9 август куни «Рома» футболчиси сифатида кенг оммага таништирилган Жоржиньо Вейналдум Римда мукаммал ярим ҳимоячи қиёфасига киришдан умидвор.
Нидерландиялик футболчи «Тригория»да журналистлари билан суҳбатда АПЛ ва Лига 1даги фаолиятдан кейин «А» серияга катта мақсадларни кўзлаган ҳолда юзланганини айтиб, «бўрилар» сафида идеал ўйин кўрсатишга ваъда берди.
- Жоржиньо, ҳозир ўзингизни қандай ҳис қиляпсиз? Ҳар ҳолда, аввалги мавсум талаб даражасида ўйин амалиётга эга бўлмадингиз, боз устига, ўртоқлик учрашувларида ҳам етарлича қатнашмадингиз. Умуман, «А» серия стартига нечоғли тайёрсиз?
- Ҳа, тўғри таъкидладингиз, мавсумолди йиғини мен учун бошқача бўлди, ҳар доим фаол ишлашга ўрганган эдим. Лекин нолимайман - «ПСЖ»нинг умумий гуруҳида шуғулланиб, ўзимни имкон қадар ҳозирлашга ҳаракат қилдим. Шунингдек, машғулотлардан ташқари, физиотерапевтлар билан ҳам алоҳида, индивидуал равишда иш олиб бордик. Руҳий тайёргарлик масаласида муаммо йўқ, фақат жисмонан тикланиш қандайдигини аниқлаш қолди. Табиийки, бу борада якуний хулосани мураббий чиқаради.
- Юрген Клопп вақтида сизни келажаги мукаммал марказий ярим ҳимоячи сифатида мақтаганди. Бунга нима дейсиз?
- Ўзи мукаммал ярим ҳимоячи қандай бўлади? Бу борада муайян критериялар борми? Айтиш қийин. Ўйлашимча, «Ливерпул»да жамоа ўйин услубига мос тушганман, Клопп шунга мувофиқ, мукаммаллик ҳақида гапиргандир. Лекин унутмаслик керак, бошқа клубларда қийинчилик сезилади. Ахир ўзгача услуб, ўзгача футбол... Шундай экан, мукаммал ярим ҳимоячи сифати нисбий, бу борада ҳар ким ўз фикрига эга. Тўғри, Юрген Клоппдек мураббийдан шундай таъриф эшитиш жуда ёқимли. Яна нима дердим, «Рома» учун ҳам мукаммал ярим ҳимоячи бўлишдан умидворман, бу йўлда бор кучимни сарфлашим тайин.
- «Рома» бош директорининг айтишича, «бўрилар» сафини тўлдириш ишқида ёнибсиз, гўё. Қизиқ, асосий сабаб нима? «А» серия савия бўйича бошқа лигалардан пастроқ эмасми?
- Биринчи навбатда, клуб мени ўз томонига оғдириш учун жиддий ҳаракат қилди ва бу танловимда катта роль ўйнади. Бундан ташқари, Муҳаммад Салоҳ ва Кевин Стротман билан ҳам «Рома», ҳам Рим ҳақида гаплашдим. Улардан фақат яхши таъриф эшитдим. Яна Ашраф Ҳакимидан ҳам маслаҳат сўрадим, гарчи у «Интер»да ўйнаган бўлса-да. Ашраф дарҳол қатъий оҳангда таъкидлади: «Ажойиб клуб ва шундай шаҳар. У ерда бахтиёрликни сезасан, албатта». Умуман, «Рома»ни олдиндан қисман билардим, дейлик, «Ливерпуль» сафида бу клубга қарши икки марта ўйнаганмиз. Ўшандаёқ «Олимпико»даги муҳит «Энфилд»никидан қолишмаслигига ишонч ҳосил қилганман. Қисқаси, «Рома»нинг беқиёс муҳитда ажойиб мухлислар кўз ўнгида ўйнашидан хабардорман. Лекин менга энг катта таъсир кўрсатган жиҳат - бу клубнинг жаноб Пинто ва мураббий орқали шартнома тузиш учун қанча куч сарфлагани. Илк учрашувдаёқ мени «Рома» либосида кўришни чин юракдан хоҳлашаётгани ва бу ерда қадрланишимни яққол ҳис қилдим. Натижада бир тўхтамга келишда айтарли иккиланганим йўқ. «А» серия савиясига келсак, лиганинг бошқалардан бир қадам орқа ёки олдинда эканлигини айтишим қийин. Ахир бу ерда ўйнаб кўрмаганман. Ҳозиргача бир қатор лигалар билан танишдим ва фикримча, улар орасида энг рақобатбардоши - АПЛ.
- «Рома»га қўл келадиган энг қимматли фазилатингизни айта оласизми? Ўз навбатида, клуб сизга қандай ёрдам бериши мумкин?
- Биринчи навбатда, яхши ижрочиларга эга жамоа сафига қўшилдим. Юқорида мукаммал ярим ҳимоячи бўлиш-бўлмаслик айнан жамоага боғлиқлигини таъкидладим. Ўйлайманки, «Рома» қандай ўйнашни хоҳласа, ҳам ҳужумга ўтиш, ҳам ҳимояланишга қодир ярим ҳимоячилар гуруҳини шакллантирса, жамоага талаб даражасида ёрдам бера оламан. Ҳар ҳолда, ўйинчилик сифатларим эвазига ҳам ҳужум, ҳам ҳимояга муносиб ҳисса қўшишим мумкин. Зеро, ҳужум бошлашни ёқтираман, орқада ишлашга ҳам мойилман. Фақат жароҳатлар панд бермаса, бас. Шунда етарли миқдорда ўйинларда қатнашиб, жамоа муваффақиятига ҳисса қўшиш имкониятим ошади.
- Мундиал туфайли жорий мавсум ўзгача ўтади. Мураббий билан бўлажак жаҳон чемпионатига қандай ҳозирланиш ҳақида гаплашиб олдингизми?
- Мавсумни яхши бошлаш жуда муҳим. Лекин ундан-да муҳими - тобора яхши спорт формасига кириб бориш. Албатта, тақвим зич, мавсум давомида турли мураккабликлар юзага келади - ўйинларда ғалаба қозонасиз, ютқазасиз, суст ҳаракатланасиз, жароҳатланасиз, услубни ўзгартиришга эҳтиёж сезилади. Мавсум ўртасида мундиалга навбат берилиши ҳам барчасини янада қийинлаштиради. Менимча, барқарор натижа қайд этиш ва жамоа сифатида ривожланиш учун икки ҳисса кўп ишлаш талаб этилади. Лекин бу имконсиз эмас. Хуллас, яхши бошлаш ва имкон қадар тезроқ мослашиш муҳимдир. Моуриньо менга юборган биринчи хабарида Римда ўйнашга интилганим учун миннатдорчилик изҳор этди. Кейин юзма-юз ўтириб, футбол ҳақида атрофлича гаплашдик. Жозенинг қандай мураббий эканлиги унинг турли рекордларидан маълум. Моуриньонинг футболдаги ишлари, қўлга киритган совринлари ва бошқарган клублари... Буни бирдан ақлга сиғдириш мушкул. Менимча, ҳар қандай футболчи шундай мутахассис билан ишлашни хоҳлайди. У билан гаплашганимдан сўнг чиндан ҳам, «Рома» сафига қўшилишни хоҳлаётганимни теран англадим, тўғри, бунга қадар ҳам қандайдир шубҳам йўқ эди.
- «Олимпико»даги қабул маросими қандай таассурот қолдирди? Клубдаги илк кунлардан етарлича завқ олдингизми?
- Муҳитга гап йўқ, ҳақиқатан ўзгача маросим. Барчаси худди шундай тасаввур қилгандим, чунки бу ерда «Ливерпуль» билан ЧЛ баҳсида майдонга тушганман. Ҳаттоки, бундай эътибордан бироз хижолат тортасиз, лекин мухлисларнинг сиз учун шундай қабул уюштиришлари ўта ёқимли ва ҳайратланарли, албатта. Энди бунга муносиб жавоб қайтариш керак.
М.ПЎЛАТОВ тайёрлади