“Сўғдиёна” ОФК Кубоги Марказий Осиё минтақаси финалида Тожикистоннинг “Хўжанд” жамоасига қарши майдонга тушиб, йирик ҳисобда ғалаба қозонди.
Улуғбек Бақоев жамоаси Хўжандда ўйнагани қарамай, учрашувни фаол бошлаб, дастлабки 30 дақиқа ичида гол уриб олишга муваффақ бўлди. Баҳснинг 13-дақиқасида Шайқуловнинг узатмасидан кейин 39 ёшли фуболчи ўз қанотидан жарима майдонига кирди ва у ерда икки ҳимоячини чиройли алдади ҳамда кучли зарба билан ҳисобни очди. Орадан 8 дақиқа ўтиб Жасур жамоадоши Норхонов билан "девор" услубида ўйнади ҳамда дарвозабон билан яккама-якка вазиятга чиқди. Ҳасановнинг кучли зарбасидан сўнг тўп дарвозабоннинг оёқлари орасидан ўтиб, тўрга бориб тушди.
"Хўжанд"нинг олдинга ташланишлари самара бермади. Аксинча вакилларимиз тўпни эгаллаб олишгач, хавфли ҳужумлар ташкил этишди. Виталий Денисовнинг идеал узатмасидан сўнг Норхонов дарвозабон билан яккамая-якка вазиятга чиқди ва дарҳол зарба бериб, ҳисобни 0:3 кўринишга келтириб қўйди.
Ўзбекистонликлар иккинчи бўлимни нисбатан хотиржам ўтказишди, жамоамиз кўпроқ ҳимояда ўйнади. Шунга қарамай, баҳснинг 79-дақиқасида "Сўғдиёна" тўртинчи голни урди. Шавкат Саломовнинг аниқ узатмасидан кейин Қаҳрамонов жарима майдонига ёриб кирган ҳолда дарвозабон билан юзма-юз вазиятда ўз имкониятидан самарали фойдаланди — 0:4.
Хўжандликлар ҳам ўйин давомида голга тортадиган 2-3та вазият яратишди. Аммо улар сўнгги паллада аниқ ҳаракат қила олишмади.
"Сўғдиёна" ОФК кубоги доирасидаги навбатдаги учрашувни 6 сентябрь куни Гонконгнинг "Истерн" клубига қарши ўтказади. Ўйин Жиззахдаги "Сўғдиёна" стадионида бўлиб ўтади.
ОФК кубоги. Марказий Осиё минтақавий финали
"ХЎЖАНД" - "СЎҒДИЁНА" - 0:4 (0:3)
Голлар: Жасур Ҳасанов (13, 21), Шоҳруз Норхонов (29), Жавоҳир Қаҳрамонов (79)
Огоҳлантиришлар: Ёдгоров (69), Цканьян (81) — Чермель (80)
«Хўжанд»: 50. Шоҳруҳ Қирғизбоев, 5. Фирдавс Абдусалимов, 7. Элчибек Рашидбеков, 8. Эҳсон Бобоев, 18. Далер Ёдгоров, 19. Сергей Гаранза, 20. Самандар Очилов (Фируз Холматов 83), 21. Фирдавс Чакалов (Дарвиз Изатшоев 83), 62. Жаҳонгир Эргашев, 73. Алишер Баротов (Парвиз Боқиев 33), 97. Сергей Цканьян (Жумабой Каримов 83)
Бош мураббий: Рустам Хўжаев.
«Сўғдиёна»: 27. Милан Митрович, 2. Сардор Қулматов, 6. Искандар Шойқулов, 10. Шоҳруз Норхонов (Баҳодир Насимов 77), 11. Жасур Ҳасанов (Ҳусниддин Ғофуров 62), 12. Хислат Халилов (Аюбхон Нўмонов 61), 19. Жавоҳир Қаҳрамонов, 26. Виталий Денисов, 31. Лука Чермел, 77. Даниел Насриддинов (Азамат Юнусов 77), 93. Марко Колакович
Бош мураббий: Улуғбек Бақоев