Биласизми, бугунги кунга келиб, "МЮ" кўплаб футболчиларнинг орзусидаги клубга айланмай қолди. Эндиликда, улар олдингидагидек машҳур қизил либос билан "Олд Траффорд"да юришни истамаётир. Бунинг мисолини ҳатто Адриан Раьонинг жамоага келишни истамаганида ҳам кўришимиз мумкин. Қуйида, "Манчестер Юнайтед" сўнгги 12 ой ичида нечта "нишон"идан айрилгани ҳақида гаплашамиз.
Вақт ўтган сари футбол юлдузлари "Бавария", "Реал", "Ливерпуль" каби жамоаларни афзал кўра бошлади. Дастлаб, Эрик тен Хагга яқин футболчилардан бошласак. "Аякс" футболчиси Юрриен Тимбер "Олд Траффорд"га ўтиши мумкин бўлган юлдуз эди. Аммо Нидерландия терма жамоаси устози Луи ван Гал уни бу ниятдан қайтаради. "МЮ" кўп ўтмай, "Челси"дан Антонио Рюдиерни олиб келишни ўйлай бошлади. У текин эди. Аммо германиялик футболчи "қироллик клуби"ни афзал кўрди. Тен Хагнинг "Аякс"да етиштирган шогирдларидан бири – Маттейс де Лигт "МЮ" учун анчадан бери нишон эди. Аммо нидерландиялик футболчи "Бавария"га йўл олди. Англия терма жамоаси юлдузи Калвин Филлипс "Олд Траффорд"га ўтиши борасида таклифлар олади. Аммо ярим ҳимоячи "Лидс"га содиқ қолиш мақсадида ("Лидс" ва "МЮ" ўртасида кучли душманлик борлигини биласиз) "Манчестер Сити"ни танлади.
"Қизил иблислар" бу ёзда энг катта мақсади бўлган Френки Де Йонгга етишишга ҳаракат қилмоқда. Аммо нидерландиялик футболчи "Барселона"да қолишга тиш-тирноғи билан курашмоқда. Рабьо ҳам катта маоши сабабли "МЮ" футболчиси бўлгиси келмади. Кингсли Коман эса "Бавария" билан янги битим тузди. У ҳам "МЮ" қизиқишлари доирасида эди. Ҳужумчи борасида ҳам "Манчестер Юнайтед" муваффақиятсизликка учради. Жамоа "Заьцбург" вакили Бенжамин Шешкони олиб келмоқчи эди. Аммо у 2023 йилда "Лейпциг"га ўтиш шарти билан Австрияда қоладиган бўлди.
Қишда "Ливерпуль" билан Дарвин Нуньес борасида кураш олиб борган "МЮ", енгилди. У ҳозир мерсисайдликлар сафини тўлдирган. Энг алам қиладигани "МЮ" раҳбарияти бир неча йилдан бери собиқ "BVB" ҳужумчиси Эрлинг Холанд трансферини орзу қилаётган эди. Аммо норвег "қизил иблислар" ўрнига, уларнинг маҳаллий рақиби бўлган "шаҳарликлар"ни танлади. Минг афсус...
Майли, уни-буни қўя турайлик. Юқорида саналган футболчилар ўзга клуб вакиллари эди ва шундай бўлиб қолди. Ҳозир, ҳатто "Манчестер Юнайтед" футболчиси, клуб тарбияланувчиси бўлган Дин Хендерсон ҳам клубда ўйнашни истамаслигини очиқ айтмоқда. У "Ноттингем Форест"га ижарага кетишидан аввал шундай деганди: "Мен, бош мураббий мени машғулотларда кўришини истамасдим. Чунки у мени жамоада сақлаб қолиб, яна захирага михлаб қўйиши мумкин эди. Шу сабаб клуб раҳбариятига ўз ниятимни очиқ баён қилдим ва мен футбол ўйнашни хоҳлашимни, захирада умримни сарфлашни истамаслигимни айтдим. Шу сабабли жамоага янги мураббий келгунга қадар, бошқа клубга йўл олдим".
Бундан кўриниб турибдики, "Манчестер Юнайтед" аллақачон ўзининг олдингидек жозибадорлигини йўқотган.
ИСМАТОВ Ж.