CR7 Lifestye» деб номланади. У Pestana меҳмонхоналар тармоғи ёрдамида яратилган. Роналду ушбу иши билан Жаҳон меҳмонхоналари танловида олий ўринга лойиқ кўрилган эди. Люкс версиясидаги иншоат 174 та хона, SPA, бизнес марказ, бассейн ҳамда тренажор залидан ташкил топган. Хоналарнинг ҳар бири категориясига қараб кунига 158 фунтдан 372 фунтга қадар нархланади. Меҳмонхона томидаги панорамали муҳит Атлас тоғларини эсга солади. У ердаги меҳмонларга эса соғлом ичимлик ва овқатлар тақдим қилинади.
Криштиану Роналду меҳмонхоналари ҳақида шундай деган эди: «Илк бор 2016 йилда Pestana Group ҳамкорлигида меҳмонхона очганимда, бизнинг мақсадимиз халқаро бренд яратиш бўлган. Шундан буён, Мадейра, Лиссабон ва ҳаттоки Нью-Йорк шаҳрида ҳам ўз сўзимизга эга бўлдик. Марокаш шаҳридаги ишимиз эса бешинчиси бўлди ва халқаро даражада муваффақиятга эришдик. Бу меҳмонхоналар фақатгина сонга эътибор қаратмаган. Улар мени ва Португалияни ифода этади. Шу сабаб унда ишловчиларга катта талаблар қўйилади».
Шунингдек, Роналдунинг бу борадаги ҳамкори бўлган «Pestana Group» президенти Дионисьо Пестана ўз фикрлари билан ўртоқлашди: «Pestana ҳамда Роналду ҳамкорлиги Африкадаги меҳмонхона орқали янги даврга кирди.
Биз шу соҳада 20 йилдан бери хизмат кўрсатиб келмоқдамиз. Орзуларимиз рўёбга чиқди. Биз меҳмонхона очиш орқали ўзимиз учун янги тажрибага ҳам эга бўлдик. Африканинг энг машҳур шаҳарларидан бирида ўз брендимизга эга эканимиздан хурсандмиз».
ИСМАТОВ Ж.